Бу йил Ҳаж зиёратига борадиганлар сони камайтирилди

Ўзбекистон расмийларининг маълум қилишларича, Саудия Арабистонидаги мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳларда қайта қуриш ишлари амалга оширилаётгани муносабати билан бу йил Ҳаж зиёратига борадиганлар сони қисқартирилаяпти.

"Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида мамлакатга келаётган зиёратчилар Ҳаж ва Умра амалларини мукаммал, ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо этишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки харам ҳудудини кенгайтириш ишлари бошлаганлиги ҳамда икки муқаддас шаҳарлар инфраструктурасини тубдан ўзгартириш ишлари кенг кўламда давом этаётганлиги сабабли “Ҳаж-2013” мавсумида зиёратчилари сонини қисқартириш бўйича дунёнинг барча давлатларига, хусусан, Ўзбекистон Республикасига ҳам расмий маълумот юборди", дея хабар тарқатган Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси.

Дин ишлари бўйича қўмитага кўра, 2013 йил муқаддас Ҳаж зиёратига бориш учун ариза топширган ўзбекистонлик мусулмонларнинг рўйхати қисқартирилмоқда.

"Қисқартириш масалалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ҳайъатлар томонидан адолат ва инсонийлик тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда", дейилади қўмита хабарида.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси бу йил муқаддас зиёратга бора олмаганлар учун 2014 йилги Ҳаж мавсумида ўрин кафолатланади, дея хабар қилган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу йил мамлакатдан 5000 мусулмон муқаддас зиёратга бориши режалангани ҳақида маълум қилган эдилар.

Дунёнинг қатор мамлакатлари сингари Ўзбекистонда ҳам Ҳаж зиёратлари коррупция, порахўрлик ҳолатларисиз ташкил этилмаслиги ҳақида кўп хабар қилинган.

Саудия Арабистони ҳар йили жаҳондаги мамлакатларга мусулмон аҳолисининг сонига қараб жой ажратади.

Бу рақам ҳар 1 миллион мусулмон учун 1000 киши этиб белгилангани айтилган.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати Ҳажга борадиган ўз фуқаролари сонини сунъий қисқартираяпти, дея танқидларга тутилган.

Бу мавзуда батафсилроқ