"Амнести интернэшнл" журналист Сергей Наумовнинг қийноққа тутилишидан хавотирда

Image caption Журналист Сергей Наумов Хоразмда пахта мавсумининг бориши тўғрисида ўрганаётган бўлган.

"Амнести интернэшнл" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистонда ҳибсга олинган мустақил журналист Сергей Наумовнинг тақдиридан хавотирланиб, мурожаат билан чиққан.

Ҳуқуқ фаоллари ва журналистнинг ҳамкасблари Сергей Наумовнинг овозини ўчириш учун Ўзбек ҳукумати турли қийноқ усулларини қўллаши мумкинлигидан хавотирланмоқда, дейилади халқаро ташкилот мурожаатида.

50 ёшли мустақил журналист Сергей Наумов 21 сентябр куни Ургенчдаги уйидан милиция ходимлари томонидан олиб кетилган.

Журналистнинг ўзи бу ҳақда кечки соат еттиларда телефон орқали хабар беришга улгуради.

Бироқ ўшандан буён унинг қаердалиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Наумовнинг қаердалиги ҳақида билишга уринган ҳуқуқ фаоллари ва дўстлари ҳеч бир натижага эришолмаганлар.

Сергей Наумов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиб, имкон даражасида халқаро ташкилотлар ва ахборот воситалари, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлик қилиб келган.

Унинг ҳамкасблари ва дўстлари ҳукумат Хоразмда пахта мавсуми қандай кетаётганини ўрганаётган Сергей Наумовнинг фаолиятига халақит бериш учун уни сохта айбловлар билан ушлаб турилган бўлишини айтишмоқда.

Сергей Наумов бундан олдин ҳам пахта далаларидаги шароит ҳақида танқидий мақолалар эълон қилгани сабабли ҳукумат томонидан босимларга учраган.

Айни пайтда Сергей Наумовнинг қаерда ушлаб турилгани номаълум қолаётганлиги ва унинг бу вақт ичида сохта айбловлар учун кўрсатма беришга мажбурлангани ҳақида хавотирлар билдирилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро "Амнести интернэшнл" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Сергей Наумов тақдири ҳақида маълум қилиш ва уни зудлик билан озод этишга чақирган.

Бундан олдин қароргоҳи Францияда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" бирлашмаси ҳам халқаро жамоатчиликка мурожаат қилган.

"Сергей Наумовнинг ғойиб бўлиши хавотирни уйғотади, чунки унга Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир неча марта таҳдид қилганлар", деб айтилганди мурожаатда.