Ўзбек ҳукуматининг собиқ вазири адолат истаб Интерполга мурожаат қилмоқчи

Image caption Олим Атаев нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида 36 йил меҳнат қилган

"Ўздонмаҳсулот" Давлат Акциядорлик Корпорациясининг собиқ раҳбари Олим Атаев уни халқаро қидирувдан олиб ташлашларини талаб қилиб, Интерполга мурожаат қилиш ниятида.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Олим Атаев, унинг қизи Надежда ва ўғли Қаҳрамонни 2000 йилда йирик миқдорда давлат мулкини ўмаришда айблаб, қидирувга берганди.

Олим Атаев 90 йиллар бошида бошлатилган "ғалла мустақиллиги" сиёсатини амалга оширишда етакчилик қилган шахслардан бири сифатида кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизматидан Сирожиддин Ислом Францияда сиёсий бошпана топган собиқ вазир билан учрашган.

2000 йилнинг апрел ойи бошида Ўзбекистон Бош прокуратураси кутилмаганда бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий журналистларни матбуот йиғинига тўплайди.

Бош прокурор ўринбосарларидан бири прокуратура биносига йиғилганларни ҳайратга солувчи баёнот беради.

У "Ўздонмаҳсулот" Давлат Акционерлик Корпорациясининг раиси Олим Атаев бир неча миллион доллар миқдоридаги давлат маблағини ўмариб, Ўзбекистондан қочиб кетганини эълон қилади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Прокуратура юқори мулозими баёнотидан бир неча кун муқаддам, аниқроғи, 2000 йилнинг 30 мартида Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг сайёр мажлиси бўлиб ўтганди.

Ўша пайтдаги Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Исмоил Жўрабеков бошчилигида ўтган мажлисда вилоят фаоллари баҳорги экин масалаларини муҳокама қилишади.

Йиғилганлар орасида кўпчиликка яхши таниш "Ўздонмаҳсулот" Давлат Акционерлик Корпорациясининг раиси Олим Атаев йўқ эди.

Жиззах вилояти ҳокимияти биноси ўнгида 52 ёшли Олим Атаевнинг хизмат машинаси турарди.

Мажлис бўлиб ўтаётган пайтда Ўрта Осиёнинг аҳоли сони бўйича энг йирик мамлакатини нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашга масъул корпорация раҳбари Қозоғистон томон йўл олганди.

Эрта тонгда Тошкентдан чиққан вазир Ўзбекистондан зудлик билан чиқиб кетишга мажбур бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Костюмини сотган вазир

Олим Атаев ўғли ва қизи билан 11 йилдан буён Париж яқинидаги Ле Манс шаҳарчасида яшайди.

Ҳозирга қадар матбуот орқали деярли чиқиш қилмаган.

"Бўлиб ўтган ҳодисалардан узоқ йиллар ўзимга кела олмадим," - дейди Олим Атаев.

Собиқ вазир 13 йил муқаддам ҳаётини, унинг ўзи айтмоқчи, "остин-устун" қилиб юборган кунни эслайди.

Олим Атаевнинг айтишича, Жиззахда экан унга "оиласига яқин" танишидан қўнғироқ бўлади.

Таниши уни Тошкентга кираверишда ҳибсга олишлари ҳақида огоҳлантиради.

"Бизнинг оиламизга яқин бўлган бир инсон телефон қилиб, вазиятнинг қийин бўлгани тўғрисида хабар етказди. Тошкентга кириш ДАН постларида мени кутишаётганлари тўғрисида хабар бергач, мен ҳаракатимни қилишга мажбур бўлдим,"- дейди Олим Атаев.

Собиқ вазир ушбу телефон қўнғироғидан сўнг ҳайдовчисига вилоятда қиладиган ишлари борлигини айтади ва ундан вилоят ҳокимияти ўнгида кутиб туришни сўрайди.

Ҳибсга олишларига кўзи етган Олим Атаев Сирдарё вилояти билан чегарадош Қозоғистон ҳудуди томон йўл олади, уни огоҳлантирган танишини хавф остига қўймаслик учун қўл телефонини кўмиб ташлайди.

"Қозоғистонга ўтган пайтим, чўнтагимда ўн минг ўзбек сўми ва вазирлик гувоҳномамдан бошқа ҳеч вақом йўқ эди. Чегарага энг яқин темир йўл станциясига боришим керак.... Шунда янги костюмимни сотишга мажбур бўлдим," – дейди Олим Атаев.

У дастлаб Қозоғистон, ортидан Украина ва Россияда яшириниб юрганини айтади.

