Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ота-онанинг маоши контракт пулини тўлашга етадими?

  • 6 Сентябр 2013
  • изоҳлар

Ўзбекистонда йилдан-йилга ошиб бораётган олий таълим харажатлари ота-оналарни қийин танлов қаршисида қолдирган.

Бу йил олий ўқув юртларида контракт тўловларининг энг кам миқдори 4 миллион 600 минг сўм қилиб белгиланган.

Бу энг кам иш ҳақининг 50 баробари демакдир.

Энг кўп миқдор эса 7 миллион 420 минг сўм бўлиб, бу энг кам иш ҳақининг 81 баробарига тенг.

Тижорат банклари томонидан 10 йил муддатга таълим кредитларини бериш йўлга қўйилган, аммо ота-оналар кредит ололмай сарсон бўлаётганликларини айтишмоқда.

Кафолатга машина

Қашқадарёлик Мунира опа ўтган йили ўғлини контрактга киргани учун ўқита олмаган.

Аммо бу йил ҳам давлат гранти насиб этмагач, бир амаллаб контракт тўловининг ярмини белгиланган муддатда тўлашганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, контракт тўловлари ота-оналарга қимматлик қилади.

"Қийин албатта, ота-онанинг ундан ташқари ҳам ташвишлари кўп-ку", - дейди Мунира опа.

Унинг айтишича, банклар таълим кредити олмоқчи бўлган ота-оналардан кафолат учун машина қўйишни талаб қилмоқда.

"Биз машинамиз бўлмагани учун кредит ололмадик", - дейди суҳбатдош.

Контракт тўловларининг янги, оширилган миқдори ўтган ой Ўзбекистон Молия Вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Ҳар йили ўртача 15 фоизга ошириладиган тўловлар аҳолининг реал даромадлари ва инфляция даражасини ҳисобга оладими, йўқми, расмийлар бу борада ҳеч қандай изоҳ бермайдилар.

Таълим мулозимлари уларнинг бир қисми талабаларга стипендия сифатида қайтарилишини айтиб, тўловларнинг адолатли эканини урғулашади.