Ўзбекистон олийгоҳлари сиёсатшунос етиштириб беришни тўхтатди

Ўзбекистонда сиёсатшунослик бўйича мутахсасис етказиб бериш тўхтатилган.

Бунгача бир неча олийгоҳда ушбу соҳа бўйича алоҳида факультет сифатида очилган ҳар йили 100 дан ортиқ мутахассис етказиб бериб келинган.

Мутасаддилар ушбу қарорга бирор изоҳ бермаган. Кузатувчилар сиёсатшуносларни тайёрламасликни ҳукуматнинг қўрқуви билан изоҳламоқда.

Ўзбекистон Миллий Университетининг Сиёсатшунослик факультетида бир неча фандан дарс берган Фарҳод Толипов ва шу соҳадаги бошқа мутахассислар янги ўқув йилидан бошлаб севимли иши билан шуғуллана олмайди.

“3-4 университетда шунақа факультетлар бўларди. Вилоятларда ҳам бўлган бўлиши керак. Чунки, диссертация ёқлаш бўйича кенгашлар бўларди. Республика бўйича мана шундай 4 кенгаш бўларди. Бунинг ҳаммаси ёпилиб кетди”, - дейди Фарҳод Толипов.

ЎзМу, Шарқшунослик, Жаҳонг иқтисоди ва Дипломатия олийгоҳларидаги сиёсатшунослик факультетларининг нима сабабдан ёпилгани борасида расмий изоҳ берилмаган.

2012-2013 ўқув йили бўйича охирги битирувчилар ушбу соҳада дипломларини олган ва бу соҳага абитуриентларни қабул қилиш 4 йил олдин тўхтатилган.

Сиёсатшунослик бўйича аспирантурани битирган ва ҳозирда Францияда истиқомат қилувчи Камоллиддин Раббимов бу соҳа бўйича мутахассис етказиб бериш тўхтатилганига салбий қарайди.

“Муносабатим албатта салбий. Ўйлайманки, бу қарорнинг остида сиёсий мотивлар ётади. Чунки сиёсатшунослик бу – ҳокимият, сиёсий режимлар ва уларнинг табиати тўғрисидаги фан. Бу жамиятнинг сиёсий тафаккурини ривожлантирадиган ва уни деталлаштирадиган муҳим бўлган соҳа”.

Раббимов жаноблари Ўзбекистонда кўзга кўринарли сиёсатшуносларнинг камлигини ва бу соҳадаги мутахассисларн етиштириб бериш умуман тўхтатилгани сиёсий қўрқув билан боғлиқ эканлигини айтади.

Миллий университетда сиёсатшунослик факултетида дарс берган Фарҳод Толипов бу соҳада кўплаб ишлар қилинган бўлса ҳам ёш политологларга жамият томонидан катта эҳтиёж бўлмаганини айтади.

“Аслида шу вақтгача ёш политологларга иш бериш ва уларга мурожаат қилиш кўп учрамаганди. Уларнинг кўплари ўз касби бўйича ишламаган ҳам. Нафақат политология балки Фалфаса соҳасида ҳам инқирозий ҳолатлар кузатилаяпти. Бу ерда гуманитар соҳаларга нисбатан мутасаддиларнинг муносабати катта роль ўйнайди. ”, -дейди Фарҳод Толипов.

Толиповга кўра демократик ислоҳатлар кучли бўлмаган давлатларда сиёсатшуносларга нисбатан мурожаатлар бўлиши амримаҳол.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда эркин гапира олиш имконияти йўқлиги туфайли сиёсатшуносларга талаб йўқдек тасаввур пайдо қилаётганини айтади.

“Эътибор берсангиз 30 миллионли халқ учун 5-6 та сиёсатшунос бор ёки йўқ. Бу ҳақда гапирадиган, муаммоларни очиқ ойдин гапиришга имкон топадиган одамларнинг ўзи кам. Шундан келиб чиқиладики, Ўзбекистонга сиёсатшунос керак эмас. Аслида сиёсатшунос фақат режимни гапириши шарт эмас. Жамиятда социолог ва сиёсатшуносга ҳар доим эҳтиёж кучли. Чунки диншунослик билан кесишган соҳада сиёсатшунос бўлиш мумкин. Иқтисодий масалалар билан сиёсатшуносликни уйғунлаштирган тадқиқотчи бўлиши мумкин. Бу соҳа Ўзбекистонда жуда ҳам керак”, - дейди Камоллиддин Раббимов.

Факультетлар ёпилгани сабаб бу соҳада дарс берган ўқитувчиларнинг аксари ишсиз қолгбу соҳага яқинроқ бўлган Жамиятшунослик каби факультетларга ишга ўтган.

Сиёсатшуносларни тайёрлаш Ўзбекистонда 1993 йили йўлга қўйилган. Ўша вақти ушбу касб давлатнинг демократик ривожланиши учун керакли бўлган муҳим касб дея кўрилган.