Оренбург вилоятида бирининг қўлида ишлаб, "одам бўйидан паст ҳаммомда" ётиб юрганини хотирлайди.

Орадан икки йилу тўрт ой ўтиб, танишлари ёрдамида Францияга қадар етиб боради ва бу мамлакатдан сиёсий бошпана сўрайди.

Франция шимолидаги Ле Манс шаҳрида собиқ вазирни бу ерга бир неча ой муқаддам етиб келган фарзандлари қарши олишади.

Ўша кунга қадар улар оталарини ё ўлган ё-да Ўзбекистон қамоқхонасида деб ўйлашган.

Собиқ вазир ҳибсдан хорижга қочган куни айни таниши Атаевнинг қизи Надеждага телефон қилиб, отаси ҳибсга олингани ва, агар Ўзбекистондан тезда чиқиб кетмаса, уни ҳам ҳибсга олишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

"Укам, мен ва қизимни машинада Ле Манс шаҳри вокзалининг марказий кириш жойига олиб келишди. Бизга ҳамроҳлик қилаётган одам менинг елкамдан тутди ва "илтимос қичқирма," - деди. Кўнглим қаърида мен ўзимни ёмон хабарни эшитишга тайёрлаган эдим. Ҳамроҳимиз ортимдан вокзал томон аста итариб юборди. Вокзалда ҳеч ким йўқ эди. Залда ташлаган қадамим садолари, ўзимга эса юрагим дуккилаши эшитиларди. Зинадан кўтарила бошлаган пайтим, аввал залда ўтирган ёлғиз одамнинг оёғига кўзим тушди. Кейин... Кейин эса мен учун азиз ва таниш кўзларни кўрдим. Отамнинг сочлари оқариб кетган, аммо нигоҳи ўзгармаган эди. Кейин, менга зални бошимга қўйиб қичқирганимни айтишди," - деб хотирлайди Надежда Атаева.

Олим Атаев Францияда янги маданият ва тилни ўзлаштира бошлайди, Надежда Атаева эса "Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси"га асос солади.

Бу уюшма бугунга қадар Оврўпо давлатларида бошпана сўраган Марказий Осиёликларга ҳуқуқий ёрдам бериш баробарида халқаро ташкилотлар билан бирга Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш, қийноқлар ва аёлларнинг бичилишига қарши кампанияларни йўлга қўйган.

Олим Атаев Францияга етиб борган пайти Ўзбекистон ҳукумати у ва фарзандларини халқаро қидирувга берганди.

"Ҳақиқат уруғи"

Image caption Олим Атаев қизи Надежданинг ҳуқуқбонлик фаолиятидан фахрланиши айтади

Ўтган йил баҳорида Ўзбекистон телевидениеси "Тошкент" канали рус тилида "Зерно истины" ("Ҳақиқат уруғи") номли филмни намойиш этди.

Бу филмдаги "ёвуз қаҳрамон" 2000 йил баҳорига қадар "Ўздонмаҳсулот" Давлат Акционерлик Корпорациясига бошчилик қилган Олим Атаев эди.

Йигирма дақиқалик филм ким томонидан тайёрлангани маълум эмас, аммо унда Олим Атаев, қизи Недежда ва ўғли Қаҳрамон мансаб ваколатларини суистимол қилиш, фирибгарлик ва йирик миқдорда давлат мулкини ўмаришда айбланади.

Филмда даъво қилинишича, Олим Атаевга тегишли қўшма корхона 1999 йилда бозор нархи 13 миллион долларга баҳоланган 10 та нон чиқарувчи комбинатни 3,2 миллион долларга сотиб олган.

Филмда шунингдек Олим Атаевнинг ажратилган давлат фондини мақсадга мувофиқ равишда ишлатмагани таъкидланади.

Собиқ вазир қўйилган айбловларга "мутлақо алоқа"си йўқлигини айтади.

"Бу айбловларга мутлақо алоқам йўқ. Биринчидан, Давлат Мулк Қўмитаси қошида бўлган ҳамма давлат корхоналари ўзлари шартнома тузиб, ўзлари қўл қўйибган. Улар менга 5 миллион долларга сотилган деган 10 та корхонани президентимиз чиқарган қарорлар ва Давлат Мулк Қўмитаси тузган шартномалар асосида, Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасига тўғридан-тўғри сотганлар. Бунинг нархини эса Ўзбекистон Тендер Комиссиясининг раиси ва аъзолари 3,2 миллион долларга баҳолаган. Буларнинг бари шатноманинг ўзида ёзиб қўйилган," - дейди Олим Атаев.

