Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Умида Аҳмедова: "Россиядаги ўзбеклар орасидаги меҳр-оқибат қани?"

  • 19 Август 2013

Халқаро кўргазмалари билан яхши танилган тошкентлик фотограф Умида Аҳмедова Москвада полиция зобити томонидан тўхтатилгани ва ҳужжатлари кўрсатилиши талаб қилинганидан хафа бўлганини билдирган.

Умида Аҳмедованинг Москва полициячисига "Қанчалар меҳмондўстсизлар, мана ниҳоят мени сезиб қолдинглар", деган сўзларига полициячи жиддий тарзда "Сизни шу пайтгача сезмаган бўлсак, демак яхши ишламаётган эканмиз", дея жавоб қайтарган.

Аҳмедова хоним 2009 йилда Ўзбекистондаги қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи суратлари ва аёллар ва эркаклар орасидаги нотенглик акс этган видеофильми учун маҳкама томонидан ўзбек халқини ва қадриятларини ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, жаримага тортилганди. У халқаро саҳнада қатор мукофотлар совриндори.

Сураткаш Россияда таълим олган ва Россиядаги маданий тадбирларга тез-тез таклиф қилинади.

Image caption Умида Аҳмедова асл ўзбек анъаналарини жаҳонга танитган сураткашдир

"Манга таъсир қилди. Мен дарров ўзимизнинг ўзбекларни ўйладим. Кўпчилиги рус тилини билмайди, ҳужжатларини вақтида тўғирлай олмайди, ёки ҳужжатлари жойида бўлса ҳам, лўнда-лўнда гапира олмайди. Дарров ўшалар ҳаёлимга келиб кетди", - дейди Аҳмедова хоним.

Охирги бир неча ҳафта давомида Россияда меҳнат муҳожирларига ов кучайган. Қурилиш ва бозорлар, ширкатлар ва турар жойларга рейдлар ўтказилиб, муҳожирлар полиция бўлимларига олиб кетилаяпти.

Бу каби ов нафақат полиция, балки миллатчиларнинг махсус гуруҳлари тузган "Русская зачистка" (Русча тозалаш) акцияси доирасида амалга оширилмоқда. Меҳнат муҳожирларининг турар жойларига ҳужумлар уюштирилиб, мол-мулки талон-тарож қилинмоқда.

Аҳмедова хонимнинг айтишича, бу овлар давом этар экан, Россиядаги ўзбек юртдошлари орасида бир-бирига бўлган меҳр-оқибат йўқлиги аён бўлаяпти.

"(Муҳожирлар учун ажратилган лагерга қарши) пикетда ўзбекларни ҳимоя қилиш учун бир татар кампир чиқибди, "ман Тожикистонда яшаганман, буларни ҳўр қилаётгани менга ёқмайди" деб. Қани бизнинг зиёлилар, шу ерда яхши кун кўраётган зиёлилар? Менга тегмаса бўлди, деб иш қилишади", - дейди у.