Ўзбекистонлик гўзаллик танловининг сирли ғолибаси қандай ғалаба қозонган?

  • 24 Август 2013
Image caption Раҳима Ғаниеванинг кимлиги, конкурс учун қайси беллашувдан танлаб олингани муҳокама қилинмоқда.

Индонезияда ўтадиган Жаҳон гўзали-2013 конкурсида ўзбек қизи Раҳима Ғаниеванинг қатнашаётгани ҳақида хабар Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари орасида ҳамон муҳокамада.

Жумладан, "Мезон.уз" сайти бу борада журналистик тадқиқот ўтказиб, жаҳонга Ўзбекистонни тақдим этадиган Раҳима Ғаниева ким ўзи, қаерда яшайди, нима иш қилади?- деган саволни беради.

Мақолада ёзилишича, мухбирлар жаҳон гўзали бўлишга даъвогар Раҳима Ғаниева билан боғланишга уринолмаганлар.

"Биз у билан дастлаб Facebookда гаплашишга уриндик, лекин ҳеч қандай жавоб ололмадик. Кейин биз Тошкентдаги барча Модел агентликларига қўнғироқ қилиб чиқдик. Шуниси, ажабланарлики, улардан ҳеч бири нафақат Раҳима Ғаниевани балки Жаҳон гўзали-2013 конкурси ўтаётганини ҳам билмади".

"Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Жаҳон гўзали сифатида ўз мамлакатини дунёга кўрсатадиган номзод қандай, қайси беллашувда танлаб олинган?" дейди Мезон.уз.

Қизиқувчан мухбирлар шундан сўнг Раҳима Ғаниева ўзини "Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети талабаси" дея таништирган видеолавҳасига биноан, ушбу ўқув юрти деканига мурожаат қилишади.

Деканнинг сўзларига кўра, Раҳима Ғаниева ўқишга энди кирмаган бўлса, у ҳақда олдин эшитмаган.

Youtubeга жойлаштирилган видеолавҳа 15 август санасини кўрсатади. Унда Раҳима Ғаниева ўзининг бу йил университетга киргани ва қизиқишлари ҳақида гапириб, Ўзбекистон номидан гўзаллик конкурсида қатнашаётганидан бахтиёрлигини айтади.

"Қандай қилиб тест натижалари 16 августда эълон қилинган бўлса, Раҳима ўзининг талаба бўлганини олдиндан била қолди?", - дейди мухбир яна.

Интернет фойдаланувчилар ҳам Ўзбекистон гўзалининг келиб чиқишига қизиқиб кўрадилар.

Ўз навбатида президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова Твиттерда бу ҳақда фикр билдирмай ўтмайди.

Унинг "Қандай қилиб 50 даражали иссиқда миллий конкурс бўлиб ўтиши мумкин ва Англия ёки борингки Россия учун "маҳаллий"бўлган тожик қиёфалик қиз пайдо бўлиб қолгани қизиқ?"- деган истеҳзосига бошқалар ҳам фикр билдиришади.

Фарида исмли фойдаланувчи "Балки у қирғизистонлик ўзбекдир?", деб савол ташлайди.

Баъзи интернет фойдаланувчилар Раҳима Ғаниеванинг гўзаллигини шубҳа остига олишади.

Нодира: "Мен албатта гўзалликка баҳо берадиган профессионал эмасману, лекин бизда бу конкурсда қатнашишга арзийдиган жуда гўзал қизлар бор. Журналистлар яхшилаб текшириб, бу воқеанинг тагига етсалар зўр бўларди. Кўринмас конкурснинг "ташкилотчилари"фош қилинса, кейинги сафар бу комедия ўйналмасди".

Дилянинг:"Албатта қиз хушбичим, лекин гўзал деганда менда бошқача тасаввурлар бор", деган фикрига

Файзулла: "Бошқа томондан ҳамма ўзбек қизлар ҳам конкурс шартларига кўнмасликлари мумкин", дея жавоб қайтаради.

"Johndoe":"Кейинги пайтларда Россия каналларида гўзаллик танловларига бориш пулга сотилишини кўрсатишяпти. Бу ерда ҳам шундай бўлган бўлиши мумкин..."

Олдинроқ гўзаллик конкурслари қизғин муҳокама қилинган, баъзи фойдаланувчилар уни "аксил исломий" деб таърифлаган эди.

"Ўзбекистонда фақат битта "Малика"бор эмасми? Ёки Гулнора (Каримова) чиқинди қуттига ташландими аллақачон? Лекин мен Раҳима Ғаниева учун! Омадлар янги маликага!" деб ёзади Алик.

"Қандай? Ташкилотчилар қаерга қарашяпти? Бу Гулнора Каримова бошқалардан чиройлироқ эмаслигига имо қилишми?"- дейди "6км".

"Java" тилак билдиради: "Тўғри келади, келмайди, қўйинглар, Ўзбекистонни намоён қилаётган экан уни қувватлайлик. Балки унинг дастлабки қадами омадли келар!"

Яна бирининг гапи: "Болалар, у ватанга хизмат қилади, шундай эмасми? У орқали дунё бизни билади. Нимага баъзилар ўз юртдошининг ютуғидан бунчалик ҳасад қилишадия?"

Бу мавзуда батафсилроқ