Олимжон Тўхтаохунов: "Пахтакор-79" ни эсласам, қайғуга ботаман

Image caption Олимжон Тўхтаохунов "Пахтакор" дублида ўйнаган

Тошкентда Ўзбекистонннинг афсонавий футбол жамоаси, 1979 йилда авиаҳалокатга учраган "Пахтакор-79" жамоаси хотирасига ёдгорлик ўрнатилган.

11 август куни Боткин қабристонида ўтган маросимда футбол мухлислари ва расмийлар иштирок этишган.

Пахтакорнинг бутун собиқ Иттифоққа танилган ўйинчилари 1979 йил августида Днепродержинск осмонида содир бўлган авиҳалокат натижасида ҳаётдан кўз юмган эдилар.

Россиялик таниқли меценат, ғарб матбуотида кўпинча "жиноий авторитет" ва "Тайванчик" номи билан тилга олинадиган Россия Футбол Жамғармаси Президенти Олимжон Тўхтаохунов "Пахтакор- 79 жамоаси"ни яқиндан таниган ва ўзи ҳам "Пахтакор" дублида ўйнаган.

У Би-би-сига хотиралари ҳақида гапириб берди.

Олимжон Тўхтаохунов: Эсласам, қайғуга ботаман. Болалар увол бўлишди. Мен уларнинг кўпчилиги, кўпчилиги эмас, ҳаммасини шахсан танир эдим. Биз ҳаммамиз "Пахтакор"нинг мактабидан чиққанмиз. Мен авиаҳалокат ҳақида ўша дақиқадаёқ эшитганман. Менга дўстларим, футболчилар дарров хабар беришган. Мен учрашувда эдим. Жуда яхши эслайман. Аввалига нима бўлганини тушунолмадим. Чунки фоижани бирдан англаб етмаган эдим. Буни англаш қийин эди. Орадан бироз ўтиб, нима бўлганини тўлиқ англаб етган пайтим, бирдан йиғлаб юбордим. Асабим қаттиқ бузилди. Ҳали-ҳали эсимда.

Би-би-си: "Пахтакор"чиларнинг ўлими бутун Ўзбекистон учун мотам бўлган. Собиқ Иттифоқнинг бошқа жумҳуриятларида бу фожиага муносабат қандай бўлган эди?

Олимжон Тўхтаохунов: Ҳамма қайғуда эди. Ва мен сизга айтаман, ҳозиргача одамлар куюниб эслашади. Бу, нима десам экан, худди бир пайтлар "Манчестер Юнайтед" жамоаси ўйинчилари халокатга учрагандай бир гап. Фожианинг миқёси бундан кам эмасди. Фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа жойларда ҳам таниқли жамоаларнинг тақдири ҳақида гап кетганда, "Пахтакор" албатта эсланади. Тўғри, ҳозир бошқа замонлар. "Пахтакор"чиларнинг кўпгина яқинлари ҳам оламдан ўтиб кетишди. Аммо эслаш керак. Матбуотда, тадбирларда бу санани албатта эслатиб туриш керак.

Би-би-си: Бугунги ўзбек футболи ҳақида нима дея оласиз?.

Олимжон Тўхтаохунов: Ўзбек футболи ҳақида нима ҳам дейишим мумкин. Собиқ Совет Иттифоқининг бошқа давлатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам футбол ривожланаяпти. Албатта кимдир кўпроқ, кимдир камроқ муваффақият қозонаётган бўлиши мумкин. Бу давлатларнинг кўпчилигига солиштирадиган бўлсак, Ўзбекистон футбол кўпроқ ривожланган давлат ҳисобланади. Албатта, Ўзбекистон унчалик катта бўлмагани учун, мамлакат биринчилиги у қадар кучли жамоалар ўртасида кечмайди. Орада шундай бир вақт бўлди, Ўзбекистонга юлдуз мураббийлар, ўйинчиларни таклиф қилишди. Рональдо, Это'О ва бошқалар. Мастер класслар уюштирилди. Менимча, бу тўғри қадамлар эди. Футбол ҳам давлатларга ўхшаб ривожланади. Давлат ривожланиш босқичида экан, футбол ҳам шунга яраша бўлади.