Қашқадарёда пахта теримига борган талаба қиз ток уриб ўлган

Image caption Ўзбекистон далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этмоқда.

Ҳуқуқбон Абдужалил Бойматовнинг қашқадарёлик фаолларга иқтибосан хабар беришича, 9 сентябрь куни вилоятнинг Косон туманидаги Ҳилол аҳоли масканида жойлашган "Агро-саноат" коллежининг 2 курс талабаси, 16 яшар Маҳлиё исмли қиз пахта мавсумининг қурбони бўлган.

Маълумотларга кўра, талабалар кечки вақтда пахта йиғим-теримидан кайтиб келаётганида, Маҳлиё коллеж яқинидаги лотокдан қўлини юваётганида сирпаниб кета бошлаган.

Сувга йиқилиб тушишдан хавотирланган Маҳлиё лоток ёнидаги электр симёғочини тутган. Воқеа жойида бўлган бошқа манбанинг фаолларга гапириб беришича, бу тунги ёритувчи кўча фонари бўлган. Симёғочда эса очиқ ҳолдаги, изоляция қилинмаган сим туфайли қизни ток урган.

Колледж маъмурияти ходимлари уни қай усулда токдан ажратишгани маьлум эмас. Қизни зудликда шу коллеж хўжалик ишлари мудирининг машинасида Қашқадарё вилоят "Тез тиббий ёрдам" касалхонасига олиб боришган.

Бироқ Маҳлиё йўлдаёқ оламдан ўтган экан. Маҳлиё Ҳилол яқинидаги Сарой қишлоғида истиқомат қилган.

Нега бу мудҳиш воқеа коллежга яқин жойда содир бўлганлигига ойдинлик киритиб беришни сўраган фаолларга ўқув юртдаги манба талаба қизлар коллеж ётоқхонасида, ўғил болалар эса ховлидаги чодирларда ётиб, пахта теришганини айтган.

Маҳлиё оиладаги уч фарзанддан бири бўлган. Ҳали 16 ёшдаги бу қиз "пахта сиёсати" туфайлик бу оламни эрта тарк этди. Энди Маҳлиё учун, унинг эрта тугаган ҳаёти учун ким жавобгар?

Ўзбекистон ҳукумати йилларки пахта-йиғим теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганликда халқаро танқидлар остида қолиб келади.

Ўтган йилдан бошлаб пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик айтилиб, уларнинг ўрнига барча соҳа вакиллари ёппасига пахта теримига жалб қилинган эди.

Лекин ҳуқуқ фаоллари республика далаларида ҳамон болалар пахта тераётганини хабар беришган.

Ўзбекистон расмийлари эса бу каби ҳоллар амалда эканини рад қилиб, баъзида болалар кўнгилли равишда ота-оналарига ёрдам беришаётганини билдиришган.

Бугунги кунда мактаб ўқувчилари пахтага олиб чиқилмаётгани расмийлар томонидан айтилсада, коллеж ёшидаги 15-16 ёшли ўсмирлар ҳар галгидек мажбурий пахта теримига жалб қилинмоқда.