Тошкент метросидан фойдаланувчи йўловчилар камайди

Image caption Милиция ходимларининг текширувлари йўловчиларни қулай транспорт воситасидан кам фойдаланишларига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Милиция ходимларининг Тошкент метро бекатларидаги "ҳаддан ташқари текширувлари" натижасида йўловчилар камайгани кузатилган, деб хабар беради Даракчи.уз веб-сайти.

Даракчига кўра, 2013 йилнинг олти ойи мобайнида метро йўловчилари ўтган йилга нисбатан қарийб 9 фоизга қисқарган.

2013 йил январ-июн ойларида мамлакатдаги барча транспорт воситалари томонидан 3,3 миллиондан ортиқ киши ташилган бўлиб, бу 2012 йил олти ойига нисбатан 4 фоизга кўпдир, деб ёзади веб саҳифа.

Республика давлат статистика қўмитаси хабарига қараганда, йўловчи ташишда энг катта улуш автомобил транспортига тўғри келиб, 98 фоиздан ортиқни ташкил қилар экан.

Шунингдек, темир йўл транспортидан фойдаланувчи йўловчилар 8 фоизга ошгани, ҳаво йўлларида аксинча 1,4 фоизга камайгани айтилади.

Бу хабарга баъзи интернет ўқувчилар изоҳ қолдиришган.

"Чунки киришда хам чиқишда хам текширишувиради , уннан кўра таксида ёки трамвайда борган мақул", деб ёзади Батый.

"Жумавой"га кўра, "бунинг асосий сабаби метронинг келиш вақтини ўзайтирилишидир . Поездлар ораси 15-20 дақиқани ташкил қилади. Кейинги сабаби вилоятдан меҳмонга келган кишиларни вақтинчалик пропискаси борлиги ҳақидаги сўровлар. Тошкентга уч кунга келган мехмонлар пропискадан ўтиши қийин. Ушбу муаммолар бартараф этилса метрога кўпчилик тушади".