Россияга пулсиз борувчи меҳнат муҳожирлари қўйилмайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Меҳнат муҳожирларидан Россияда ишлашга рухсатнома, тиббий қоғоздан ташқари етарли пул бўлиши ҳам талаб қилиниши мумкин.

Россия депутатлари меҳнат муҳожирларини мамлакатга пулсиз кириб келишига йўл қўймасликни таъкидламоқда.

Петербург қонунчилик йиғилиши депутатлари Россияга визасиз келувчи хорижликлар ҳисоб рақамида камида 36 минг рубл бўлишини мажбурийлигини ёқлаб чиққанлар.

Депутатларнинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирлари пулни банкда шу мақсадда очилган махсус рақамда сақлашлари лозим бўлади.

Бунинг исботи ўлароқ, хорижлик ўзида шунча пули борлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни кўрсатиши керак, дейишмоқда россиялик депутатлар.

Парламент депутатлари муҳожирларда тиббий суғурта қоғози бўлишини ҳам шарт қилиб қўйишни сўрамоқдалар.

Олдинроқ, Россия Президентининг ўзи ноқонуний муҳожирлик учун жазо чораларини кучайтиришни билдирган эди.

Бунга жавобан Москва шаҳри ва вилоятида, шунингдек Россиянинг кўплаб шаҳарларида ноқонуний муҳожирларга нисбатан текширувлар оммавий тус олди.

Россия Ички Ишлар вазирлиги москваликлардан ҳужжатсиз яшаб ва ишлаб келаётган хорижликлар ҳақида маълумотлар берилишини сўрашган.

Россия оммавий ахборот воситалари ёзишича, шанба куни Москва метроларида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган рейдлар ўтказилмоқда.

Бунда асосий эътибор ноқонуний муҳожирлик, ҳужжатларни сохталаштириш, қурол-яроғ олиб юриш ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши қаратилади.

Расмий маълумотлар бўйича, Россияда ҳозирги пайтда 13 миллиондан ортиқ муҳожирлар бор, улардан 3 миллиони ноқонунийдир.

Ноқонуний муҳожирларни Россиядан чиқариб юбориш давом этмоқда. Федерал Миграция хизматига кўра, шу кеча-кундузда Петербургдан 100 дан ортиқ ҳужжатсиз фуқаролар ватанларига қайтарилади.

Россия ҳукуматининг билдиришича, мамлакатдаги ноқонуний муҳожирлик кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай ошиб бормоқда. Иш излаб келувчи муҳожирларнинг аксарияти Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонданлиги айтилади.

Россияда ноқонуний муҳожирлар мавзуси Матвейск бозорида содир этилган тартибсизликдан сўнг қизғин муҳокамага сабаб бўлди, бунинг орқасидан юзлаб муҳожирлар ватанларига депортация қилинди.

Август ойи охирида Давлат Думасига Россияда яшаш тартибларини бузган муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам берилди.

БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти ҳисоботида келтирилишича, 2013 йил дунё бўйича меҳнат муҳожирларининг сони рекорд даражага етган.

Яъни бу- Ер юзи аҳолисининг 3,2 фоизи ёки 232 миллион киши деганидир. АҚШ ва Россияда муҳожирлар сони энг кўплиги қайд этилган.

Муҳожирларни ўзига жалб қилаётган давлатлар қаторига Олмония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Британия, Франция, Канада, Австралия ва Испания киритилган.