Лола Каримова-Тиллаева: "Матбуотда мени "диктаторнинг қизи" дейишлари шахсиятимга оғир ботади"

  • 25 Сентябр 2013
Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Президент оиласи бўйлаб кетган фавқулодда дарз ҳақида илк бор очиқча гапирди.

Ғарб ахборот воситалари орасида илк бор Би-би-си Ўзбек хизматига берган шарҳларида Каримова-Тиллаева хоним ўз опаси Гулнора билан 12 йилдан бери гаплашмаётганини айтган. Шу билан бир қаторда у ўз отаси бошқарган ҳокимиятнинг энг зиддиятли сиёсий амалларидан ўзини масофалантирган.

Каримова-Тиллаева хонимлари Би-би-сига юзма-юз интервью беришдан бош тортган, бироқ ёзма тарзда берилган барча саволларга жавоб беришга кўнган.

Би-би-си Ўзбек хизмати электрон почта орқали унга ўн саккизта савол юборган ва айни шу тарзда бу саволларга жавоб олган. Каримова-Тиллаева хонимлари қўшимча саволларга жавоб беришдан бош тортган, шу туфайли, ҳамда бевосита мулоқот юз бермаганлиги учун, журналистларимиз унинг шарҳларини қўшимча саволлар ила тергаш имконидан маҳрум бўлишган.

Би-би-си учун материални бу йўлда чоп этиш одатдан ташқари ҳолдир. Бироқ муҳаррирлар орасида юз берган батафсил муҳокамалар натижасида биз Лола Каримова-Тиллаева хонимларининг шарҳларини тўла тарзда босишга қарор қилдик. Бунга материалнинг нодирлиги, ундаги мазмуннинг оммавий қизиқтириш салоҳияти, ҳамда Ўзбекистон ва минтақадаги ўқувчиларимиз учун аҳамияти асос бўлди.

Қуйида ўзаро ёзишманинг тўла версияси билан танишинг:

Би-би-си: Нима учун Rue89 нашри устидан маҳкамага шикоят қилдингиз? Бу билан нимани исботламоқчи эдингиз? Бу қадамингиз тўғри бўлган эди деб ўйлайсизми?

