Ўзбекистонда хавфсизлик учун масъул раҳбарлар ўзгартирилган

  • 21 Сентябр 2013
Image caption Uzmetronom.com веб-сайти кадрлар ўзгариши ҳақидаги президент фармони 18 сентябр куни имзолангани ҳақида хабар қилган.

Қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар тарқатишича, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик кенгашининг котиби ва Ўзбекистон Мудофаа вазирининг ўринбосарлари алмашган.

Ўзбекистондаги расмий доираларидаги манбаларига таяниб Uzmetronom.com веб-сайти хабар қилишича, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик кенгашининг котиби этиб Виктор Маҳмудовни тайинлаш ҳақидаги фармонни Президент Ислом Каримов 18 сентябр куни имзолаган.

Шу пайтгача Ўзбекистондаги асосий кучишлатар тизимлари фаолиятини мувофиқлаштирадиган кенгашни бошқарган генерал Баҳодир Тошматовнинг Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинган.

Генерал-лейтенант Виктор Маҳмудов бунгача Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари ва Ўзбек армияси Бош штаби бошлиғи лавозимларини эгаллаб келган.

Энди Мудофаа вазирлиги Бош штабининг бошлиғи этиб Шавкат Норматов этиб тайинланган, унга ҳам Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари лавозими берилган.

Uzmetronom.com хабар қилишича, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик кенгашининг янги котиби Виктор Маҳмудов 1968 йилда туғилган.

Генералнинг ҳарбийлар сулоласи вакили экани, Тошкентдаги ҳарбий умумқўшин қўмондонлиги билим юртини тамомлагани хабар қилинган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик кенгашини 2011 йил декабригача Мурод Отаев бошқарган, ўшанда унинг ўрнига Баҳодир Тошматов тайинланган эди.