Ўзбекистон таълим вазирлиги: мактабларда эркак ўқитувчилар етишмаяпти

Ўзбекистон халқ таълими вазири журналистлар билан учрашувда ўқув масканларида эркак ўқитувчиларнинг етишмаслиги ҳақида гапирган. Бу ҳақда ёзган “Қишлоқ ҳаёти” газетаси ўқувчиларнинг тарбиясида эркак ўқитувчиларнинг ўрни бўлакча эканлигини таъкидлаган.

Мақолада эркак ўқитувчиларнинг нима сабабдан кам эканлиги борасида бирор изоҳ берилмаган.

Ўзбекистонлик исми ўзгартирилган ўқитувчи Рамзиддин ака бундан 10 йил олдин ўқитувчиликни ташлаб Россияга ишлашга келишга мажбур бўлган.

“Иқтисодий жиҳатдан қийналганим сабабли чиқиб кетганман. Берадиган ойлиги оилани боқишга етмасди. Ўша вақти бир қоп унга ва ёғга, яъни оч қолмаслик учун етарди. Лекин усти бошингизга ва катта бўла бошлаган фарзандларнинг талабини қондиришга етмасди”, - дейди Рамзиддин ака.

Рамзиддин ака сингари мактабларни ташлаб кетган ва бугунги кунда аёл ўқитувчиларга нисбатан камайиб кетган эркак муаллимларнинг муаммоси ҳақида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг ўзи гапирган.

Бу ҳақда ёзган “Қишлоқ ҳаёти” газетаси эркак ўқитувчиларнинг камлигига нима сабаб эканлиги ва унинг ечими учун қандай режалар борлиги борасида ҳеч нарса демаган. Шунингдек ўқитувчиларнинг нисбий сони борасида ҳам маълумот келтирилмаган.

Кузатувчилар мактабларда ўқитувчиларнинг камлиги аввало уларнинг маоши оила тебратишга етмаслиги билан изоҳлашади. Бироқ сўнгги вақтларда ҳукумат ўқитувчиларнинг маошларини ошириш борасида сезиларли ўзгаришлар қилишга ҳаракат қилган.

Зайниддин ака дарс берадиган Жиззах вилоятидаги мактабда сўнгги вақтларда аёл ва эркак ўқитувчиларнинг сони борасидаги фарқ йўқолган.

“Биз бу йил ёш кадрларни олдик. 4 та эркак ўқитувчи олдик. Бизда аҳвол яхшиланди 15 та аёл бўладиган бўлса 17 та эркак ўқитувчи бўлди. Бошқа ишларга ўтиб кетган эркаклар ҳам қайтиб келаяпти”, - дейди Зайниддин ака.

Зайниддин ака ишлаган мактабда ҳам бир вақтлар аёл ўқитувчилар эркакларга қараганда ҳаддан зиёд кўпайиб кетган. Эркаклар оила боқиш илинжида бошқа соҳаларга ўтишга ва Россияга ишлашга кетишга мажбур бўлган.

Ҳозир Жиззах вилоятида ўқитувчининг ўртача ойлиги 600 минг сўм ёки 220 долларни ташкил қилиши айтилади. Зайниддин ака истиқомат қиладиган жойдаги пахта заводи ишчиларига бунча маош беролмайди. Бериладиган пул ҳам 6 ойлаб кечикиб берилади. Пахта ва буғдой далаларининг бир чеккасидан томорқа учун бериладиган ерлар умуман олиб қўйилди.

Мана шундай иложсизликлар олдида мактаблар эса ойликни ойма ой бериши билан Олий маълумотлиларни ўзига жалб қилаяпти.

Бироқ ўзига тўқроқ туман ва шаҳарларда ҳали ҳам эркак ўқитувчиларнинг камлиги кузатилади.

Намангандаги коллежлардан бирида дарс берувчи ўқитувчи Нодир аканинг айтишича, у яшаётган шаҳар ва туман коллежларида эркак ўқитувчиларнинг сони аёлларникига қараганда икки баробар кам.

