UzWebiston: Ўзбекистоннинг "Талко" зарари борасидаги эътирозлари саволларни туғдирган

Тожикистондаги news.tj сайтида қўшни Ўзбекистон парламентининг Тожик алюминий ишлаб чиқариш ширкатининг зарарлари борасидаги эътирозларига оид мақола эълон этилган.

Тожик алюминий ширкатининг экологик таъсирига оид ўзбек томони келтирган рақам ва фактлар у томоннинг ҳисоблаш методикаси ва мавжуд ҳолат даражасига оид саволлар келтириб чиқаради, деган Тожикистон парламенти қуйи палатасининг доимий экологик комиссияси раиси Маҳмадшариф Ҳақдодов.

Унинг бу сўзлари ўтган ҳафта Ўзбекистон парламентида "Талко" Давлат унитар кор-хонаси зарарли чиқиндиларининг атроф-муҳит экологияси ва аҳоли соғлигига зарари борасида айтилган фикрларнинг муҳокамаси пайтида янграган.

"Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга, маҳаллий аҳоли соғлиги ва генофондига, минтақа эко тизимига экологик таъсири махсус мосламалар қўлланган ва юқори малакали мутахассислар жалб этилган кўп йиллик кузатишлар ва тадқиқотлар натижасида чиқарилган объектив хулосаларга асосланади", - деган Ҳақдодов.

У тожик томонини "хулосаларга, кўпчилик халқаро таҳлилчилар ва нуфузли экологик ташкилотларнинг мутлақ фикрига қарамасдан, "Талко" Давлат унитар корхонасининг экологияга, одамлар саломатлигига зарари тан олинмаслик"да айблашаётганини таъкид-лаган.

Ҳақдодовнинг таъкидлашича, бунда қўшнилар томонидан етказиб берилган бирон-бир ҳужжатда хулосаларнинг ўзи ҳам, халқаро таҳлилчилар кимлиги ва қайси экологик ташкилотлар, уларнинг нуфузи борасида маълумотлар мавжуд эмас.

"Айтиш жоиз, ўзбек томони "Талко" масаласида айрим мамлакатлар парламентлари, жумладан, Бельгия, Литва, Индонезия, шунингдек Европарламентнинг уни гўё қўллаб-қувватлаётгани борасида хабарлар тарқатиб туради. Лекин бундай ҳолатда, халқаро амалда қабул қилингани каби, Тожикистон парламентига тегишли расмий баёнотлар жўнатилиши зарур. Бизда эса, улар йўқ", - деган тожик депутати.

Ҳақдодовнинг сўзларига қараганда, ҳозирда ҳар икки мамлакат экологик тадқиқотларини қиёслаганда "Талко" чиқиндиларининг асосий кўрсаткичлари борасида жиддий тавофутлар мавжуд. Буни чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва одамлар соғлигига таъсири борасида ҳам айтиш мумкин, деган у.

"Бизни "Талко" таъсири натижасида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманларида "ўта ташвишли" деб аталаётган вазият юзага келгани, у ердаги аҳоли эндокрилогик ва суяк-мушак тизими, юқори нафас йўллари, туғма аномалиялар, флюроза, онкологик хасталиклардан азоб чекаётганига, аҳолининг наслий саломатлигига энг катта салбий таъсир кўрсатилаётганига, туғиш ёшидаги аёлларнинг бола ташлаши ва ўлик бола туғиши кўпаяётганлигига ишонтирмоқчи бўладилар. Биз Бирлашган миллатлар ташкилотининг тегишли бўлими, Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасининг 2000-2012 йиллар мобайнидаги статистик маълумотларига мурожаат этдик. Натижада Сурхондарё вилояти барча кўрсаткичлар бўйича бутун республика бўйича, бунда Ўзбекистоннинг вазият анчагина ёмон бўлган алоҳида минтақаларини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади, анчагина яхши натижаларга эга эканлиги маълум бўлди", - деган тожик депутати.

Ҳақдодов шунингдек, ўзбек экологларининг "Талко" фаолияти атроф-муҳитни қўриқлаш масаласи борасида халқаро стандартларга жавоб бермайди, деган фикрларига ҳам қўшилмаслигини айтган.

У ўз фикрини исботлаш учун "Талко"нинг ҳали 2008 йилдаёқ Марказий Осиёда биринчи бўлиб экологик бошқарув борасида зарур халқаро сертификатлар олганини мисоллар билан келтирган.

Тожикистондаги hews.tj сайти айни бир пайтда ўз мақоласида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 22 августда "Тожик "Талко" Давлат унитар корхонасининг экология ва аҳоли соғлигига фалокатли таъсири олдини олиш" борасида қарор қабул қилганини ҳам хабар беради.

Бу ҳужжатда "Талко" ишлаб чиқариш фаолиятининг экологияга, одамлар соғлигига, аҳоли генофондига катта кўламдаги зарари борасида қаттиқ ташвиш билдирилган.

Ўзбекистон бу ташвишли ҳолатни бартараф этиш учун бир неча йўлларни кўрсатган.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида "Талко" чиқиндиларининг аҳоли соғлиги ва атроф-муҳитга зарари олдини олиш ва камайтириш, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш учун ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни кўриш режалаштирилган.

Иккинчидан, "Талко" фаолияти мавзеси доирасида тобора чуқурлашиб бораётган экологик фалокат олдини олиш учун шошилинч тадбирлар қўллаш учун барча манфаатдор халқаро экологик ташкилотлар, БМТ тизимлари, парламентлар, ҳукуматлар ва халқаро жамоатчилик эътиборини тортиш мўлжалланган.

Учинчидан, ўзбек томони юзага келган вазиятни ҳал этиш йўллари албатта топилишига ишонишини билдирган.

Ўзбек томони қабул қилган ҳужжатда "Ўзбекистон ва Тожикистонда яшаётган юз минглаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиги, мазкур минтақада яшайдиган ва меҳнат қиладиган келажак авлод тақдири бу масалаларни тезроқ ҳал этишга боғлиқ, дейилган", деб ёзилади news.tj да.