UzWebiston: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати янги амалиётлар ваъда қилади

Image caption Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан сўнг ЎИҲ сафлари анча тарқоқлашган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати янги мурожаат эълон қилган.

"Биз сизнинг дуоларингизга муҳтожмиз", деб бошланган ушбу мурожаатга кўра, Афғонистоннинг Бадахшонида толиблар томонидан жанг қилаётгани ва Покистондаги марказий ҳукуматга қарши курашда ЎИҲининг аҳамияти ҳақида сўз боради.

ЎИҲи сайти таъкидлашича, ҳаракат айни пайтда Покистон Толибони ва ҳукумат ўртасидаги курашга кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Шу йил баҳорда ЎИҲ ичида ўзгаришлар бўлиб, Покистон ҳудудидаги жанглар учун махсус гуруҳ тузишга киришилган.

Бироқ ҳаракатнинг қанча аъзоси борлигини айтиш қийин. Маълумотларга кўра, бир неча юз киши қолган деб ишонилади.

Исломий ҳаракат шунингдек, Муҳаммад Пайғамбарнинг Дания, Франция, Олмонияда карикатура қилинган суратлари чиқиши ва пастор Терри Жонсоннинг Қуръонни ёқишга уринишларига қарши ғазабини билдирган.

Мурожаатда "Ташқари давлатларда ҳам озми-кўпми Аллоҳ таъоло қодир қилганча иш олиб бормоқдамиз. Шу кунларда бир қанча мужоҳидларимиз яна олис сангарларга жўнатилмоқдалар. Барча жабҳаларда жиҳод қилаётган мужоҳидларимиз тез кунларда сизу бизга яна каттадан-катта амалиётлар ўтказишларини ваъда беряптилар", дейилади.

Image caption Хитой Ўзбекистондаги яқин келажакдаги вазиятни кузатиб иш кўришни маъқул билади.

Хитой Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини нега тўхтатмоқчи?

ХХР Ташқи Ишлар вазири Жи Вэйнинг билдиришича, 2015 йилга бориб Хитой Ўзбекистонга инвестиция киритишни тўхтатади.

Бу давлат даражасидаги молиялаштиришда амалга оширилади.

Хитой расмийси тижорий ширкатлар Ўзбекистонда ўз фаолиятларини давом эттираверишларини айтади.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой шу тариқа мамлакатда ўз иқтисодини ушлаб туришни маъқул кўрмоқда.

Иқтисодий масалалардан ташқари Хитой учун ҳамкор мамлакатлар билан сиёсий вазият ҳам муҳим.

Ўзбекистонда баъзи конституциявий ўзгаришлар қилиниб, 2015 йилда президентлик сайловлари белгилангани сабабли Хитой бу борада вазият кўпроқ ойдинлашишини кутаяпти.

Таҳлилчиларга биноан, Хитой инвестицияларининг тўхтатилиши биринчи бўлиб Қамчиқ довони орқали ўтадиган темир йўл қурилишига таъсир қилади.

Бу лойиҳа Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан боғлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг Шўролар даврида қурилган Тожикистон орқали ўтадиган темир йўл қисмидан фойдаланишдан воз кечиш қарори барча юк ташиш хизматларининг нархига таъсир қилган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи учун нефт ва суюлтирилган газ аввал Ангренга, сўнгра автомагистрал йўли орқали Наманганнинг Попига етказилади. Яна шу тариқа ортга қайтади.

Бунинг оқибатида республикада бензин тақчиллиги кучайган. "Ўзбекнефтегаз" га кўра, Ангрен станцияси катта миқдордаги вагонларни қабул қилиш ва жўнатишга қурби етмаяпти.

"Ўзметроном"нинг ёзишича, кузда Ислом Каримов ва Жин Пиннинг учрашувидан сўнг вазият ўзгаришига умид қилинмоқда. Балки Си Жин Пиннинг Ўзбекистонга сафаридан кейин Хитойнинг Ўзбекистонга молиявий муносабати ўзгариши мумкин.