Тошкент аэропорти:Супер зийрак божхоначилар ва ҳижоб ҳақидаги насиҳатлар

Image caption Тошкент аэропорти

Мустақилликка раҳмат!

Қаранг, бир эмас, олтита назорат ўтиш нуқтаси!

Тошкент халқаро аэропортида учоққа чиқиш учун мана шунча назорат нуқтасидан ўтишингизга тўғри келади. Қирғизистонда америкаликларнинг “Манас” ҳарбий базасига кириш учун атиги битта назорат ўтиш нуқтаси, урушлар гирдобида қолган Кобулдаги аэропортга кириш учун эса 4 назорат нуқтасидан ўтишингизга тўғри келади.

“Ахборот” тили билан айтганда мустақил Ўзбекистон хавфсизлик жабҳасида ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатмоқда ва керак бўлса бу борада ҳаммадан илғор.

Тошкент халқаро аэпортининг авто турар жойига киришдан олдин машинангиз багажини очиб кўрсатасиз ва темир панжара билан ўралган жойга бориб тўхтайсиз.

Аэропорт биносига 70 метр қолади. Бир вақтлар мижозларини бинонинг иккинчи қаватига олиб чиқиб қўйган мошина мана шу ерда тақа тақ тўхтайди. Ундан у ёғига ўзингизнинг ҳам ўтишингиз қаттиқ назорат остида.

- Рейсингизнинг учишига ҳали 6 соат бор экан. Регистрация бошланган вақти ўтказамиз, - дейди чипталарни текшираётган милиция ходими.

Бу ерда сизнинг олис вилоятдан чарчаб келганингиз ва ташқарида ҳавонинг иссиқ ёки совуқлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Айни тартиб эмизикли аёллардан тортиб мункиллаб қолган чолу кампирларгача бир ҳил.

Куннинг тиғидан жон сақлаш учун атрофга боқасиз. Панжаранинг олдидан қурилган бостирма тагида туриб бўлмайди... Жазирама!

Кўчманчи лўлилар сингари ашқол дашқолимиз солинган сумкаларни судраб чеккада турган дарахт соясига ўзимизни урамиз. Атрофга қарасангиз сизга ўхшаб дарахт соясини вақтинча қароргоҳ қилган “кўчманчилар” кўп эканлигига кўзингиз тушади.

Дунё аэропортларида бирор портлаш ёки ҳодиса бўлса унинг зарби албатта ўзбек аэропорт ва вокзалларида билинади. Раҳбарлар хавфсизликни ўйлаб мижозларни буткул унутишади.

Шу одамлар ҳам фалон пулга чипта сотиб олган, инсонга ўхшаб хизмат кўрсатилишга ва қулайликка ҳақли деб ўйлайдиган амалдорни тополмайсиз. Мижозларнинг ўзи бу борада бирор талабни илгари сурмаганидан кейин, ўйлаб нима ҳам қилишарди...

Биз мижозларнинг шиори - қийинчилик вақтинча, муҳими эсон омон учиб олиш. Кейин муносабат ҳам шу шиорга яраша бўлади-да.

Ҳар нарсанинг қадрига етиш керак... навбат билан!

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz
Image caption Жазирама

Рўйхатдан ўтиш вақти яқинлашиб қолди, тапур-тупур қилиб етишишимиз мушкул бўлган аэропорт биносига чопамиз.

Кондиционерлар бутун бинони муздай қилиб турибди. Биз эса ҳозир муҳим бўлган ҳожатхона томонга қараб югурамиз. Қандай мазза, қандай бахт!

Қўлни ювгандан кейин қуритиш воситалари қолмай қолган бўлса ҳам шинам ва салқин жой.

Мана шундай пайти аэропортнинг қадрига етасан. Шундай бинонинг борлиги учун мустақиллигимизга раҳмат айтворасан. Агар 3 соат олдин кўчада иссиқдан қийналмасдан кириб олганимиздами, бунчалик қадрламасдик...

Бизда ҳамма нарса инсон ва унинг бахтиёр бўлиши учун... Одамлар ўтаётган кунимизни, мустақиллигимизни қадрласин, асраб авайласин деб, деярли ҳамма жойда навбат ва куттириш чоралари кўриб қўйилган.

Машина олмоқчимисан, марҳамат навбатда тур, кут, тўданинг оёқлари остида қол, қийнал! Ана кейин машинанинг қадрига кўпроқ етасан.

ОВИР деганларидан бошқа мамлакатларда мисли кўрилмаган мамлакатдан ЧИҚИШ УЧУН ВИЗА олмоқчимисан, навбатда тур, сан қатори турганлар билан жанжаллаш, пора бер... Паспорт, маҳалладан справка, маош ва ҳатто дўкондан имтиёзли нархларда ёғ, ун олиш учун ҳам мана шундай навбатлар ташкил қилинганки, унинг ҳикмати кўп.

Чалғимасдан аэропортнинг гўзаллигидан баҳра оламиз. Телевизорда Россия каналлари кўрсатиб турибди. Ўша пайти футбол бўйича Ўзбекистон термаси ўйнаётган эди.

Аэропорт ходимларига ватанпарварлигимни кўрсатиб қўйиш учун бинодаги барча телевизорларнинг каналини ўзимизнинг Спорт каналига тўғрилаб қўйишни сўрай бошладим.

Не тонгки, бизнинг халқаро аэропортда фақат халқаро каналлар кўрсатар экан. Миллий каналлар йўқмиш. “Биз ҳам жон жон деб кўрардик, аммо афсуски “Спорт” кўрсатмайди”, - дейди аэропорт ходими.

