UzWebiston: Скобелев мадҳ этилгани Гулнора Каримовага ёқмади

  • 21 Сентябр 2013

Россиянинг РТР телеканалида намойиш қилинган Марказий Осиё ишғолчиси Михаил Скобелев ҳақидаги ҳужжатли фильмдан олган таассуроти билан Гулнора Каримова Twitterдаги саҳифасида ўртоқлашди.

Унинг ёзишича, Скобелев ҳақидаги фильм ёқмаган.

"РТРда ҳужжатли фильмга ўхшаш нарсани кўрдим", деб ёзади Гулнора Каримова рус тилида Twitterда.

"У Россия миллий ғоясининг қаҳрамони ҳам, ҳаммани ҳамма нарсадан озод этувчи жангчи ҳам, туркий ва шарқий ерларда саргардон бўлган киши ҳам, Петропавловск қалъаси комендантининг ўғли ҳам. Ўша ердаги тартибларни мерос қилиб олган. У Ўрта Осиёдаги бир неча хонликларнинг олов ва темир билан кулини кўкка совурган, у "қуролсиз, аниқроғи, замбаракларга қарши қиличлар билан қуролланганлар"нинг юрагига ўнлаб йиллар қўрқув солган. Маълум бўлишича, ва буни биз фильмдан билиб оламиз: Скобелев бутун дунёдаги қулликка славянлар томонидан чек қўйиш мақсадида Ўрта Осиёга юриш қилган, бу қулларнинг нархи Хева бозорида 1000(рубль) бўлган ва улар "тинимсиз рейдлар" оқибатида бу ерга тўплаб келтирилган, у болаларни ҳам қулликдан озод қилган, у ўзининг армиясидан 17 баравар кўп бўлган даҳшатли қўқонликлар устидан атиги олти кишини йўқотиб ғалаба қозонган(у уларни отаётган пайт қандай қурол билан билан қуролланган бўлса экан?) У Хевада бош суякларидан ҳосил бўлган тоғ суратини чизган Верешчагинни руҳлантирган; бу муаллиф туб жой аҳолисини генетик ёмон кўрган ва ўқ отишда маҳоратли бўлгани учун орден олган(эътибор беринг, ижоди учун эмас). Скобелев губернатор Кауфман билан бирга пахта навларини сотиб олган ва Ўрта Осиёни пахта етиштиришга ўргатган(биз бўлсак асрлар давомида пахтадан кийим кийганмиз, деб ўйлаб юрар эдик). (Бу фильмдаги) "семиз шамалардан" бир нарса аниқ, биз ҳеч нарсага ярамаймиз, биз қўлимиз билан овқат еймиз, наркотик чекамиз ва бизни бахтли қилган "хайрли иш"лари учун Скобелевларга ҳайкал қўймаймиз. Бу нарсалар аниқ кўринади. Буларнинг ҳаммаси нимани англатади?", дея савол қўйган Гулнора Каримова 17 сентябр куни.

"Vadim Treshyov" исмли Twitter фойдаланувчиси шундай ёзган: "Бу Россиянинг Марказий Осиёдаги XIX асрдаги ҳозирлигига нисбатан қизиқарли ва ноодатий нуқтаи-назар".

Гулнора Каримова шундай ёзади: Умуман, биз фильмдан англаганимиз, Скобелев Александр Македонскийнинг, тўғрироғи Ахиллеснинг никоҳсиз туғилган ўғли бўлган - бу нарса аниқ эмас. Лекин бу ҲУЖЖАТЛИ фильмни томоша қилиб кўринг... У ерда (Фарғона) водийда одамлар нишолдани қўллари билан ейдилар, тўгарак бўлиб олиб ҳашиш чекадилар. Фильмда акс этган нарсалар шу!"

"Azizkhan-Akhmedov" исмли муштарий шундай муносабат билдирган: "Бу бир пайтлар йўқотилган Россия ерларини бир жойга тўплаш" ғояси ва нафталин ҳиди анқиб турган (туб аҳолини) "маданийлаштириш миссияси" ҳақида эслатишдир.

"Қанақа маданийлаштириш ва илғорлик ҳақида гапираяпмиз? Уларда бу(цивилизация) ҳеч қачон бўлмаган ва булмайди ҳам", дея шарҳ қолдирган "De Kam" исмли веб-фойдаланувчи.

"(Бизни) Ўқитиш. Бизнинг тарихимиз қадимийроқ ва кўплаб ютуқларга тўла", дея қўшимча қилган "De Kam".

"Афсуски улар қандай қилиб самогонга бўкканлари ва ертўла уйларда яшагани ҳақида ҳужжатли фильмлар сақланиб қолмаган. Улар бизга нимани кўрсатмоқчи бўлишаяпти?", деб савол берган "De Kam".

"Saifutdinov Zarif" исмли Twitter муштарийси ёзади: "Ўша "даҳшатли" Қўқон халқи мустақиллик нима эканлигини тушунган ва билган маърифатли халқ бўлган!"

"Бу билан улар ўзларининг шуҳрат ва ютуқлари қанчалар "БУЮК" эканини, уларга солиштирганда биз қанчалар кичкина одамлар эканимизни кўрсатиб қўймоқчилар. Бу адолатсизлик, бир тарафлама ва нохолис!", деб ёзган "Dilfuza Kurolova".

Wikipediaга кўра, Михаил Скобелев XIX асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё ҳудудларини босиб олган Россия генерали бўлган.

Ўлимидан кейин ҳозирги Фарғона шаҳрига Скобелев номи берилган.

Рус болшевиклари ҳокимиятни қўла киритганларидан кейин Чор Россияси генерали номини олиб ташлаб, шаҳарга Фарғона номини берганлар.

ХХ аср бошида Россияда генерал Скобелевнинг ҳаёти ва фаолиятига юқори баҳо берилган кўплаб илмий-тарихий асарлар, мақолалар эълон қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