"Ўзнефтмаҳсулот" бензин тақчиллиги ҳақида ваҳима қилмасликни сўради

Image caption "Ўзнефтмаҳсулот" га кўра, бензин тақчиллиги ва нарх ошиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиз.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва вилоятларда бензин тақчиллиги кузатилгани, ёнилғи қуйиш шоҳобчаларида узун навбатлар аҳолининг норозилигига сабаб бўлгани айтилган эди.

Ўзбекистондаги интернет нашрларига кўра, "Ўзнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик ширкати пойтахт ва вилоятларда бензин тақчиллиги ва нарх ошиши ҳақида тарқалган миш-мишлар асосга эга эмаслигини билдирган.

Ширкат расмийлари айтишича, кейинги икки кунда интернетда берилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

"Ўтган ҳафтада Ўзбекистоннинг бир қанча ёнилғи қуйиш шоҳобчаларида юзага келган вазият ўрганилмоқда ва зарур чоралар кўрилмоқда", дейилади ширкат мурожаатида.

"Ўзнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик ширкати бош директори ўринбосари Зафар Тешабоевнинг UZ24 веб-сайтига маълум қилишича, бензин нархи одамлар ваҳима қилаётганидек оширилмайди.

"20-22 август кунлар ичида бензин билан боғлиқ вазият барқарорлашади",- деб айтган у.

"Ўзбекнефтегаз"га кўра, 2013 йил августида нефтни қайта ишлаш заводларига белгиланганидан кам миқдорда углеводород хом ашёси етказилган ва бу бензин ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келган.

Шунингдек, Бухоро станциясида бензин ортилган вагонлар тўхтаб қолиши, Ангрен станцияси кўп сонли вагонларни қабул қилиш ва жўнатишга улгурилмаганлиги ушбу вазиятга таъсир қилган сабаб сифатида келтирилади.

"Ўзнефтмаҳсулот" мулозимига биноан, "Ўзбекистон темир йуллари" билан ҳамкорликда вагонларни белгиланган муддатда манзилларга етказиш бўйича иш олиб бориляпти.

Шу билан бирга Туркманистондан бензин сотиб олиш бўйича қўшимча шартнома имзолангани айтилмоқда.

Айни пайтда Би-би-си билан боғланган қашқадарёлик ва тошкентлик фуқаролар бензин билан боғлиқ аҳвол ўзгармаганини айтишмоқда.

Қаршилик киши вазиятни одамларнинг ўзи янада қийинлаштираётгани, ҳайдовчилар бензин бакларига қўшимча бензинларни олиб кетаётганидан норози бўлиб гапирди.

Таҳлилчилар ёзишича, 2012 йилда Ўзбекистонда нефт қазиб олиш аҳолининг талаби 4,4 млн тонна бўлиб турган пайтда 3,17 миллион тоннагача пасайгани ҳам бензин тақчиллигига олиб келган.

"Ҳозирча нархлар ошмайди, аммо бундан кейин ҳам ошмайди, деб бўлмайди".

Бундан олдин "Ўзбекнефтгаз" ширкат матбуот котиби Тамара Абидова Би-би-си билан суҳбатда бензин нархининг ошиши борасида ҳозирча ҳеч қандай кўрсатма йўқлигини билдирганди.

"Бу бир тахмин холос. Ҳозирча расмий кўрсатма йўқ ва нарх ошишини тасдиқлай олмаймиз", дейди Тамара Абидова.

Ширкат масъулининг билдиришича, бензин нархи бозор талаблари асосида келиб чиқишини ва хом ашё таннархи билан боғлиқ. "Ҳозирча нархлар ошмайди, аммо бундан кейин ҳам ошмайди, деб бўлмайди".

Бензин нархининг бутун Ўзбекистон бўйлаб қарийб 51 фоиз ошиши ҳақида Тошкентда чоп этиладиган "Экономическое обозрение" журнали нашри блогида ёзилди.

"Вилоятларда давлат нархидаги бензинни "сиқиб чиқариш" ва унинг ўрнига "тижорий бензин" кириб келаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. АИ-80 маркали тижорий бензиннинг нархи 2500 сўмни ташкил қилади ва айни дамда ўрнатилган нархдан 51,5 фоиз қиммат", - дейилади хабарда.

Муаллиф бу нархда бензинни ҳозирча истисно бўлган Тошкентда кўрмаганини ёзаркан, агар ушбу ҳолат тасдиқланса, бу иқтисодга қаттиқ таъсир қилиши мумкинлиги савол остига олинади.

Бу мавзуда батафсилроқ