Гулнора Каримова яна сайловлар мавзусига қайтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи yves forestier getty images
Image caption "Серқирра истеъдод" соҳибаси

Ўзбекистоннинг аксарият кузатувчилар нигоҳида диктатор раҳбари Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова яна президентлик сайлови ҳақидаги нозик, аммо “қитиғи бор” мавзуга қайтди.

Сўнгги пайтда асосан ўзининг “серқирра истеъдоди” ва ярим – яланғоч суратлари билан машҳурлашиб бораётган Гулнора бу гал аввалига ўзининг Twitterдаги фолловерлари сони билан мақтанган.

Гулнора Каримованинг муштарийлари ( фолловерлари) сони бугун 35 мингдан ортиб кетган.

Хуллас, ана шундай фолловерлардан бири унга шартли равишда келаси президентлик сайловида номзодини кўрсатса овоз беришини айтади.

Алишер Ибрагимов номли муштарий “ агар сиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам тартиб ўрнатсангиз, мен сизга овоз бераман” деб ёзади.

Гулнора ўзини “гўлликка” солади ва “Сайлов кампанияси бошланиб кетдими қаердадир? Илтимос, менга ҳам хабар қилиб туринг! Сиз тартиб деганда қанақа моделни тасаввур қилаяпсиз?” – деб ёзади.

Гулнора Каримова бир кун келиб отасининг ўрнига ўтиради деган қарашдагилар ҳам оз эмас.

"Дардимни... Twitterga айтаман!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Интилиш

Сўнгги пайтлар айримлар Гулнора Каримованинг ижтимоий тармоқлардаги ҳисобларига турфа муаммолари билан мурожаат қилган ҳолатлари кузатилди.

Аксарият мурожаатлар табиати ижтимоий – иқтисодий табиатга эга бўлиб, баъзида Гулнора Каримова ўзининг қанчалар “чарчаб қолаётгани” ҳақида арзу ҳолларини ҳам тўкиб солди.

Ўзбекистонда ишланган машиналар нархига тўхталиб, Каримова хоним, бу нархларни “ нореал” деб атади.

Фарғонадаги ёш рассомлар ҳам ўз ижод уйларини сақлаб қолиш илинжида Гулнора Каримовага арз қилишди.

Ёши қирқдан ҳатлаган Гулнора Каримова нафақат Ўзбекистонда, балки мамлакат ташқарисида ҳам турфа ва асосан салбий табиатга эга бўлган сабаблар ила танилиб бормоқда.

Халқаро ёзишмаларда “ ўзбеклар энг нафратланадиган ягона шахс” ўлароқ таърифланган Гулнора Каримова мамлакатнинг энг бадавлат шахсларидан биридир.

Сўнгги пайтлар Ғарб матбуоти Гулнора Каримовани ҳалол бўлмаган бизнесга аралашуви ҳақида бот-бот ёзмоқда.

БМТдаги лавозимидан айрилар экан, Гулнора Каримова бу лавозимга жуда ҳам зор эмасман қабилида фикр билдирган эди.

Twitterдаги ёзишмаларида Гулнора Каримова аввалроқ ўзбекистонлик қўшиқчиларнинг “пўстагини” қоқиб қўйганди.

Гулноранинг ярим пўписа, ярим даккиларига нишон бўлганлар қаторида бир пайтлар ўзининг яқин дўсти деб кўрилган Райҳон ва Сардор Раҳимхонлар бор эди.