Тошкентда ҳуқуқ фаоли Фахриддин Тиллаев ҳибсга олинди

  • 25 Сентябр 2013
  • изоҳлар
Image copyright none
Image caption Фахриддин Тиллаев мардикорлар ҳуқуқлари учун ҳам курашиб келади.

Ўзбекистондаги фаолларга кўра, мажбурий болалар меҳнати туфайли Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимлар ошиб бораётган бир пайтда ҳукумат ҳам маҳаллий фаолларга босимларини кучайтирмоқда.

Хоразмлик журналист Сергей Наумов пахта йиғим-теримини кузатиш учун далага чиққан пайтида милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Журналистнинг маъмурий жавобгарликка тортилиб, 12 кеча-кундузга қамалгани хабар қилинмоқда.

Сергей Наумов қўлга олинган куни Тошкентда мардикорлар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган Фахриддин Тиллаевни 15 суткага қамаш ҳақида Чилонзор маҳкамаси қарор чиқарган.

Фахриддин Тиллаев мухолифатдаги Эрк партиясининг ҳам аъзоси ва Ўзбекистон мустақил мардикорлар касаба уюшмасини тузган фаоллардан ҳисобланади.

У безорилик, интернетга мақола ёзиш ва туҳмат бандларида айбдор деб топилган.

Сохта айбловлар билан инсонларга босим ўтказиш одатга айланган Ўзбекистонда ҳуқуқ тартибот идоралари фаолларга нисбатан одам савдоси, жинсий зўрлаш, товламачилик каби айбловларни кўплаб қўллаётгани ташвишланарли ҳолдир.

Бундан олдин "Бирдамлик" ҳаракати фаоли Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев жинсий зўрлашда айбланиб беш йилга қамалган. Яна бир ҳуқуқбон Бобомурод Раззоқов одам савдосида айбдор топилиб, тўрт йилга ҳукм қилинган эди.

Ҳамкасбларининг айтишича, фаолларга қўлланилаётган жазо чоралари уларнинг ҳуқуқбонлик фаолиятлари туфайли бўлиб, ҳукумат шу йўл билан республикадаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида хабар бераётган инсонларнинг овозини ўчиришни истайди.

Куни кеча Халқаро Меҳнат Ташкилоти назоратчилари пахта териш мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишни монитор қилиш учун Ўзбекистонда ўз фаолиятларини бошлаган пайтда расмийлар учун ҳуқуқ фаоллари кўздан четда бўлиб тургани маъқулроқ кўрилади.

Би-би-си Чилонзорда ўтган маҳкамани кузатган тошкентлик фаол Абдулло Тожибой ўғлидан Фахриддин Тиллаевнинг ҳозир қаерда эканини сўради.