Ўзбекистон Олий ўқув юртларида шартнома тўловлари ошди

  • 24 Август 2013
Image caption Талаб бўлганларнинг эндиги ташвиши шартнома пулини вақтида тўлаш.

Ниҳоят бир неча ойлик ҳаяжону ташвишлар билан кутилган кириш имтиҳонлари ўтиб, натижалари аниқлангач, талаба бўлганлар энди шартнома пулларини қандай тўлаш ўйи билан банд.

Аниқроғи, ёшларнинг ота-оналари боласини шартнома билан қандай қилиб ўқитиш ташвишида қолган.

Хабарларга кўра, янги ўқув йили учун Республика олий таълим масканларида талабани ўқитиш шартнома нархлари ўзгарган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта маъсус таълим вазирлиги томонидан 2013 йил 30 июл куни тасдиқланган ўзгартиришга кўра, тўлов пуллари оширилган.

2013-2014 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йуналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қиймати 4 миллиондан 6 миллионгача қилиб белгиланган.

Жумладан, Педагогика, Қишлоқ хўжалиги, Спорт, Муҳандислик каби соҳаларда ўқувчилар учун энг кам шартнома нархи 4 миллион 600 минг сўмга етган.

Шарқ филологияси, Журналистика, Ахборот технологиялари, Санъат, Архитектура ва Иқтисод соҳаларига тегишли йўналишлар учун 5-5,5 миллион сўм керак бўлади.

Соғлиқни сақлаш, Халқаро муносабатлар йўналишлари учун энг юқори 6 млн 500 минг тўлашлари лозим.

Image caption Шартнома пулини ўз вақтида тўлолмаганлар ҳадемай бошланадиган пахта теримидан қутулиб қолишади.

Айни пайтда фарзанди ўқишга киргани ёки шартномага бўлса ҳам "илиниб олгани"дан хурсанд ота-оналар тўлов нархидан шикоят қилишдан кўра, борига барака қилиб тўлов пулини йиғиш билан овора.

Баъзиларнинг айтишича, одамлар нақд пул йўқлигидан турли чоралар билан муаммоcини ҳал қилиш йўлини кўришга мажбур бўлмоқда.

Тошкент Давлат Шарқшунослик институтига шартнома асосида қабул қилинган талабанинг онаси олдинроқ шу пулни топиш учун "югуриб юргани"ни айтганди.

"Ўғлим ҳарбий хизматдан сўнг ўқишга кирди. Ўтган йил ҳам шартнома бўйича кирганди, ўқитолмагандим. Бу йил қарийб 1 миллион ошибди. Энди иложим йўқ ўқитишим керак. Банклар орқали таълим кредити берилар экан. Мен энди билдим. Ҳозир шуни ҳал қилиш учун юрибман",- деганди у.

Маълум вақтдан кейин у билан гаплашганимизда, муаммолари ҳал бўлмагани, 12 фоизлик таълим кредити учун машина гаровга қўйилиши кераклиги, бунга эса имкони йўқлигини айтди.

Қаршилик тадбиркорнинг билдиришича, солиқ идораси билан шартномаси бўлган ташкилотда ишловчилар ойлигини ўқиш жойига тўлиқ ўтказиш билан бу муаммони ҳал қилишяпти.

Бундан ташқари Ўзбекистонда пластик карточкалар кенг қўлланилиб, нақд пул танқис бўлган пайтда фоиз билан пул берувчилар хизматидан фойдаланувчилар кўпайган.

Шундай "тадбиркорлар"га иши тушган суҳбатдошимизга кўра, пластик карточкадаги 1 миллион сўмни 15-20 фоизга пул қилиб берадиганлар мавсумда яхши пул ишлаб олишяпти.

Шунингдек, айни дамда вилоятларда фермерлар билан норасмий шартнома тузиш усуллари нақд пули бор одамлар тижоратида яхши тарқалгани айтилади.

Тошкентлик банк ходимаси "ҳозир турли жамғармалар орқали ҳам ўқув юртлари тўловини ўтказиш мумкин",- дейди.

Лекин таниш-билишсиз иши битмаслигини сезган кўпчилик бунга кўп ҳам ҳаракат қилмайди ёки бундай имкониятлар борлигидан бехабар қолади.

Бу мавзуда батафсилроқ