Тошкентлик фаол вояга етмаган ўғлига тазйиқ ўтказилаётганидан хавотирда

Image caption Григорьеванинг ўғли айтишича, у уч кун давомида болалар учун махфий бир қамоқҳонада ўтирган ва у ерда 50 га яқин болаларни кўрган.

Бугун Тошкентдан олинган хабарга кўра, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лариса Григорьева ўзи ва ўғлига ҳануз тазйиқлар ўтказилаётганидан хавотир билдирган.

Лариса Григорьеванинг сўзларига кўра, унинг вояга етмаган ўғли январда уйдан ғойиб бўлиб, уч кундан сунг уйига қайтиб келишга мувафақ бўлган.

Ўғлининг айтишича, у уч кун давомида Қўйлиқдаги "Панелний"да болалар учун махфий бир қамоқхонада ўтирган ва у ерда 50га яқин болаларни кўрган.

Шундан сўнг Лариса Григорьева милицияга бир неча бор шикоят қилиб, аризалар ёзгач, ўғлини ўғирликда айблашган.

Алъянс фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, баҳорда икки марта бўлиб ўтган маҳкама жараёнларида АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари элчихоналаридан дипломатлар иштирок этганлар.

Маҳкама жарёнида ҳакам вояга етмаган болани айбдор деб топган, шу билан бирга ўша заҳотиёқ унга амнистия қўллаб, озод этишга қарор берган.

Лариса Григорьеванинг айтишича, у махфий қамоқхонада қолиб кетган бошқа болаларнинг тақдиридан ҳам хавотирда.

Биз Лидия Григорьевадан нимага адвокатлар хизматига мурожаат қилмагансизлар, деб сўрадик. Унинг айтиши бўйича, улар адвокатларга ҳам мурожаат қилишган. Лекин бу иш ўта нозик масала бўлганини сезиб, кўплари воз кечишган. Сўнгра Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси ўзининг жамоат ҳимоячилари ва кузатувчиларини тайинлаган.

Би-би-си бу хабарни Ҳуқуқ тартибот органларидан аниқлаштириш учун Тошкент шаҳар ички ишлар бўлими, Бектемир, Учтепа ва Ҳамза туман ИИБларига қўнғироқ қилди.

Тошкент шаҳар ИИБнинг ўзини 38-оператор деб таништирган ходими бундай ноқонуний қамоқхона борлиги ҳақида маълумотга эга эмаслиги, лекин албатта буни текшириб кўришларини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Лариса Григорьевадан рухсат олиб, унинг ўн олти ёшли ўғли Григорий билан тилга олинган қамоқхона борасида сухбатлашди.

Григорий: Биринчи куни мени ўша қамоқхонага олиб келишганида, мени танҳо камерага ўтқизишди. Кейин уришди, қорнимга ва буйракларимга урган одамлар, онамга қарши "у хорижий жосус ва у ақлидан озган" дея хат ёзишни талаб қилишди. Бу каби калтаклашлар икки кун давом этди. Полга йиқитиб, оёқлари билан тепишди. Баданим ёмон оғриди, мен оғриққа чидолмай бақирдим, қорнимга ураётганларида нафас ололмай қолдим.

Би-би-си: Сиз айтган қамоқхонада нималарга гувоҳ бўлгансиз, ёш болаларни қаерда кўрдингиз?

Григорий: Мени биринчи куни уриб бўлганларидан сўнг, бошқа жойга ўтказишди. Қарасам у ерда ёш болалар жуда кўп эди. Спортзалдек катта бетон хонанинг томи шифер билан ёпилган ва ойналарда панжара бор эди. Ўтириш учун жой йўқ, ҳамма болалар деворга суяниб чўккалаб ўтиришган. Даҳшат совуқ бўлганидан улар бир бирининг пинжига кириб ўтирганлар. Иккинчи куни яна олиб чиқишди, олдимга икки юз доллар қўйишди. Айтишдики, онанг ва Елена Урлаеванинг "томи кетган" деб ёзсанг, бу пулларни сенга берамиз деб. Мен рози бўлмадим, кейин яна уришни бошлашди ва жуда қаттиқ уришди бу гал.

