Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек маҳбуслари борасидаги қонун нимани ўзгартиради?

Ўзбекистондаги қонунчиликни ёритиб борувчи норма.уз вебсаҳифасининг хабар беришича, Ички ишлар вазирлиги жазони ўташ жойларида маҳбуслар учун янги тартиб қоидаларни маълум қилган.

Ушбу янги қоидаларда маҳбуслар учун яқинлари томонидан юборилиши мумкин бўлган ашёлар оғирлигига чеклов олиб ташланиши, оила аъзолари томонидан келиб кўришлар енгиллаштирилганлиги, қаҳва, шоколад, чой кабиларни харид қилиш имкони яратилиши айтилади.

Маҳбуслар ўзлари билан энди 50 килограмдан ортиқ шахсий жиҳозларини сақлашлари мумкин.

Шу билан бирга, маҳбуснинг яқинлари унинг соғлиги ёки интизомий жавобгарликка тортилгани ҳақида ёзма ё-да оғзаки маълумот олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Янги қонунчилик, шунингдек, тутқунларга қамоқхонада никоҳдан ўтиш ёки ажрашишга изн беради. Бироқ, қамоқхонадаги никоҳ маросимига таклиф қилинадиган меҳмонлар сони иккитага чекланган.

Маҳбусларга видео, аудио ва фото ёзиб ола олмайдиган мобил телефонларидан фойдаланишга ҳам рухсат берилади.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароитлар, ҳамда тутқунлар юз тутадиган қийноқлар ва таҳқирлашлар халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан мунтазам равишда танқидга учраб келади.

Жазо ўташ жойларидаги шароитларни кузатиб борувчи Қизил Ҳоч Халқаро Қўмитаси жорий йил апрелида ўзбек ҳукумати қўяётган тўсиқлардан норози бўлиб, Ўзбекистонни тарк этган.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ҳаётни ўз бошидан кечирган ва бугунда Парижда яшаётган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўтабар Тожибоеванинг айтишича, маҳбуснинг аҳволи ёки унга қарши чиқарилган интизомий чоралар борасидаги ҳужжатларнинг маҳбус ёки яқинларига бериш мажбурияти аввалги қонунчиликда ҳам мавжуд бўлган, бироқ буни ҳуқуқ органлари бузиб келганлар.

Тожибоева хоним қамоқда ўтказган қарийб 3 йил давомида 10дан ортиқ ҳолда интизомий жазога тортилган, лекин бу чоралар сабабларини изоҳлайдиган ҳужжатлар унга берилмаган.

У ўз соғлиғи ва бошидан ўтказган жарроҳлик амалиёти борасида ҳам тиббий ҳужжат ола олмай келганини айтади.