Навальний ва жиноятчи муҳожирлар мавзуси муҳокамада

Image caption Навалний миллатчилик қарашларидан сайловларда ўзи учун фойдаланиб қолмоқчи, дейди баъзи кузатувчилар.

Август ойи бошида Москва шаҳар прокуратурасининг пойтахтда ҳар жиноятнинг иккинчиси муҳожирлар томонидан содир этилаяпти, деган маълумотига муносабат россияликлар орасида турлича бўлмоқда.

Муҳожирлар жиноятчилиги ошмоқда ва тобора оғирроқ тус олмоқда, деб айтган эди прокуратура.

"Новая газета" мухбири Елена Костюченко ўз блогида Алексей Навальныйнинг муҳожирлар ҳақидаги интервьюсига фикрини билдиради.

"Навалний Москвада жиноятларнинг 50 фоизини муҳожирлар содир этди деган гапи мени жаҳлимни чиқарди ва ғазаблантирди"- деб ёзади у.

"Эхо Москва"нинг муҳаррири Венедиктов билан суҳбатда Навальный "Жиноятларнинг ярмини меҳнат муҳожирлари содир этаётгани ҳақида прокуратура ва Собянин расман айтяпти. Унда уларга норозилик билдирайлик. Жиноялар айнан меҳнат муҳожирлари томонидан қилиняпти", деб таъкидлайди.

Блоггерга кўра, ўз номзодини шаҳар ҳокимлигига қўйган Навальный миллий мавзудан атайлаб, онгли равишда фойдаланяпти.

Прокуратура "40 фоиздан ортиқ жиноятлар Москва аҳолиси томонидан эмас, четдан келганлар томонидан содир этилган", деяпти. Москвада рўйхати бўлмаган одамлар, яъни Москва вилоятидан ҳам келган бўлиши мумкин улар. Ўтган йилги рақамларга солиштирганда ошкор бўлган жиноятларнинг 20 фоизи меҳнат муҳожирлари эмас, москвалик бўлмаганлар томонидан амалга оширилган.

"Навальный оғир жиноятлар деб нимани назарда тутмоқда?"- савол беради "Новая газета" мухбири Елена Костюченко.

"Навальныйнинг "Менда 2013 йил маълумотлари йўқ, лекин 2012 йилгиси бор. Мана Москва ИИБ бошлиғи Якунин Москва Дума олдида бу ҳақда ҳисоб берди", дегани ғалати".

Ёки Якуниннинг "Очилган жиноятларнинг 50 фоизи шаҳар аҳолиси томонидан содир этилмаган. Бундан 17 фоизи яқин ва узоқ хориж фуқароларига тўғри келади" каби гаплари меҳнат муҳожирларининг ярми жиноятчилигини англатмайди.

"Ўша прокурор Куденев эса Москвада меҳнат муҳожирларининг жиноятларга алоқаси 14, 89 фоиз деб келтиради. Ҳеч ҳам 50 фоиз эмас Навальный айтганидек", таъкидлайди блоггер.

Синчиклаб қаралса, жиноятларга сабаб бўладиган омил меҳнат муҳожирлари эмас, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш экани аниқ бўлади.

Навальный муҳожирларга ва уларнинг жиноятларига қарши курашни таклиф қилиб, Ўрта Осиё ва Кавказ орти давлатлари билан виза тизимини яратишни айтмоқда.

Шунчаки хаспўшлик учун фуқароси бўлмаганлар ҳақидаги маълумотлар кўз-кўз қилинмоқда.

Елена Костюченконинг ёзишича, "Навальный мавзуни озгина ўрганганда, меҳнат муҳожирлари ва россияликлар ўртасидаги жиноятни солиштиришда рақамларни чалкаштирмаган бўларди".

Хабарларга кўра, Москва вилояти ҳокимлигига номзод Андрей Воробевнинг ноқонуний муҳожирлар учун Егоревск туманида стационар жамлоқ қуриш бўйича референдум ўтказиш таклифи Москва ҳокимияти томонидан рад этилган.

Туман ҳокимлиги сайтида билдиришларича, бундай қарор аҳолининг розилигисиз қабул қилинмайди.

Жамлоқ тузиш сўровига 9000 кишидан фақат биттаси ҳа, деб жавоб берган.

Бу мавзуда батафсилроқ