Каримова-Тиллаева: Саволингизга жавобимни ушбу француз нашрига қарши шикоят қилишимга асос бўлган шарт-шароитларни изоҳлаб беришдан бошлашни истар эдим. Туҳмат ва бўҳтон аломатларини, менинг фикримга кўра, ўз ичига олган Rue89 мақоласи Алцгеймер касаллиги билан оғриган беморларнинг Ницца шаҳри яқинидаги касалхонаси қурилиши учун маблағ тўплаш мақсадида 2009 йил апрелида ўтказилган хайрия тадбиридан сўнг чоп этилган эди. Мазкур тадбирнинг бош ташкилотчиси Клод Помпиду жамғармаси эди. Бу жамғармага бугунда ҳам Францияда чексиз обрў ва ҳурматга сазовор бўлиб келаётган Бернадетт Ширак хоним - собиқ президент Жак Ширакнинг рафиқаси раҳбарлик қилади. Тадбирдан аввал мен билан суҳбатида Ширак хоним улар мазкур лойиҳа учун ҳали ҳам ҳомийлар излаётганини айтди ва мен, ўз навбатида, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ушбу хайрия тадбири доирасида ўзбек санъат усталари кўргазмаси ва кеча уюштиришга қарор қилдим. Бу ерда таъкидлаш муҳим бўлган жиҳати шуки, мазкур тадбирга келган барча иштирокчилар авваламбор Ширак хонимга бўлган ҳурматлари ва Францияда Алцгеймер хасталиги билан оғриган беморлар касалхонаси қурилиши учун маблағ тўплашдек олийжаноб мақсадни кўллаб-кувватлаш учун келдилар. Ва, табийки, мен гўёки актриса Моника Белучига бу тадбирда икки соат иштирок этиши учун ақлга сиғмайдиган миқдорда пул тўлаганим борасидаги айбловлар - абсурд. Мен вазиятни ва ҳозирги вактда кўп инсонлар учун замон қанчалар осон эмаслиги ва кўпчилик ўз оилаларини боқиш учун қанчалар оғир меҳнат билан пул топишаётганларини жуда яхши тушунаман, ва шундай экан, шахсан мен учун бундай даъволар ҳақоратлидир. Масаланинг айни шу жиҳати шу тарзда жавоб беришимга ва бу нашр устидан шикоят қилишимга асосий сабаб бўлди. Rue89 нашрига қарши шикоятим борасида очилган маҳкама иши энг қизиган вақтида оммавий ахборот воситаларининг эътибори асосан гўёки мен ўз отамга нисбатан "диктатор" сўзи қўлланиши туфайли арз қилганимга қаратилган эди. Мана шу ерда мен бир аниқлик киритишни истар эдим - мен бу сўзнинг нақадар ҳаққоний ё ҳаққоний эмаслигига қарши арз қилганим йўқ эди, чунки яхши тушунаманки бу сиёсий термин. Оммавий ахборот воситалари, ҳеч шак-шубхасиз, ўз нуқтаи назарлари ва ўз фикрларига эга бўлишдек ҳуқуқга эгадирлар. Лекин, мен ҳақимда матбуотда гапира туриб, мени фақат "диктаторнинг қизи" деб тилга олишлари менинг шахсиятимга оғир ботади. Ҳар бир инсон бу дунёга келар экан, шахс сифатида қабул қилиниш, ўз шахсий фазилатлари, қилган ишлари, қарашлари ва босган қадамларига қараб баҳоланиш ҳуқуқига эга. Мен нашр устидан шикоят қилиб, тўғри йўл тутдим деб биламан. Ўзимни матбуотдаги бўҳтонлардан ҳимоялаш билан мен ҳар қандай инсонда бор ҳуқуқдан фойдаландим. Биламан, кўп ҳолларда бир жойга борсам менинг номим хонага ўзимдан олдин кириб келади, аммо, мени ўз фикри, тамойиллари, дунёқараши ва жаҳонда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати бўлган шахс сифатида кўришларини истардим.

Би-би-си: Нима учун мазкур маҳкама иши давом этаётган даврда сукут сақлаб келдингиз ва энди гапиришга рози бўлдингиз?

Каримова-Тиллаева: Мен у вақтда саккиз ойлик хомиладор эдим. Ўзиминг ва фарзандимнинг соғлиги мен учун муҳимроқ эди. Мен можароларни ҳуш кўрмайдиган инсонман, ва бу маҳкама ишига шахсан аралаша оламан деб ўйламагандим. Ундан ташқари, менинг адвокатим маҳкама ва матбуотга менинг нуқтаи-назаримни имкон қадар етказиш йўлида барча ишни қилди, лекин у вақтда бизнинг нуқтаи-назаримиз ҳеч кимга қизиқ эмасди, уни эшитишни истамадилар. Одамлар кўп ҳолларда фақат ўзлари эшитишни истаган гапни эшитишади. Вақти келиб менга қулоқ тутишларини билардим, шундай экан сиз бу саволга қайтганингиздан ва ўз тилим билан ўз нуқтаи-назаримни ёритиш имкони пайдо бўлганидан мамнунман.

Би-би-си: Сиз дипломатсиз - Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчисисиз. Келгуси сиёсий амбицияларингиз қандай, агар бўлса?

Каримова-Тиллаева: Собиқ совет ҳудудидаги президентлар оилаларининг аъзолари ҳақида гап кетганда, бу савол матбуотда жуда долзарб масала ҳисобланади. Мен сиёсат жуда мураккаб ва масъулиятли иш эканини яхши тушунаман. Шак-шубҳасиз, инсон унга бутун умрини бағишлаши керак бўлади. Ҳозирча мен ўзимни сиёсатчи бўлиб етишишимни тасаввур қилмайман. Мен учун бугунда энг устивор масала бу менинг оилам: турмуш ўртоғим ва фарзандларим.

Би-би-си: Оилангиз ҳақида бир оғиз айтиб беринг.