“Бунинг сабаби, биринчидан, тирикчилик деса бўлади. Чунки ҳозир ўқитувчиларга нисбатан берилаётган талаб ва уларга қўйилаётган “нагрузка” кўп. Қилаётган иши эркакларнинг тирикчилигини қониқтира олмаяпти. Аёлларнинг кўчага чиқиб бошқа иш қила олишга имкони йўқ”, - дейди Нодир ака

Собиқ ўқитувчиларнинг ҳозир деҳқончилик, савдогарлик ва киракашлик қилишга мажбур бўлаётгани айтилади.

Нодир ака ўқитувчиларнинг ойлиги республика бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан бир ҳил ёзилишини айтади, бироқ турли ушланмалар сабаб ҳар хил вилоятда турлича маош олинади.

“Ушланмалар бор. Буларнинг ичида ведомостда йўқ ушланмалар бор. Ҳар хил уюшма, жамоат ташкилоти ва ишларга деган ушланмалар бор. Иккинчидан ўқитувчилар ёлланадиган қишлоқ хўжалиги ишлари бор. Булар катта вақтни олгани учун турли жойда ушбу пулнинг пластик ёки нақд ҳолатда қўл тегиши ҳар хил бўлиши мумкин”, - дейди наманганлик ўқитувчи.

Мисол учун Нодир акага 771 минг маош ёзилади, бироқ турли солиқ, комунал тўловлар, обуна, болалар спортини ривожлантиришга каби ушланмалардан сўнг унинг қўлига 400 минг сўм ёки 145 доллардан кўпроқ ойлик тегади.

Оилада эр-хотин ўқитувчилик қилиб бир ойда ўртача бир миллион сўм маош олишади. Аммо 4 фарзандни боқиш ва кийинтиришга ушбу пуллар учма уч етади, гоҳида етмай қолади.

Ўқитувчиларнинг мактаб ва коллежлардан безиб қолишига яна бир сабаб сифатида уларнинг ўз вазифасидан ташқари қурилишдан тортиб ва қишлоқ хўжалигигача бўлган соҳаларга ҳашарга мажбурланаётганидир.

- Ягана, чеканка, қатқалоқни йўқотишга, бегона ўтларни тозалаш каби қишлоқ хўжалиги ишларига ҳали ҳам ўқитувчилар жалб қилинади. Бу йил ёзнинг ўзида ҳам коллеж ўқитувчилари бевосита жалб қилинди. Иккинчидан котежларнинг қурилишида ёрдамчи, ҳашарчи сифатида ўқитувчилар жалб қилинади, - дейди Нодир ака.

Коллеж ўқитувчисининг айтишича, бир тийин берилмайдиган бу каби оғир ишларга жалб қилишда эркак ўқитувчиларга кўпроқ аҳамият берилади.

Ўқитувчининг вазифаси бўлмаган бу каби мажбурий ишлардан бош тортиш ҳоллари деярли бўлмайди.

“Бош тортиш ҳоллари йўқ. Сабаби ҳозирги вақтда ўқитувчиларнинг ойлиги ички ишлар ходимларидан ташқари бошқа соҳа вакиллари қараганда юқори маош ҳисобланади. Кўпчилик иш ўрнини йўқотиб қўйишдан қўрқади”, - дейди Намангандаги коллеж ўқитувчиси.

Олий маълумотли Рамзиддин ака ҳозир Россия шаҳарларининг бирида шахсий юк машинасида мижозларга хизмат кўрсатади. 12 йил ўқувчиларга дарс берган муаллим, маошлар оилани тебратишга етарли даражада бўлса жон-жон деб мактабга қайтишини айтади.

- Оиламни тебратишим учун ўқитувчилик қилмоқчи бўлсам, менга 600 доллар ойлик беришганда менга етарли бўларди , -дейди Рамзиддин ака.

Собиқ ўқитувчилар уларнингм мактабга қайтиши учун маошлар оширилиши билан бирга, ўқитувчига вазифасидан ташқари ишларнинг юкланмаслиги лозимлигини таъкидлашади.

Меҳнат муҳожирлиги кўпгина соҳалар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлашда бўшлиқни юзага келтиргани айтилади.

Би-би-си Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ўқитувчилардан бири билан суҳбатлашган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди