Ўзбек аскарлари Хитойда ҳарбий тайёргаргарликдан ўтадими?

  • 22 Сентябр 2013

Хитой оммавий ахборот воситаларининг хабар тарқатишича, Ўзбекистон билан Хитой Мудофаа вазирларининг Пекиндаги учрашувида икки мамлакат ҳарбий ҳамкорлигини янада кучайтиришга келишиб олинган.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев билан Хитой Мудофаа вазири ва Хитой Давлат кенгаши аъзоси Чан Ванцюан учрашганлар.

Хитой матбуотининг жаноб Чандан иқтибос келтиришича, Ўзбекистон Хитойнинг дўст қўшниси ва стратегик шеригидир.

"Хитой икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги прагматик ҳамкорликни юксак қадрлайди", деб айтган Мудофаа вазири Чан Ванцюан.

Маълумки, 8-, 9- ва 10-сентябр кунлари Хитой Президенти Ши Жинпинг Ўзбекистонда бўлган, икки мамлакат ўртасида ўнлаб янги шартномалар имзоланган.

Хусусан, умумий қиймати 15 миллиард долларга баҳоланган 31 битим имзолангани хабар қилинган.

Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги келишувлар орасида ҳарбий ҳамкорликка оид ҳужжат ҳам бўлган.

Пекинда Мудофаа вазири Чан Ванцюан эслатишича, Президент Ши Жинпинг билан Президент Ислом Каримов Хитой ва Ўзбекистон армиялари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришни янада янги босқичга кўтаришга келишганлар.

"Хитой томони ушбу келишувни ҳаётга татбиқ этишга тайёр", деб айтган жаноб Чан.

Икки мамлакат ҳарбий идоралари раҳбарларининг музокарасида айтилишича, Хитой томони Ўзбек томони билан ҳамкорликни қатор соҳаларда янада кенгайтиришни истайди.

Буларга юқори мақомдаги ҳарбий зобитларнинг бориб келишлари, ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш, Ўзбекистон ва Хитой ҳарбийлари иштирокида қўшма ҳарбий машқларни ташкил қилиш ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликлар киради.

Хитой матбуоти хабар қилишича, Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев икки мамлакат ҳарбийлари ҳамкорлиги йўлида эришилган ютуқларни юксак баҳолаган.

Ўзбек тарафи Хитойнинг Ўзбекистонга кўрсатаётган кўмагини қадрлаши ва икки мамлакат қуролли кучлари ҳамкорлигидан тобора кўп натижа кутиб қолишини билдирган Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев.

Бу мавзуда батафсилроқ