Надежда Атаева эса филмнинг чиқишига таниқли уламо Обид қори Назаровга суиқасд ҳақида у берган баёнот сабаб эканига ишонади.

Филм эфирга узатилишидан бир неча кун олдин Надежа Атаева ўтган йил февралида Швеция шимолида таниқли ўзбек руҳонийсининг отилиб кетиши Ўзбекистон ҳукуматининг иши экани ҳақида баёнот берганди.

Баёнот халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ҳисоботларида ўрин олди.

"Бу филмга қадар МХХ назорати остидаги интернет нашриётларида кўплаб мақолалар чоп этилганди. Биз бу мақолаларга эътибор бермасдик ва жавоб бермасликка ҳаракат қилардик. Аммо бу филм, менинг Обидхон қори Назаровга суиқасд юзасидан берган баёнотимга жавоб эди, деб ишонаман. Бизнинг уюшмамиз бу суиқасд амали сиёсий характерга эга ва Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Химзати томонидан ташкиллаштирилган деб ҳисоблаймиз," - дейди Надежда Атаева.

13 йил ўтиб чиқарилган ҳукм

Ўтган ой Тошкент шаҳар маҳкамаси Олим Атаевни йирик миқдорда давлат мулкини ўғирлашда айблаб, сиртдан 9 йилга озодликдан маҳрум этди.

Унинг жиноий шериклари сифатида қизи Надежда ва ўғли Қаҳрамон Атаевга сиртдан 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Атаевларнинг Ўзбекистондаги барча мол-мулки мусодара этилди.

Маҳкама ҳукми Олим Атаевнинг 69 нафар собиқ ҳамкорлари берган кўрсатмаларга асосланган.

Олим Атаев маҳкама ҳукми 13 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати томонидан у ва фарзандларига қарши олиб борилган қоралаш ва ёмонотлиқ қилиш жараёнининг якуни эканини айтади.

Жаноб Атаевнинг ишонишича, унга қарши олиб борилган ҳаракатлар бошида Ўзбекистонга четдан ун ва қандолат маҳсулотлари келтириш ҳисобига "мўмай даромад кўраётган шахслар" турибди.

Олим Атаев раҳбарлик қилган 90-йилларда "Ўздонмаҳсулот" корпорацияси зиммасида мамлакат аҳолисини нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашни ташкил этиш вазифаси турган.

Собиқ вазир ўша йилларда корпорация Ўзбекистон бўйлаб 200 дан кўпроқ мини нонвойхоналарни ишга туширганини айтади.

Мамлакатда нон ва қандолат маҳсулотларининг 150дан ортиқ нави ишлаб чиқарила бошлаган.

"Бу республикага келаётган шакар ва қандолат маҳсулотларига анчагина тўсқин бўлиб қолаётган эди-да. Анчагина! Мен бу нарсаларни кейинчалик таҳлил қилиб, тушуниб етдим. Қилган пок, тоза меҳнатларимга ўзим ачинаман. Халққа керак маҳсулотлар етарли бўлсин, арзон бўлсин деган ҳамма ҳаракатларни узиб, ўчириб ташлаб, ҳозирги кунда қандолатни Россиядан, Украинада ёки бошқа давлатлардан олиб келишни ташкиллаштириб, ҳозирги кунда давом эттиришаяпти," - дейди Олим Отаев.

Интерполдан умид

2000 йилдан кейин Отаевлар оиласи Интерпол қидирувига берилган ва бир неча бор Франция ҳукуматидан уларнинг Ўзбекистонга топширилиши сўралган.

"Париждаги Интерпол миллий бюросидаги ҳамкорлардан олинган маълумотга кўра, бу фуқарони экстрадиция этиш бўйича Ўзбекистон талабига ҳозирча рад жавоби берилган," - дейди "Тошкент" телеканали намойиш этган филмда гапирган Интерполнинг Ўзбекистон бўлими ходими Азизхон Жаҳонов.

Атаевларга кўра, тўрт йил муқаддам Франция ҳукумати бу оилага нисбатан таъқибларни "ноқонуний" деб топиб, уларни Ўзбекистонга топширишдан қатъиян бош тортган.

Айни дамда Ўзбекистонда Атаевлар иши беркитилган.

Аммо собиқ вазир ва унинг фарзандлари Ўзбекистонда уларга нисбатан чиқарилган ҳукм "уйдирмалар"га асосланганини даъво қилиб, "келгуси кунларда" Интерполга мурожаат қилиш ниятида эканини маълум қилди.

Уларга кўра, маҳкама ишига оид барча материаллар ҳозирда инглиз тилига таржима қилинмоқда.