Ўзбекистонликлар ҳаётидан қанчалар мамнун?

  • 18 Август 2013
Image caption Сўровга жавоб берганлар Ислом Каримовни "муаммоларни муваффақиятли ҳал этишнинг кафили" деб ҳисоблашини билдиргани айтилади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги арафасида "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази аҳоли ўртасида сўровнома ўтказганини маълум қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, хусусан интернет нашрлари хабар беради.

Айтилишича, сўровномада мамлакатнинг барча ҳудудларидан, аҳолининг турли ижтимой қатлами вакиллари иштирок этишган.

Сўровнома натижаларига кўра, жавоб берганларнинг 90 фоизи Ўзбекистон фуқароси эканлигидан фахрланади.

Улар "мустақиллик йилларида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ёрқин натижаларга эришилди", "мамлакатда барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган", деб ҳисоблар экан.

Шунингдек, сўралганлар Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг мустаҳкам асослари яратилгани, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва бошқа ислоҳотлар бўляпти, деб билади.

Яна айтилишича, аҳолининг катта қисми Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитларини таъминлаб бера олувчи давлат борлигидан, аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланганидан хурсанд.

Сўров натижаларида аҳоли Ўзбекистонда бизнес яхши йўлга қўйилганидан, таълим сифати ошганидан мамнун экан.

Жавоб берганлар шунингдек, мамлакат Президенти Ислом Каримовни "Ўзбекистондаги барқарорлик ва мустақилликни мустаҳкамлаш, давлат олдида турган муаммоларни муваффақиятли ҳал этишнинг кафили" деб ҳисоблашини билдиргани айтилади.

Би-би-си бу фикрлар асосида қисқа сўров ўтказишни маъқул кўриб, Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги баъзи фуқаролар билан боғланди.

Суҳбатдошимизнинг биринчиси тошкентлик, олий ўқув юртларидан бирида ишлайди. Унинг айтишича, Ўзбекистон фуқароси бўлганидан фахрланади. Ўзбекистонда ҳаммма ёқ тинч, маориф соҳаси ривожланмоқда. Талаба бўлишга иштиёқмандлар кўпаймоқда.

Куни кеча Миллий Университет талабаси бўлган қизга кўра, ҳозир у жуда ҳам хурсанд. Лекин Ўзбекистон фуқароси бўлганидан унча ҳам фахрланмайди. "Агар менинг қўлимда бўлса, маориф тизимини тўлиқ қайта тузган бўлардим. Учинчи йил деганда ўқишга кирдим. Кўз олдимда нечта киши кўчириб имтиҳон топширган. Ҳар йили ўқий-ўқий ниҳоят контрактга илиндим. Мен чет элларда бўлган ўқишга кириш тартибини Ўзбекистонда кўришни хоҳлайман",- дейди у.

Сурхондарёлик фуқаро шундай дейди: "Энди фахрланишни ҳам билмайман, фахрланмасликни ҳам. Бир томондан олганда Ўзбекистон тинч, бошқа жойларда уруш бўлиб ётибди. Мана Мисрда масалан. Лекин ҳозир менда имкон бўлганда чиқиб кетардим бошқа жойга. Билмадим, 90 фоиз қайси одамлар фахрланар экан? Масалан мен билган ҳамма одамлар ҳаёт тарзидан нолийди. Бир кунлик пулингизга рўзғорга уни олсангиз буниси етмайди. Одамлар кунлик ҳаёт учун яшаб ётибди".

Қамашилик кишининг айтишича, 2004 йилдан буён шу пайтгача бири-икки бўлмай келган. "Уйланган бўсам ҳам уй-жой қилолмадим, ижараларда яшаб юрдик. Қарзга ботиб кетдик. Икки йил бўлди Россияга бордим. Йиғиб-териб бир илож қилиб икки хонали уй олдим. Россия кунимга яради. Энди шуни ҳам кўп кўришяпти. Ўзи қилиб беролмайди, чиққани ҳам қўймайди. Ҳозир паспортимни қилишга келувдим. Паспортни қийин қилиб ташлади. Яқинда олдим, лекин унда русча ёзилмагани учун Россияга бориш муаммо бўлади дейишяпти. Ҳозир топганимни еб бўлдик. Нима қилишни билмайман. Россиядан ҳам одамларни ҳайдаяпти дейди, билмадим кейин қаерга борамиз?", - деб айтади у.

Тошкентлик уй бекаси билан суҳбатлашамиз. "Ўзбек бўлганимдан хурсандман албатта. Лекин давлат ўз фуқароларига қийин қилиб ташлади. Маҳалладан кам таъминланган оилаларга бериладиган пуллар, ёрдам пуллари қисқартириб ташланди. Бир хиллар ўша пул ҳисобига ҳам яшаб юрувди. Нима эмиш, ёлғондан ҳужжат қилиб давлатнинг пулини еб юрган экан одамлар. Балки кимдир бордир шунақа, лекин бунинг азобини камбағаллар тортиши керак эмаску. Текширса ким тўқ, ким шу пулга муҳтожлиги билинадику".

Қаршида маҳаллалардан бирида ишловчи аёлга кўра, итдай ишлайди, лекин ҳеч нарсага етқазолмай гаранг. "Икки болани боқай деб ким-кимларнинг ишини қилиб бераман, лекин томоққа етса, бошга етмайди, бошга етса оёққа".

Яна бир суҳбатдошимиз ўқитувчи. У Ўзбекистон фуқароси эканлигидан ғурурланади. "Ўзбекчилик, мусулмончилик қайтиб келди. Ҳозир китоб ўқияпман "Саодат асри" деган. Шунақа адабиётларни аввал бемалол ўқий олмасдик. Ҳозир ўзлигимизга қайтяпмиз".

Асли самарқандлик, ҳозир бола-чақасини олиб хорижга чиқишга мажбур бўлган аёл шундай дейди: "Қанақасига диний эркинлик, сўз эркинлиги бор экан Ўзбекистонда? Болаларим рўмол ўрагани учун мактабда иккинчи сорт деб қаралди. Эрим намоз ўқигани учун қамалди, инвалидга айланди. Ёлғиз аёл бошим билан маҳаллама-маҳалла кўчиб юрдим. Биргина намоз ўқиганимиз, динни ўрганганимиз учун сиғдиришмади. Биз Ўзбекистонда ҳеч кимга хавф туғдирганимиз йўқ эди. Шундай қилишдики, чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Ҳозир ҳам шароитим яхши эмас. Болаларни боқиш осон эмас, лекин эркинмиз шуниси муҳим".

Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирида жазо муддатини ўтаётган кишининг аёли Ўзбекистонда диний эркинлик йўқ, деб билади. Ўзини бахтиёр ҳисоблай олмаслигини айтади. Турмуш ўртоғи савдо ходими бўлган, намоз ўқиб, масжидларга чиқиб юргани учун қамоққа олинган. "Уйдаги машинамизни сотиб, пул берсак кам муддат берилишини ваъда қилгани учун судга, прокурору, ҳимоячига бердик. Амнистияга чиқиб келади деб, беш йилга кесишди. Мана беш йил ҳам ўтди, бу йилги амнистия олди яна қўшиб беришди. Мен ҳозир умуман ишонмайман бу ҳукуматга. Ҳамаси алдоқчи, порахўр эканини ишим тушгач яхшироқ билдим".

Тошкентдан журналист: "Албатта ўзбеклар ўз туғилиб ўсган жойидан ажралиши қийин. Лекин бу ҳозир Ўзбекистон билан фахрланиш туйғуси дегани эмас. Сўз эркинлиги фақат сўзда. Қоғозда ёзилмаган қонунлар бор. Журналистлар ҳам билишади ким ҳақида ёзиш керак, нима ҳақида айтиш керак. Шу чегарадан чиқмасангиз сиз яхши, тинч ишлайсиз. Сал чегарадан чиқа бошласангиз дарров сергак тортишади. Бир пайтлар жасоратли бўлган журналистлар ҳам тинчини ўйлайдиган бўлиб қолишган. Ишқилиб ҳамма бир-бирини алдаб яшаб юрибди. Лекин ўзаро суҳбатларда гаплашамиз. Албатта ким борлигига қараб ёнингизда".

Кейинги суҳбатдошимизга кўра, "15 августда ойлик ошди, нархлар ундан аввал ошиб бўлди. Топган пулим тўловдан ортмайди. Тўловни тўлайми, болаларимга едирайми? Свет 112 сўм эди 130 сўму қанчадир бўлди. Газнинг бир куби 123 эди 150 сўм бўлди. Мен счётчик билан тўлайман. Одам бошига тўлайдиганлар газ учун 6000 минг сўм тўлаши керак. Берадиган пули билан нарх тўғри келмайди. Умуман яшаш қийин бўлиб қолди. Шу тинчликни айтмаганда. Лекин одамларнинг сабри ҳам чексизмаску", дейди у.

"Ижтимоий марказ"нинг сўрови ҳақида хабар берган интернет нашрларидан фақат "Олам.уз"сайтида ўқувчиларнинг изоҳларига ўрин берилган.

"Torrero": Ҳар йили бир хил гап.

Аноним: Болалар, назаримда мен Ўзбекистонда эмасманов...

Яна бир Аноним: Жудаям қизиқ, ҳар доим улар кимдан сўрашаяпти??? Ва қаерда ўтказилади? Кўчада ҳеч ҳам менга учрашмайдида.

Ahru: Ҳатто изоҳ қолдириш даҳшатли. Йўқ, йўқ, ёзмайман.

Аноним: нимага ҳар доим менсиз ўтқазишади-а?

Аноним: Халойиқ ким шу сўровда қатнашган бўлса жавоб беринглар...

Аноним: Вой, кулавериб ўлиб қоламан ҳозир...

Аноним: Ҳааа...