Би-би-си мақоласига муносабат: Ўзбекистонда икки марта ҳосил олиш мумкин.

Image caption Аҳмад Хоразмий деҳқончиликни ўрганиш билан бирга соҳага раҳбарлик ҳам қилган.

Би-би-си куни-кеча Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ёзда ғалладан бўшаган майдонларда ғўза етиштирилаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Ушбу мақолага қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий муносабат билдирган.

Профессор Хоразмийнинг айтишича, Ўзбекистон шароитида икки марта ҳосил олиш мумкин ва буни унинг ўзи Хоразм вилояти мисолида тажрибада синаб кўрган.

Бу тажриба ҳукумат кўрсатмаси билан бошланган, дейди Аҳмад ҳожи Хоразмий.

Ассалому алейкум муҳтарам Би-би-си.

"Ўзбекистонда иккинчисига пахта етиштириш синовдан ўтказилмоқда" номли мақола ва булар ҳақида вазирлик ходими, айниқса хоразмлик журналистнинг фикрлари бу борада қўлимга қалам олишга сабаб бўлди.

Буғдойдан кейин пахта экиш масаласи Ўзбекистон ҳукумати томонидан 1990 йилнинг бошларида кўтарилган.

Бу борадаги тадқиқотлар менга топширилганди.

Мен бу борадаги тадқиқотларни айнан Хоразмда олиб борганман.

Июнь ойида буғдойдан кейин экилган пахтанинг энг эрта пишар ва чиллаки навлари бўлмиш Хоразм-126 ва Нукус-40 навлари хам самарасиз эканлигини кўрсатиш баробарида июнь ойида пахтани фақат кўчатдан экиш мумкинлиги ва уни экиш услубини биринчи марта биз кўрсатганмиз.

Бизнинг бу тадқиқотларимиз ихтиро сифатида тан олинганди.

Ўша пайтлардаёқ бу тадқиқотларга турлича фикр билдирилганди.

"Оила ва жамият" газетасида таниқли ёзувчи Набижон Боқийнинг "Ғўзани кўчатдан экиб бўладими?" номли катта мақоласи ҳам босилганди.

Ғўзани кўчат қилиб экиш борасидаги тадқиқот натижалари ва бу борадаги амалий тавсиялар “Ватан” газетасининг 1995 йил 15-22 сонида, “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналининг 1996 йил 1-сонида ҳамда 1998 йил 2-сонида босиб чиқарилган.

Булар асосида мамлакатимизнинг кўпгина жойларида ғўзани кўчатлаб экиш амалга оширила бошланди.

Хусусан, Ўзбекистон Ахборот Агентлигининг “Правда Востока” газетаси орқали берган хабарига кўра Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ҳам буғдойдан бўшаган ерларга ғўза кўчатларини экишга киришилган.

Шунингдек, Хоразм вилояти ҳокимининг 22.09.1997 йил, 128-ф фармойишида ҳам "бу ихтиро натижалари вилоятимиз қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида кенг жорий этилсин, вилоят оммавий ахборот воситалари буни тарғиб қилиб, бу тўғрида ахборот бериб борсинлар, бу фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш ҳокимнинг биринчи муовини Ж.Ўтамовга юклатилсин", деб таъкидланган.

Эҳтиром билан,қишлоқ хўжалик фанлари доктори,профессор Ахмад ҳожи Хоразмий.Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.

Ғалладан бўшаган майдонда ғўза етиштириш тажрибаси ва бундай тажрибанинг тупроқ ҳосилдорлигига таъсири қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида Би-би-си Аҳмад ҳожи Хормазмий билан суҳбатлашди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Осмондан тушганми бу олим? Бу илгари хам исботланган. Лекин ернинг кучи етадими бунга ёки сув борми суғоришга? Сув катта проблема. Орол қуриб экологик катастрофага олиб келаяпти. Балки қишлоқ хўжалигини кескин қисқартириб, саноат билан шуғулланиш керакдир Хитойга ўхшаб. Саноатдан келган пулга озиқ- овқат сотиб олиш керакдир. Орол денгизи хам тўлади, хоразмликлар хам соғломроқ бўлади. Қум ва туз бўронлари булмайди. Хоразмлик бўлиб, бу олимнинг фикрлаши тескари йўналишда ишлайди. Nizommiddin Komilov, Toshkent

Galatiku bu odam! Pahta yakaxokimligidan qutulolmay turgan halq, endi erta bahordan kech kuzgacha dalada. Erni ahvoli nima boladi? abdumavlon, Toshkandiy

Vodiyda 2-pahta ekilmoqda, Norin tumanining bir nechta dalalariga bug'doydan keyin pahta ekilgan. Ekilgan pahtalar bahorgi ekilganlaridan deyarli farq qilmaydi, menimcha yahshi dorilanganligi uchun bo'lsa kerak. Bunday dalalardan biri Norin tumani Toshqin qishlog'i(O't o'chiruvchilar binosi oldida)da Sardor, Namangan<

Bu odam paxta buyicha umuman agroximiya buyicha juda etuk olim. Fikr Ari mutlaqo tugri. Bekzod

Nizomiddin komilov va Abdumavlon Toshkandiyga. Xafa bulmanglar-u, qishloq xujaligi, umuman dexqonchilik nima ekanini tushinasizlarmi uzi?!. Bilib quyinglar, erga kerakli ozuqa va tarbiyasini etkazsangiz uning kuchi togni talqon qiladi. Bundan 20-25 yil oldin uzbekistonda gektariga 15-20 sentner bugdoy olinardi. Bugun usha erlardan 70-80 sentner xosil olinayapti. Bu bitta misol xolos. Xurmat bilan, fanlari nomzodi S.Ziyodov.

Бу мавзуда батафсилроқ