Ўзбекистон фуқароси Бангкокда қотилликда айбланмоқда

Image caption Қотилликда айбланаётган фуқаронинг Бангкокда нима иш билан шуғуллангани ҳозирча номаълум.

Бангкок полицияси жума куни кечқурун 23 ёшли ўзбек фуқаросини қотилликда гумон билан қўлга олган.

Гумонланувчи бир неча соатлик сўроқдан сўнг айбига иқрор бўлиб, ўзи билан яшаб келган ўзбекистонлик аёлни қандай ўлдирганини гапириб берган.

Қотилликда айбланаётган бу киши марҳума ўзини ҳақорат қилгани, лекин уни ўлдириш ниятида бўлмагани, ўзаро жанжалдан сўнг аёл зинапоядан йиқилиб кетиб, олган жароҳати туфайли вафот этганини айтган.

Бангок полицияси бошлиғи Анучай Лекбамрангнинг айтишича, гумондор қиморхоналардан бирида ҳибсга олинган.

Бундан олдин пойтахт полицияси пайшанба куни Phra Khanong каналидан катта қора чемодан топиб олади.

Сумка очилганда ичидан елим халтага солинган аёлнинг жасади чиқади.

Жасаднинг 24 ёшли аёлга тегишлилиги, шунингдек унинг кўз, бурни ва томоғи латта билан ўраб ташлангани, сочлари тўкилганига гувоҳ бўлинади.

Полициянинг айтишича, марҳум бундан бир ҳафта олдин вафот этган.

Ўлдирилган аёлнинг шахсини аниқлаш асносида, унинг қотилининг изига тушилади.

Ўзбекистонликнинг тан олишича, у билан яшаб келган аёл ўзига қарз берган. Пул устидан келиб чиққан жанжал натижасида аёл ўзини ҳақорат қилгач, унга қўл кўтарган.

Аёлни ўлдириб қўйгач, жасаддан қутулиш учун уни эртаси куни сумкага жойлаб, такси орқали каналга олиб бориб ташлаганини сўзлаб берган.

Полиция бу ишга аралашган такси ҳайдовчисини ҳам топиб, сўроқ қилаётгани хабар қилинади.