Uzwebiston: Бойвачча 'Зенит' Одил Аҳмедовни сотиб олармиш...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Зенит" Россиянинг энг бойвачча ва серхарж жамоаларидан саналади

Агар, Россияда чоп этилувчи йирик нашрлардан бири "Известия"да чоп этилган хабарга таянилса, Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоаси ўзбекистонлик сара футболчини сотиб олишни режаламоқда.

"Зенит" Россиянинг энг бойвачча ва серхарж жамоаларидан саналади.

Айрим маълумотларга қаралса, ҳозир Одил Аҳмедов тўп сураётган "Анжи"нинг ўтган йилги бюджети 180 миллион долларни ташкил этган бўлса, "Зенит"ники 280 миллион долларга тенг бўлган.

Мақолада ёзилишича, Санкт-Петербург жамоаси Одилни қишки трансфер мавсумида сотиб олишни режалаштирмоқда.

"Известия" газетаси томонидан хабар қилинишича, "Зенит" Бош мураббийи Лучано Спалеттининг шахсан ўзи "меҳнаткаш ва жисмоний жиҳатдан кучли бўлган футболчига қизиқиш билдирган".

Аён бўлишича, питерликлар мураббийси ўзбекистонлик футболчини Константин Зиряновнинг ўрнига кўзламоқда.

Агар, ушбу мақола тафсилотларига таянилса, томонлар ўртасида дастлабки музокаралар бўлиб ўтган ва Одил Аҳмедов шу қишда "Зенит"га ўтиши мумкин.

Унинг трансфер қиймати эса, хабарда 10 миллион еврога баҳоланган.

Махачқалъанинг "Анжи"си Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири ва ўша пайтда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби сардори бўлган Одил Аҳмедов билан 2011 йилда тўрт йилга шартнома имзолаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi
Image caption Аён бўлишича, питерликлар мураббийси ўзбекистонлик футболчини Константин Зиряновнинг ўрнига кўзламоқда

Аммо ўзбекистонлик сара футболчи билан тўрт йиллик шартнома "Анжи"га қанчага тушгани расман эълон қилинмаган.

"Анжи" клуби раҳбарияти ўтган ой бошида кутилмаганда номдор ўйинчиларини сотиши, ўз бюджетини кескин қисқартириши ва бундан буёғига маҳаллий ёш футболчиларига орқа қилишини эълон қилганди.

Доғистонлик миллиардер Сулейман Керимовнинг ушбу қарори ортидан, "Анжи"ни орада кечган вақт ичида россиялик қатор сара ўйинчилари дохил сардори Самуэль Это'о, Лассана Диарра, Муборак Буссуфа, Виллиан, Жаоа Карлос ва Кристофер Самболар ҳам тарк этишган.

"Анжи" раҳбариятининг сўнгги баёноти ортидан Россиянинг турли интернет нашрлари ва оммавий-ахборот воситаларида Одил Аҳмедовга маҳаллий "Краснодар" ва "Зенит" клублари қизиқиш билдиришаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Бироқ "Анжи" матбуот воизи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Одил Аҳмедов ҳозирча клубда қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий эканини билдирганди.

"Известия" газетаси шу йил июн ойида ўзбекистонлик юлдуз футболчига Лондоннинг "Арсенал" жамоаси қизиқиш билдираётгани ҳақида ёзганди.

Ушбу хабарларда Оврўпонинг энг олд жамоаларидан бўлган "Арсенал"нинг Одил Аҳмедов учун 4 миллион евро тўлашга рози" экани айтилганди.

Одил Аҳмедов 2012 йилда ўзи ҳозир тўп сураётган "Анжи" клубида ўтган мавсумнинг "Энг зўр футболчиси", деб топилганди.

"Зенит" бу йилги мавсумда Россия чемпионлигига энг асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.

Санкт-Петербург жамоаси жорий пайтда 8 ўйиндан 17 очко тўплаб, турнир жадвалида ЦСКА ва "Локомотив"дан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.