Ўзбекистонда илк бор тўрт эгизак дунёга келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Чақалоқларнинг иккисига Ислом ва Карим исми берилиши ўқувчиларнинг изоҳларига сабаб бўлган.

Бектемир тумани "Чашма" маҳалласида яшовчи 33 ёшли Гулшан Ҳайдарова бирваракай тўрт чақалоқнинг онаси бўлди.

Бу бутун Ўзбекистонда илгари кузатилмаган воқеа эканлиги билан эътиборни тортган.

Ўзбекистондаги интернет нашрларига кўра, она ва болаларнинг аҳволи яхши.

Ҳайдаровлар оиласида ўғил ва қиз фарзанд бўлиб, энди биратўла олти фарзанднинг ота-онасига айланишди.

Тўрт ўғилга улар Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим деб исм қўйишган.

Олам.уз сайтининг тўрт эгизакнинг туғилиши ҳақидаги лавҳаси остига ўқувчилар серфарзанд ота-оналарни табриклаш билан, ҳазил изоҳларни ҳам қолдиришган.

Интернет фойдаланувчилар чақалоқлар нега айнан Ислом ва Карим деб номланганига қизиқишган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шарафига республикада бундан олдин ҳам кўплаб ота-оналар янги туғилган фарзандларига Ислом исмини беришган.

Бу ҳақда мактуб йўллаб суюнчи олган оилаларга президент томонидан совғалар ҳам берилгани оммавий ахборот воситаларида илгари ёритилган.

"Нима учун Абдуғани йўқ?", дейди бир изоҳ қолдирган ўқувчи.

"Яна Рустам, Содиқ, Азим, Миромон ва яна шу қаторда кетадиган кўп исмлар ҳам бор", дейди Аноним.

"Бундай улкан воқеа билан табриклайман! Бундай воқеадан ва бундай исмлар қўйилганидан кейин улар балки ҳукуматдан янги уй олиб қолишар?"

"Табриклайман! Кичкинтойларга соғлик! Ўйлайманки, шаҳар ҳокими бу оилани эътиборсиз қолдирмайди".

Яна бир изоҳ: "Уларни қандай исм билан аташгани бошқаларни безовта қилмасин. Бу уларнинг боласи".

Бошқаси: "Исмларга қараб айбламанг. Худо мустаҳкам соғлик берсин. Онаси ҳам қаҳрамон!" деб айтса,

Бошқа бири "Қаҳрамон ота ўзини қандай ҳис қиляпти энди?" деб қаҳрамон отанинг кайфияти билан қизиқади.