Би-би-си: Сиз ўтирган камерада бошқа болалар ҳам бор эди дедингиз. Улар ўз аҳволи борасида нималарни айтишди сизга?

Григорий: Мен бир 12 яшар бола билан танишиб олдим. Унинг гапига кўра, милиция ходимлари унинг онасини машинада уриб кетишган. У эса бутун воқеани ўз кўзи билан кўрган экан. Унинг қариндоши тергов бошланганида болани бу ерга яшириб қўйган экан, менга шундай қилиб гапириб берган. У ерда 10 ёшдан тортиб то 15 ёшгача бўлган болалар ўтирган.

Би-би-си: Улар сизга нима сабабдан у ерга тушганларини гапиришганми? Балки безори, кўчада қолиб кетган бўлишлари мумкин?

Григорий: Мен улар билан кўп мулоқотда бўлмадим. Кўп гаплашмаганмиз. Лекин афтидан улар безори ёки кўча болалари бўлганини мен сезмадим. Уларнинг хулқ атворидан, одатларию гапларидан оиласи бўлган болаларни кўриш мумкин эди. Яъни, уларни ота оналари борлиги сезиларди. Бир хиллари бир йилдан буён ўтиришган. Улар менга сабабларини айтишмаган, ҳаттоки исмларини айтиб чақириш мумкин бўлмаган. Биз фақат лақаблардан фойдаланиб бир биримизга мурожаат қилганмиз. Менинг лақабим "малла"бўлган.

Би-би-си: Сиз у ердан қандай қилиб қочиб кетгансиз?

Григорий: Учинчи кун қалин қор ёғди. Болалардан катталарини танлаб ҳовлини қордан тозалашга юборишди. Орқа томонда мен ҳожатхонани кўрдим. Бироз туриб, мен хожатхонага кирдим, қарасам, деворда кичик бир тешикка кўзим тушди. Мен бошқа икки болани чақириб, бошқа ҳеч кимга айтманглар, хозир биз қочишга харакат қиламиз деб тайинладим. Биз ҳожат хонада йиғилиб, ҳар биримиз девор оша қочишга улгуришимиз керак деб айтдим. Биз бир биримизнинг елкамизда турдик, мен курткамни панжарага осдим. Панжарадан электр токи ўтказилган эди Мен девордан ошиб бўлганимдан сўнг, иккинчи ошнамга қўлимни чўздим, у ҳам шу тарзда ва унинг шериги ҳам бошқа томонга ўтишга мувафақ бўлишди. Кейин биз маҳалла кўчаларидан югуриб кетдик. Югуриб кетаётганимизда шлагбаум ёнида милиция ходимларини кўрдик, биз уларни бизни тутиш учун чиқишган деб ўйлаб, бошқа томон қочишга қарор қилдик. Кейин биз тарқалдик, мен эса автобус хайдовчисига пулим йўқлигини тушунтириб, уйимга етиб келдим.

Би-би-си: Хозир эса сиз бир шахсий уйда онангиз билан бошпана топгансиз. Сиз ўзингизга хавф- хатар борлигига ишонасизми?

Григорий: Ҳа ишонаман. Мен кўчага чиқишим билан, орқамдан одамлар юради, бир куни кимдир орқамдан югуриб, "агар сизлар тинч бўлмасанглар, биз сизларни тинчлантириб қўямиз" деб таҳдид қилган. Кейин ёлғиз қўчага чиқсам, ҳамиша милиция ҳодимлари олдимда пайдо бўлиб қолишади. Лекин мана бир ойдан ўқишим бошланиши керак, мен коллежга ўқишга кирганман, коллежимга бемалол бориб келавераман деган умидим бор.