UzWebistan: Ўзбек муҳожирлари Қозоғистонга йўл олади

Қозоғистон меҳнат муҳожирларига ишлаш учун рухсатни енгиллаштирмоқчи

Қозоғистон меҳнат муҳожирларига ишлаш учун кенгроқ имкон бериш мақсадида бу режани амалга оширмоқчи, деб айтган Муҳожирлик департаменти раиси Серик Саинов "Tengrinews"га.

"Мамлакатдаги меҳнат муҳожирларининг Марказий Осиёдан келган катта қисми ноқонунийдир. Муҳожирлик қонунларининг мураккаблигидан кўп муҳожирлар рўйхатдан ўтмай ишлаб, пул топишни маъқул кўради. Қонун лойиҳаси бу муаммони ҳал қилиш учун тайёрланди. Таъмирлаш, қурилиш ишлари, болалар учун энагалар ва бошқа маиший ишларда меҳнат қилмоқчи бўлганларга қонуний рухсатнома беришни ҳал қилади. Миграция департаменти қонун лойиҳаси Қозоғистонда муҳожирлар яшашини қонунийлаштириш ва уларни назорат қилишни яхшилашига умид қилмоқда",- дейди Саинов.

2013 йилнинг олти ойи мобайнида Қозоғистонга МДҲ давлатларидан келган 391 минг фуқаро рўйхатга олинган.

Муҳожирларнинг 242 минги Ўзбекистон, 69 минги Россия, 43 минги Қирғизистон фуқароларидир.

Шу билан бир қаторда янги қонун лойиҳаси қозоғистонликларда турли фикрларни уйғотмоқда.

"Қозоғистон муҳожирлик қонунини соддалаштириш эмас, мураккаблаштириши керак. Биз қачонки келадиган "меҳмонлар"га тўлиқ ишонсаккина бу йўлни тутишимиз мумкин", деб ҳисоблайди "Ижтимоий ҳамкорлик маркази"раҳбари Нурлан Еримбетов.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Бухоро яҳудийлари делегациясини қабул қилган

Podrobno.uz сайтига кўра, Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов Борис Қандов бошчилигидаги АҚШ ва Канададаги бухоро яҳудийлари Конгресси аъзолари билан учрашган.

Мулоқот давомида маданий соҳада ҳамкорлик масалалари истиқболлари ўртоқлашилган.

Бухоро яҳудийлари Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллик байрам тадбирида, шунингдек Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 9-"Шарқ тароналари" мусиқий фестивалида қатнашиш учун келишган.

Россия тикучарлари такомиллаштирилади

Ўзбекистон Россиянинг Ми-8, Ми-24 тикучарларини замонавийлаштиришни режалаштирмоқда, деб хабар беради UzDaily.uz.

Ўзгаришлар натижасида тунги кўриш тизимлари ўрнатилиши айтилади.

Икки давлат ўртасида 2009 йил имзоланган соҳага талуқли техник хизмат ва таъмирлаш бўйича келишувга асосан УзРосАвиа қўшма корхонаси ҳамкорлик қилади.

Сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш керак

Тожикистоннинг Азия-Плюс интернет нашрига кўра, Душанбеда бўлиб ўтган сув масалалари бўйича халқаро анжуманда Ўзбек делегацияси раиси Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазир ўринбосари Шавкат Ҳамроев "ҳеч бир томон атроф муҳитга ёки хоҳланмаган давлатга зиён етказишга ҳаққи йўқ. Ҳар бир давлат ҳуқуқига кўра сув заҳираларидан оқилона, адолатли фойдаланиши лозим ", деб айтган.

Айни пайтда Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов "Нурек ГЭСисиз Туркманистон ва Ўзбекистон бу йил ҳосилсиз қолишар эди", деган.

Тожикистон мулозими шунингдек, Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСидан норози бўлаётган давлат раҳбарларини ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик қилишга таклиф этган.