Қозоғистонда ичида 100 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилган

Image caption Қозоғистон йўлларида йирик автоҳалокатлар тез-тез юз бериб туради.

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Москвадан Тошкентга қараб кетаётган “Мерседес” русумли автобус ағдарилган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, автобус ичида тахминан 100 нафар ўзбекистонлик бўлган.

Якшанба куни маҳаллий вақт билан 21:25 атрофида автобус йўлдан четган чиқиб кетган ва ағдарилган.

Ҳалокат натижасида 10 нафар йўловчининг жароҳат олгани айтилмоқда.

Шифокорлар етти нафар йўловчига тиббий ёрдам кўрсатиб қўйиб юборган.

Яна уч киши “ёпиқ бош чаноқ жароҳати” ва “бош мия чайқалиши” ташхиси билан шифохонадан чиқарилган.

Ақтўбе вилоят ички ишлар департаменти берган хабарга кўра, 55 кишига мўлжалланган автобусга 98 киши олинган.

Бадамша посёлкасидан 18 чақирим масофада 61 ёшли ҳайдовчи тезликни оширган вақти автобусни бошқаролмай қолган.

Ҳаддан зиёд кўп юк ортилган автобус ағдарилиб кетган.

Ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилган.

Қозоғистон ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга қуруқлик орқали қатнашда асосий йўли ҳисобланади.

Энг арзон транспорт воситаси бўлмиш автобус хизматидан меҳнат муҳожирлари кенг фойдаланади.

Ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, рулда ухлаб қолиши, йўл сифатининг ёмонлиги ва аксар йўлларнинг фақат икки йўналишга эгалиги ҳалокатларга бош сабабчи қилиб кўрсатилади.

Бу мавзуда батафсилроқ