Uzwebiston: Тошкент аэропорти Ўзбекистоннинг энг шармандали нуқтаси

Футбол бўйича Иордания миллий термасининг бош мураббийи Ҳуссом Ҳасан Тошкент халқаро аэропортидан шикоят қилган. Бу ҳақда stadion.uz сайти хабар берди.

“Ҳуссом Ҳассан Ўзбекистон пойтахти аэропортидаги рўйхатга олиш жараёнидан ҳайрон бўлди. Иорданиянинг "Ал-Рай" газетаси Ҳуссом Ҳассанга таяниб хабар тарқатишича, аэропортда делегация аъзоларини рўйхатдан ўтказиш жараёни 2 соат давом этган”, - деб ёзади ўзбек нашри.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Ҳоссам Хасан Тошкент халқаро аэропортидан нолиган илк мутахассис эмас.

“Бунгача, Тошкентда меҳмон бўлган Япониянинг «Санфречче Хиросима» устози Хажиме Мориясу ва Хитойнинг «Бейжинг Гуоан» клуби бош мураббийи Александр Станоевич ҳам, қўл остидаги жамоалари Тошкент халқаро аэропортида кўп вақт ушланиб қолганликларини маълум қилишганди, - дейди нашр.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ЖЧ-2014 саралаш Осиё минтақаси плей офф жавоб баҳси Тошкентдаги Пахаткор стадионида 10 сенябр куни бўлиб ўтади.

Хабар остига изоҳ қолдирган мухлисларнинг бир қисми Иордания термасининг аэропортда қийналганини олқишлаган. Шаҳарнинг бедарвоза эмаслигини билдиришган.

Аэропортда иш ва хизмат юзасидан бўлган бошқа ўқувчилар унинг энг муаммоли жойлардан бири эканлигини айтган.

“Тошкент аэропорти Ўзбекистоннинг энг шармандали нуқтаси! Умуман расво. Ҳар гал учганимда наҳотки шу Ўзбекистон аэропорти деб ишонгим келмайди. Бунақаси фақат бизда бўлса керак”, - дейди KALONBEK исмли фойдаланувчи.

MARTINI нинг айтишича, Тошкент халқаро аэропортида шароитлар талабларга жавоб бермайди.

Тошкент аэропорти дунёдаги энг хунук,бефайз аэропортлардан бири. Хизмат кўрсатиш ноль. Ҳатто яқингача иккинчи қаватга оғир сумкалар билан зиналар орқали чиқилар эди, яқиндагина ғарбий қисмида эскалаторни қишлоқчасига қуриб битказишди. Ногиронлар учун қулайликлар ҳақида-ку гапирмаса хам бўлади. Энг оддий нарса, яъни аравачалар хам етишмайди. Борлари ҳам ўша совет давридан қолган аравачалар бесўнақай, оғир, ишлатишга ноқулай ва ҳаказо, - дейди у.

MARTINI рўйхатдан олиш масаласига чидаса бўлишини айтади.

“Регистрация масаласига келсак, чет эл фуқороларига қандай билмадим-ку, лекин чидаса бўлади. Аммо, божхона текшируви ооооооооо даҳшат. Шу даражада текширишадики, иложи бўлса трусикларни ҳам ечволиб текширса-да. Ўзбекистон учун бундай аэропорт шармандали. Самолётлар паркига гап сўз йўқ, лекин шунисига ҳурсанд бўлади одам”, - дейди футбол мухлиси.

Футболватани номли фойдаланувчи аэропортда ҳамма нарса жойида эканлигини ёзади.

“Ман Тошкент халқаро аэрапортидан кўп учаман кўп келаман. Атак бирор марта 30 дақиқадан ошиқ ушлаб қолмаган. Рўйхатдан ўтқазишда минимум 15 дақиқада чиқиб кетади. Проста бу Иорданияга сабоқ бўлсин, деб қилинган иш”.

Ушбу изоҳга жавоб берган HALAREAL уни аэропортда умуман бўлмаганликда айблайди.

"15 дақиқа? Дўстим хафа бўлмангу, аэропортда умуман бўлмагансиз шекилли. Тошкент аэропортида пасспорт назоратда камида 1 соат кутилади, кейин багаж 1 соатдан камига чиқмайди, ундан кейин божхона назоратида ками 1 соатда навбатиз келади. Мен ҳам иш юзасидан 5-6 давлатга чиқиб юраман, Тошкент аэропортидек секин ишлайдиган аэропортни кўрмаганман. Айниқса араваларни пуллик қилиб қуйганиничи? Ҳеч қайси давлатда кўрмаганман бунақа нарсани, қўшимчасига арава олиш учун фақат ўзбек сўмини қабул қилишади. Чет элдан келган одамда ўзбек сўми нима қилсин", - дейди HALAREAL

Яна бир ўқувчи Тошкент халқаро аэропортини Шимолий Корея билан солиштиради ва бор будини шилиб олмагин учун шукр қилиш кераклигини айтади.

“Ўша вактда Россиядан хам бирорта рейс келиб колгандурда, ўшаларни текширишга кўпрок вақт кетган, Шимолий Кореяга ўхшаб бор будунгни олиб кўйишса нима қилардинг”, - дейди JANUB.

SHUHRATBOY исмли мухлис: "Тезроқ ўтказиш учун аэропорт ходимлари футболчилардан пул кутгандир", дея ҳазил қилади.

“Ходимлар булардан ҳам у бу чиқармикин деб адашишган. Бирортаси шипшитиб куймабди-да, булар пидболчилар улардан пул чикмайди деб))”.