Хитой Президенти Ши Жинпинг Тошкентга етиб борди

Хитой оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Президент Ши Жинпинг 8 сентябр куни кечқурун Тошкентга етиб борган.

Тошкент аэропортида Хитой раҳбарини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов кутиб олган.

Бу жаноб Шининг Марказий Осиё бўйлаб сафаридаги учинчи мамлакат.

У Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги дунёнинг саноати ривожланган 20 давлати раҳбари саммитидан олдин Туркманистонда бўлди.

Президент Ши Жинпингнинг Ашхободга ташрифи доирасида Туркманистондан Хитойга газ экспортини икки баробар оширишга доир битим имзоланди.

Бу битимга кўра, 2020 йилга бориб Туркманистон Хитойга йилига 65 миллион кубометр газ экcпорт қилади.

Икки мамлакат президентлари Хитойга узанган янги газ қувури учун манба ҳисобланган "Қалқиниш" газ конининг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар.

Санкт-Петербург саммитидан кейин Хитой Президенти Қозоғистонда бўлди.

Қозоғистон ва Хитой президентлари Остонада янги "Бейнеу-Бозой" газ қувурини ишга тушириш маросимида иштирок этганлар.

Остонадаги музокаралар сўнггида Президент Назарбоевнинг эълон қилишича, Қозоғистон ва Хитой яқин йилларда қиймати 30 миллиард долларга яқин 22 та шартнома имзолашни режалаштирмоқда.

Хитой расмийларига кўра, Тошкентда ҳам Пекин билан ўзаро муносабатлар ва ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадини кўзлаган қатор шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда.

"Икки мамлакат ўз муносабатларини 2012 йилда стратегик шериклик даражасигача кўтарганлар", дейишади хитойлик расмийлар.

Ўзбекистондан кейин Президент Ши Жинпинг Қирғизистонга йўл олади.

У ерда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити ўтказилади.

Бу мавзуда батафсилроқ