Мен “Спорт” канали фақат бизнинг қишлоқда кўрсатмайди деб юрардим, у аэропортда ҳам кўрсатмас экан...

Қарасам биттаси зир югуриб юрибди. Самолёти учиб кетиб қолибди, энди эртага учаркан. Қўлида сумкалари кўплигидан ташлаб кетиш учун сақлаш камераларини излаётган экан.

Маълум бўлишича энг ёпиқ ва ҳаммадан шубҳаланувчи Собиқ Иттифоқи даврида бўлган сақлаш камералари мустақиллигимиз даврига келиб таг-туги билан йўқотилибди.

Буни ҳам хафвсизлик билан изоҳлашди.

Тўғрида, бад ниятли киши бомбани сумкага солиб учта назорат нуқтасидан, барча аппаратлардан ўтиб кетса... Кейин уни сақлаш камерасига солиб ўзи қочиб қолса. Ҳар нарса бўлиши мумкин.

Шунинг учун бояги амакига ўхшаб кечиккан одамлар сумкасини ўзи билан орқалаб юрсин. Ўзи айбдор ким унга кечиксин дебди. Яна ёш болаларини ҳам судраб олган...

Намозни масжидда ўқийсиз!

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Мустақилликка раҳмат!

Фақат бир нарсага ҳеч ақлим етмади. Хавфсизликни ўйлаган шоввозлар тузуккина амал қилиб турган номозхонани ҳам ёпиб ташлашибди.

Тўғри тушунаман, биз дунёвий давлатмиз. Фуқароларимизга аэропортда намоз ўқиш шарт эмас. Уйда ҳам ўқиб олаверади. Аммо оқими кундан кунга ошаётган туристларимиз, “Пешинни Лондонда ўқигандим, шомни Тошкент аэропортида ўқиб олай”, - деса нима деб жавоб берамиз.

“Биз дунёвий давлатмиз. Балоғат ёшига етган бўлсангиз намозни фақат масжид ва уйда ўқишингиз мумкин”, - десак керак-да!

Хавфсизликни ўйлаб нафақат аэропортда, балки бутун Ўзбекистонда соқолли эркакларни қуритдик, ёки соқолларини таги билан олдирдик. Энди навбат ўраниб қолган аёлларга.

Тошкент халқаро аэропортида ўраниб олган ҳар бир аёл божхоначиларнинг махсус хонасига олиб кирилади. У ерда уларни текшириш билан борабар ҳижобни ечиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади. Юмшоққина қилиб босим ўткизилади, дейиш мумкин.

“Божхоначиларнинг хонасига олиб кириб сочларимнинг орасигача текширишди. Қанча доллар олиб кетаяпсан, дея сўрашди. Доллар эмас, бироз сўмим бор десам. Сўм қизиқтирмайди, доллардан гапир доллардан, дейишди. Кейин нима сабабдан ҳижоб ўраб олганимни сўроқ қилиб бошлашди”, - дейди ёш боласини кўтариб олган ҳижобли келинчак.

Божхоначи аёл унга ҳали ёш эканлигини. Очилиб сочилиб юриш даркорлиги ва ҳижобларни қариганда ўрашга улгуришини айтиб насиҳат қилган. Борган жойида ҳижобига нисбатан таъқибларга учрашидан огоҳлантириб “ғамхўрлик” қилган.

“Мен кетаётган давлатда ҳеч кимнинг ҳижоб билан иши йўқ. Ҳижоб борасидаги босимларга фақат Ўзбекистонда дуч келаман. Кейин божхоначига ҳижобимнинг қандай алоқаси борлиги ҳеч тушунмадим”, - дейди келинчак.

Мен ҳам тушунмадим. Божхона хонасида бир хориж фуқаросини олиб кириб менинг олдимда сўроқ қила бошлашди.

Ҳалиги ажнабийдан, Ўзбекистонда нима қилиб юргани, қаерга боргани, кимлар билан учрашганини ҳижжалаб сўрашди.

Бу божхона хизматчсими ёки божхоначиларнинг кийимини кийиб олган миллий хавфсизлик, тўғриси ақлим етмади.

Божхонадан ўтганингиздан кейин паспорт назорати келади. Бу ерда мулойимлик билан қаерга кетаётганингизни сўрашади. Кўп бошингизни қотирмасдан, паспортингизга Ўзбекистон чегарасидан чиқди деган муҳр босишади.

Ана ундан кейин олтинчи бўлиб учоққа чиқиш олдидан яна бир назорат ўтиш нуқтаси. Бу ерда иккинчи марта сумкаларингизни нур орқали текширувчи лентадан ўтказиш керак. Фарқи энди оёқ кийимларни ҳам ечасиз.

Текширувчиларга қолса-ку, ўзингизни ҳам ётқизиб узунасига лентадан бир ўтказиб олса... Аммо бахтимизга ҳозирча бундай қилишмайди.

Назоратчи аёл қўл сумкангизни икир чикиригача яна бир бор кўради. Тўғрида бунан олдинги назорат нуқтасидан у бу нарса ўтиб кетган бўлиши мумкин-ку. Бу нуқтада ҳам ўзига яраша савол жавоб кечади.

Мана шундан кейин ниҳоят кутиш залига кириб оласиз. Енгил нафас оласиз. Ҳамма хурсанд, ҳамма шукр қилган.

Ишонтириб айтаманки, бундай чиғириқли назоратдан кейин, дунёнинг исталган аэропортидаги қийинчиликлар кўзингизга ҳеч нарсадек кўриниб қолади. Ахир сиз ўзбек аэропортида текширишларда “суягингизни қотириб” келгансиз!

Ҳа, келинг бунинг учун эса мустақиллигимизга яна бир бор раҳмат айтиб қўяйлик!