Россия: Липецкда ўзбеклар ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россияга бир йилда бир неча миллион ўзбекистонлик муҳожир келади

Кейинги икки ой ичида ўзбекистонликларга нисбатан тўртта босқинчилик ҳолатлари юз берди. Жами 5 нафар ўзбекистонлик ўлдирилди, 15 нафарига оғир тан жароҳатлари етказилди.

1 июль куни шаҳар марказидаги икки уй ёқиб юборилди. Большие Ключи ва Ворошилов кўчаларидаги ёнғин оқибатида 4 киши қурбон бўлди ва 6 киши куйиш жароҳатини олди.

Липецк области ИИБ матбуот хизмати раҳбари Наталья Маслакованинг айтишича, номаълум шахслар уй деразаларини синдириб, ичкарига ёнувчи қуюлмалар солинган идишларни отишган.

Аввалига Большие Ключи кўчасидаги 46-уй ёқиб юборилган. Уйда 66 ёшли ўқитувчи ва унинг рафиқаси бўлган.

Уларнинг кровати деразага яқин бўлганлиги сабабли ёнувчи суюқликнинг каттагина қисми уй соҳибларига жиддий шикаст етказган.

Ёнғин оқибатида эркак 4-даражали куйиш жароҳати билан шифохонада жон берди.

Ворошилов кўчаси 52-уйда эса ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари оиласи яшар эди.

Уларнинг барчаси расмий хужжатларга эга ва областдаги ташкилотларнинг бирида қонуний ишлардилар.

Юқоридаги сингари деразадан отилган ёнувчи суюқлик оқибатида уйда аланга кўтарилди.

Натижада 3 нафар ўзбекистонлик воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди, яна 4 нафари оғир жароҳатлар билан шифохонага жойлаштирилди.

Бир ойда 6 ўзбек пичоқланди

15 июль куни кеч соат 20.10ларда шаҳарнинг Потапова проездида номаълум шахслар ўзбекистонлик муҳожирга ташланган ва унинг кўкрагига пичоқ санчишган.

Муҳожир тез орада шифохонага олиб борилган ва ҳанузгача кўкрак қафаси жароҳати туфайли даволанмоқда.

31 июль куни эса Циолковский кўчасида 2 нафар ўзбекистонлик йигитларни пичоқлаб кетишди.

32 ёшли бу йигитлар ҳам Россияга ишлагани келишган эди.

Жабрланувчилар оғир тан жароҳатлари туфайли касалхонага жойлаштирилди.

Бутун бригадага хужум

23 дан 24 августга ўтар кечаси соат 03.00 ларда Каменный Лог кўчаси 39-уй яқинидаги қурувчилар вагонига хужум уюштирилди.

Бу вагонда ўзбекистонлик 4 нафар ишчилар яшар эди. Босқинчилар болта ва пичоқлар билан қуролланган эди. Ўзбекистонликнинг бири юрагига санчилган пичоқ зарбидан шу заҳоти жон берди. Қолган уч йигитлар оғир тан жароҳатлари олишди.

19 ёшдан 33 ёшгача бўлган ўзбек ишчилари кўп қон йўқотишганига қарамай, “тез ёрдам” чақиришга муваффақ бўлдилар. Йигитлар шаҳар шифохоналарига олиб борилди ва тезлик билан операция столига ўтказилди.

Жабрлашувчилар тожик миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Амир Мақсудовнинг кўзига пичоқ санчилган, шифокорлар унинг кўз олмасини олиб ташлашга мажбур бўлишди. Анвар Мелихоновнинг бошига болта билан уришган. Алишер Ахмадхоновнинг эса жароҳати ўпкасига шикаст етган.

Ҳозир уччала жабрланувчилар шифохонанинг жонлантириш бўлимида, уларнинг аҳволи оғир.

“Толиб қўлимда жон берди”

Липецкнинг “Мой город” газетаси таҳририяти мазкур ҳодисани яқиндан ўрганди. Босқинчилик қурбони бўлган ўзбекистонликлар ҳақида таниганлар илиқ фикр билдирилди.

“Гастарбайтерлар Каменной Логда липецкликлар қўлида ишлашган. Бу онгли равишда содир этилган бочқинчилик”, деб ёзади GazetaMG.ru.

- Улар аниқ ўлдириш мақсадида келишган, - дейди манба, - чунки ҳеч нима йўқолмаган. Бунинг устига ишчи йигитлар жуда яхши, тарбияли бўлишган. Россияга пул ишлаш учун келганлар, эртадан кечгача тиним билмай ишлаганлар. Бировга ёмонликлари йўқ эди.

Вафот этган йигитнинг исми Толиб бўлиб, маълумоти бўйича ҳисобчи эди.

Ўз юртида унинг хотини ва ҳали ўзи бирон мартаям кўрмаган 8 ойлик чақалоғи қолиб кетди, деб ёзади GazetaMG.ru.

“Толиб хатто нима бўлганини тушунмай ҳам қолди. У қўлимда жон берди: кулимсираб қўйдию кўзларини юмди”, дея эслаган Амир мудхиш воқеа ҳақида.

Шифокорлар ишчиларнинг соғайиши борасида 2 ой муддатини айтганлар, лекин миясига болта урилган ишчи ҳақида бир нима дейиш қийин.

Ишчилар уйга қайтиш тараддудида бўлишган, ҳатто Ўзбекистонга кетиш учун чипта олишган ҳам эди.

Миллатчилик оқибати бўлиши мумкин

Ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан кетма-кет содир этилган босқинчилик жиноятлари юзасидан Липецк области ИИБ билан боғландик.

- Барча ҳолатлар юзасидан жиноий ишлар қўзғатилган, - дея маълум қилди Липецк области ИИБ Матбуот хизмати раҳбари Наталья Маслакова. – Босқинчилик ҳолати юзасидан тезкор- қидирув тадбири ўтказилмоқда. Мазкур ишга энг яхши тезкор жиноят қидирув бўлими ходимлари жалб этилган. Жиноятчилар бошларига кепка бостириб олган ва юзларига тиббиётчилар ниқобини тутиб олган бўлганликлари учун уларни топиш бироз қийинлашмоқда.

Наталья Маслакованинг айтишича, ўзбекларга босқинчилик маълум бир жиноий гуруҳ эмас, балки липецклилар орасида ўтган ойларда кучайиб кетган миллатчилик тарафдорлари томонидан содир этилган.