Хитойнинг 'беминнат' сармоялари ортида нима ётади?

Президент Каримов Хитойни бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаётгани учун мақтаган.

Ўзбекистон Президенти бу ҳақда Хитой Президенти Ши Жинпинг билан Тошкентда яккама-якка музокаралар ортидан гапирган.

"Хитой бизга ўзининг ишончли эканини исботлади ва бутун дунёга бошқа мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон билан қандай ҳамкорлик қилиш кераклигини кўрсатиб қўйди. Бу муносабатлар авваламбор, тенг ҳуқуқликка, ишончлиликка ва ҳаммасидан ҳам муҳими, ички ишларга аралашмасликка асосланган. Мен шу фурсатдан фойдаланиб таъкидлаб ўтишни истар эдимки, бизнинг шунча йиллик икки томонлама ҳамкорлигимиз даврида Хитой бизнинг олдимизга бирор марта ҳам қандайдир сиёсий шарт қўймаган. Бу нарса бўлмаган ва умид қиламанки, бундан кейин ҳам бўлмайди", деган Президент Каримов.

Тошкентдан олдин Туркманистон ва Қозоғистонда бўлган Хитой президенти ҳар бир мамлакат билан 30 миллиард долларга баҳоланаётган битимларни имзолаган.

Ўзбекистонда ҳам жами 15 миллиард доллардан зиёд деб кўрилаётган 31 ҳужжат имзолангани хабар қилинаяпти.

Шундан 7 миллиард 700 миллиони молиявий ресурслар бўлиб, шартномалар илм-фан ва техника йўналишларида ҳамкорлик, нефт ва газ шериклигини янада кенгайтириш, иссиқлик ва электр қуввати саноатларига сармояларни назарда тутади.

Мана шу бир ҳафтанинг ичида Хитой Марказий Осиё мамлакатларига 75 миллиард сармоя йўналтирмоқчи эканини маълум қилди.

Хўш, бундай сармоядорнинг инсон ҳақлари ёки сиёсий талабни илгари сурмаслиги яхшими ё ёмон?

Биз ушбу саволни Олма-Отада яшаётган мустақил сиёсий таҳлилчи Александр Князевга бердик.

Александр Князев: Мен ўйлайманки, бу нормал ҳолат. Қайсидир мамлакатдаги сиёсий вазият қандайдир танқид ёки босим воситаси бўлмаслиги керак. Икки мамлакатнинг ўзаро муносабатларида улардан бири қандайдир сиёсий, ижтимоий фуқаровий масалаларни ўзи учун муҳим деб билса, у шериги билан иқтисодий алоқаларини қисқартириши ё ривожлантирмасликни афзал кўриши мумкин. Лекин, қайсидир мамлакатнинг ички ишига аралашишга келганда, ҳар бир халқ ўз ҳукумати билан масалаларини ўзи ҳал қилиши керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Лекин кўплаб халқаро ҳисоботларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани учун танқид қилинади ва шунинг учун халқаро ташкилотлар Ғарб мамлакатлари раҳбарларидан Ўзбекистон ҳукуматининг олдига инсон ҳақлари масалаларини, сиёсий ислоҳотлар масаласини кун тартибига қўйишни талаб қиладилар. Вазиятни яхшилаш учун мана шундай талаблар қўйилиши ўринли эмасми?

Александр Князев: Бу нарсани Ўзбек халқининг ўзи ҳал қилиши керак, деб ўйлайман. Биз бугунги кунда дунёнинг кўп мамлакатларида мана шундай иддаолар билан бир мамлакатнинг ички ишларига аралашиш нималарга олиб келаётганини кўриб турибмиз. Лекин Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш унчалик кўп эмас. Агар Ўзбек жамияти қандайдир ўзгаришларга эҳтиёж сезса, бу жамиятнинг ўзи қонун йўли билан, тинч йўл билан ўзратиришни ясагани афзалроқ, деб ўйлайман. Нима учун? Бу худди Хитойда бўлганидек, иқтисодий ислоҳотлар ўзининг ортидан бошқа ўзгаришларни тортгани яхшироқ. мана биз СССР мисолида кўрдик. Аввал сиёсий ислоҳот ўтказамиз, дейишди ва бугун бундай мамлакатнинг ўзи харитада йўқ. Хитойда эса иқтисодий ислоҳотни биринчи ўринга қўйишди ва ҳукумат қандайдирдир сиёсий ва ижтимоий эркинликларга ҳам йўл очаяпти. Тўғри, бу йўл инқилобий эмас, эволюцион ва секин йўл. Нима бўлганда ҳам бу революцион йўлдан яхшироқ. Мана биз иккита инқилоб юз берган Қирғизистонни кўриб турибмиз. Бу мамлакат давлатчилик йўқолиб, жамият таназзулга юз тутиш аҳволига келиб қолган. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига нисбатан қаттиққўл сиёсатни юритаётгани тўғри. Бунга нисбатан биз жамият томонидан қандайдир ҳаракатни кўрмаётган эканмиз, демак жамият бунга тайёр эмас.

Би-би-си: Жуда кўплаб сиёсий таҳлилларда Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларини босиб олиши ҳақида хавотир билдирилади, Хитой экспансияси ҳақида гапириб келинади. Мана биз бугун кўраётганимиз Туркманистонга 30 миллиард, Қозоғистонга 30 миллиард, Ўзбекистонга 15 миллиардлик сармоялар ана шу башоратлар рўёбга чиқаётганини англатадими? Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Александр Князев: Мен ўйлайманки, Хитой Президенти Ши Жинпингнинг Ашхобод, Остона, Тошкент ва ундан кейин Бишкекка сафари принциал муҳим аҳамиятга эга. Шу пайтгача Хитой Марказий Осиёни Россиянинг таъсир доирасидаги минтақа деб кўриб келарди ва шундан келиб чиқиб Шўролар Иттифоқи парчаланганидан буён бу минтақада иқтисодий соҳада ҳам эҳтиёткорона сиёсат юритиб келаётган эди. Хитой Ғарбнинг бу ерга сармоя ётқизишига ҳам бамайлихотир қараб келган. Қисқа қилиб айтганда, Хитой Россияга бу минтақада ўзини эркин сезишига "қўйиб берган эди". Бироқ СССР тарқаганидан буён Россиянинг минтақадаги сиёсати унча ўзгаргани йўқ ва Россия Марказий Осиёда фаол эмас. Шундан келиб чиқиб мен шундай фикрга келаяпманки, Хитой раҳбариятида минтақага нисбатан янги қарор "пишиб етилган" ва минтақа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорликнинг янги дастури ишлаб чиқилган. Мана Бишкекда ШОС раҳбарлари йиғилаяпти ва ана ўша ерда Хитой президенти эндиги асосий масалаларни ҳал қилади, деб ўйлайман.

Бу мавзуда батафсилроқ