Ўзбекистонда тест синови натижалари эълон қилинди

Image caption Бу йилги тест синовлари нисбатан адолатли ўтгани айтилмоқда

Ўзбекистонда олийгоҳларга кириш тест синовларининг жавоблари чиққан.

Одатдагидан кечроқ чиққан жавобларни мобил телефони орқали CМС юбориш ёки давлат тест марказининг сайтига кириб текшириш мумкин.

Бу йилги тестларнинг ҳар йилгидан кўра қаттиқроқ назорат остида ўтгани ва ҳар йили кенг миқёсда тарқалиб кетадиган шпаргалкалардан жавоблар тушмагани айтилмоқда.

Би-би-си билан гаплашган абитуриентлар тайёгарлик кўрганлар, қийинчилик билан бўлса ҳам, талаба бўлганлигини айтмоқда.

Адолати синовлар

Жиззахлик Ҳумоюн бугун талаба бўлди. У 72 балл тўплаб, шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.

"Контракт Худо хоҳласа. 72 балл тўпладим. Лотереяга чиқди десам ҳам бўлади", - дейди Ҳумоюн.

Ҳумоюн олийгоҳга кириш учун репетитор олиб тайёларгани йўқ, фақат она тили ва адабиёт фанидан ўзи уйида мустақил тайёрланган, математикадан эса ҳеч қандай билимга эга бўлмасдан техника соҳасидаги ўқишга кирди.

Ўтган йили у топширган факултетга шартнома асосида ўтиш бали 90 дан юқори бўлган, бу йил эса 70 дан юқорироқ бўлди.

Рақобат энг катта бўлган Тошкент давлат юридик университитетига ҳам кириш баллари паст бўлган.

Шартнома асосида ўқиш учун 168 балл ва давлат бюджетида ўқиш учун 199 балл тўплаш талаб этилган.

Балларнинг бу йил паст бўлишини кузатувчилар тест синовларининг адолатли ўтгани билан изоҳламоқда.

Абитуриент Шавкат тайёргарлик кўрмасдан педагогика соҳасига имтиҳон топширган.

Аммо ўқишга киролмади.

Шавкат назорат қаттиқ бўлса ҳам тест синовларига шпаргалка олиб киришнинг уддасидан чиққан.

Аммо шпаргалкадан бу йил бирорта ҳам савол тушмаган.

"Бориб ўша ерда қаерларни текшираётганини кўриб турдик. Ҳаттоки камарларни ечиб ичларини ҳам текшираётган экан. Битта кўйлакнинг ёқасини текширмади. Ўша ерга тиқиб олиб кириб кетдик ," – дейди Шавкат.

Биз билан гаплашган абитуриентларнинг деярли ҳаммаси бу йилги саволлар шпаргалкадан тушмаганини билдиришди.

Назорат қаттиқ бўлса-да, қўл телефонларини олиб киришнинг уддасидан чиққанлар бўлган.

Кимдир пайпоқ остига солиб олиб кирган, яна кимдир 200 талик бир даста пулнинг ўртасини ўйиб телефонни солиб кирган.

Микрофонга гапришни истамаган суҳбатдошимиз, қариндоши мобил телефони олиб кириб саволларга жавобни телефон орқали олганини ва натижада олийгоҳга бюджет асосида кириб кетганини айтади.

Унинг айтишича телефонни олиб кираётганда назоратчилар билан гаплашилган ва уларга индамаслиги учун пул берилган.

Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам тест синовларининг буткул адолатли ўтмаганидан дарак беради.

Шпаргалка усуллари

Кузатувчилар бу йил ҳам ўқишга кириш учун йирик-йирик ўйинлар бўлагинини таъкидлашади.

Фақат бундан ҳар йилгидек оддий фуқаро фойдалана олмаган.

"Ўйинлар бу йил ҳам бўлди. "Бункер", "калла", "паровоз" каби усулларнинг ҳаммаси ҳар йилгидек ишлади.Фақат битта ўзгариш бу шпаргалканинг халқ қўлига тарқаб кетмаганидир. Кейин назоратчилар бегоналарни қаттиқроқ текширишди, пулини олган танишларни эса кўрмаганликка олишди. Мана шуларнинг эвазига бу йил баллар кўтарилиб кетмади. Гўёки шу билан адолатни таъминлаган бўлишди. Аммо керакли абитуриентлар керакли соққасини бериб талаба бўлишди", - дейди исмини ошкор қилишни хоҳламаган суҳбатдош.

"Х вариант" деб номланувчи шпаргалка лотерея сингари бир йил чиқиб келаси йил чиқмай қолиши айтилади.

Нима сабадан бундай бўлиши номаълум, аммо турли фаразлар мавжуд.

Айтишларича, тест синовларидаги энг ишончли ва абитуриентнинг ўқишга кириши кафолатлангани бу "бункер" усулидир.

Энг нуфузли, катта мансабдор ёки бадавлат шахслар ёки улар томонидан ишонч билдирилган инсонларгина бу хизматдан фойдалании мумкин.

Табиийки, хизмат ҳақи ҳам шунга яраша катта бўлади.

Гаплашилган абитуриент эл қатори тест синовига келади.

Унинг саволлар китоби алоҳида тайинланган домлалар ва олдиндан келишилган хавфсизлик ходимлари томонидан бункерга етказилади.

Жавоблар тайёр бўлгач, абитуриентга берилади. У тайёр калитни жавоблар варағига кўчириб беради холос.

Гувоҳларга кўра, Тошкент ахборот технологиялари, Тошкент давлат юридик, Тошкент давлат иқтисодиёт, Тошкент давлат техника, Тошкент давлат педагогика,Тошкент давлат аграр, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Ўзбекистон миллий университетлари, Тошкент молия ва Тошкент автомобил ва йўллар институтлари, Тошкент тиббиёт академиясида ташкил этилган "бункер"лар фаолиятини бевосита таълим муассасаси ректорлари, шунингдек, хавфсизлик ходимлари назорат қилади.

Олий таълим тизими Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади.

Олийгоҳ ректорларидан тортиб, юқори лавозимли амалдорларгача ушбу соҳани йирик даромад манбаи ва ўзига хос бизнесга айлантириб олгани айтилади.

Тест синовларининг адолатли ўтиши ва назоратнинг қаттиқроқ бўлиши айтилса-да, тизимнинг коррупция ботқоғига ботиши ортидан ушбу ваъдалар ҳар йили қоғозда қолиб кетади.