'Афғонистондан бир контейнерни Термиздан олиб чиқиш 30000 Еврога тушади'

Image caption Покистондаги ҳужумлар НАТОни шимолга кўз тикишга ундаган.

Россия билан Афғонистондаги халқаро кучлар коалицияси Россиянинг Уляновск шаҳридаги транзит маркази бўйича келишолмаганлар.

Бу ҳақда Москвада нашр қилинадиган "Коммерсантъ" рўзномаси хабар қилган.

Рўзноманинг НАТО ва россиялик мулозимлар орасидаги манбаларига таяниб хабар тарқатишича, НАТО кучлари Россия ҳудудидан фойдаланиш ўрнига Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ёки Покистон ҳудудини афзал топган.

2014 йилда Афғонистонда жойлашган хорижий қўшинлар, уларга тегишли техника ва жиҳозларни олиб чиқиш мўлжалланган.

2012 йили Россия ва халқаро кучлар коалицияси қўшинлар ва техникани олиб чиқишда Россиянинг Уляновск шаҳридаги аэропортдан фойдаланишга келишганлар.

Режа бўйича ҳарбийлар ва техника ортилган учоқлар Афғонистондан Уляновск шаҳрига парвоз қилиши, кейин эса темир йўл орқали бу юклар Болтиқ денгизи соҳилидаги бандаргоҳларга етказилиши ва ватанларига етказилиши мўлжалланган.

Ғарб мамлакатларига тегишли юкларни ташиш вазифаси Россия ширкатларига юкланадиган бўлган.

"Коммерсантъ"нинг НАТОнинг бош қароргоҳидаги манбасига кўра, Россиядаги ширкатлар ўзларининг хизматлари учун ҳаддан ташқари баланд ҳақ сўраганлар.

Рўзномага Россия ҳукумат доираларидаги манбанинг айтишича эса Уляновскдаги "Восточний" олиб ўтиш марказидан НАТОдагилар фойдаланмасликка қарор қилганининг сабаби жўн: алянсдагилар Москвага қарам бўлиб қолишдан чўчишган.

"Коммерсантъ" ёзишича, Москвадагилар Афғонистондаги халқаро кучлар 100 мингдан ортиқ контейнер ва 60 минг транспорт воситасини олиб чиқадилар деб мўлжаллашган.

Айтилишича, Россия томони Афғонистондан юкларни олиб чиқиш билан фақат россияликлар шуғулланади деган талабни қўйган.

"Улар эса нархларни шунчалик кўтариб юборишдики, Хавфсизликка кўмаклашиш Халқаро кучлари иштирокчи-мамлакатларидан бирортаси ҳам бу йўналишни жозибали деб топмади", деган "Коммерсантъ"нинг НАТОдаги манбаси.

Бу йўналиш билан қизиқиб кўрган дипломатик манба ҳисоб-китобига кўра, ўзининг мамлакати учун бир контейнерни Уляновск орқали Афғонистондан қайтариб олиш келиш 50000 Еврога тушади.

Бу манбага кўра, бир контейнерни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри орқали чиқариб олиб келиш 30000 Еврони ташкил этиши мумкин.

2012 йил декабрида Британия ҳукумати синов тариқасида ўнлаб контейнерларини Афғонистонга Уляновск орқали олиб борган ва қайтариб олиб келган.

Британ томони бу синовни муваффақиятли деб топган.

Бу мавзуда батафсилроқ