Каримова-Тиллаева: Турмуш ўртоғим Тимур Тиллаев билан уч фарзандимиз бор: икки қиз ва бир ўғил. Мен ҳаётимда мен учун шунчалар катта дастак бўлган, ҳамда қарашларимиз ва тамойилларимиз мос тушадиган инсон борлиги учун Худодан беҳад миннатдорман. Умид қиламанки, биз Тимур билан ота-она вазифасини яхши бажараяпмиз. Тўнғич қизимиз Марям вояга етай деб қолди. Ўғлим Умар етти ёшда, кенжа қизимиз Сафия эса баҳорда икки ёшга тўлди. Биз учун, ота-она сифатида, энг муҳим вазифа бу фарзандларимизга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларни мустаҳкам ахлоқий ва маънавий қадриятларга эга инсофли ва камтар инсонлар қилиб тарбиялашдир. Катта бўлганда ким бўлишлари бу уларнинг иши. Мен улар катта бўлганларида бошқалар уларни яхши инсон деб танишларини истар эдим.

Каримова-Тиллаева хоним ўз опасининг президентликка сайланиш имкониятлари катта эмаслигига ишонади

Би-би-си: Бугунда ҳам Ўзбекистон ичкарисида, ва ҳам ташқарисида отангиз - Ўзбекистон президентининг эҳтимолий меросхўри мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда. Сиз кимни энг кучли номзод деб биласиз?

Каримова-Тиллаева: Бугунги кунда мавжуд маълумотга асосланиб айтадиган бўлсам, ҳаммага шундоқ ҳам маълум бўлган нарсани айтишим мумкин, холос. У ҳам бўлса, президентлик сайловлари 2015 йилда бўлиб ўтади ва, назаримда, меросхўр ким бўлиши борасида башоратлар қилишга ҳали эрта. Ким келгуси президент бўлиши сайловларда аён бўлади.

Би-би-си: Опангиз - Гулнора Каримованинг президент бўлиб сайланиш имкониятларини қандай баҳолаган бўлардингиз?

Каримова-Тиллаева: Мен унинг имкониятлари катта эмас деб биламан.

Би-би-си: Опангиз билан муносабатларингиз қандай? Ҳаётда ёки бизнесда рақобатлашасизларми?

Каримова-Тиллаева: Мавжуд бўлмаган муносабатларни тасвирлаб бериш қийин. Мен ва опам бир-биримиз билан 12 йилдан ортиқки мулоқот қилмаймиз. Буни ҳеч қачон яширмаганмиз, ва бундан кўплар хабардор. Кўп йиллардан бери ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Орамизда на оилавий, на дўстона алоқалар бор. Савол сўрашингиздан олдин айтмоқчиманки, оилавий маросимларда ҳам кўришмаймиз.

Би-би-си: Нима сабабдан?

Каримова-Тиллаева: Биз мутлақо бошқа-бошқа одамлармиз. Ҳар қандай яхши муносабатлар бўлиши учун дунёқарашлардаги ўхшашлик ёки характерларнинг ўхшашлиги, ёки бир хил қизиқишлар ва одатлар мавжуд бўлиши зарур. Икки инсоннинг қарашларида қандайдир яқинлик бўлиши керак - лекин бизнинг ўртамиздаги муносабатларда бу ҳеч қачон бўлмаган. Биз мутлақо фарқли шахслармиз, ва, эслайманки, болалигимиздан буён шундай бўлганмиз. Ўзингиз тушунасиз, бундай фарқлар йиллар ўтиб фақат чуқурлашиб боради.

Би-би-си: Опангиз ҳақидаги салбий матбуот хабарларига, айниқса ТелиаСонера ширкати билан унинг ўртасидаги бизнес шартномалари борасидаги хабарларга қандай қарайсиз? Ва Ўзбекистон президенти опангиз ҳақидаги салбий маълумотлардан нақадар хабардор?

Каримова-Тиллаева: Опам ҳақидаги ҳамма маълумотни, шу жумладан, ТелиаСонера борасидаги хабарларни ҳам мен хорижий матбуот воситалари, шу жумладан Би-би-си сайтидан оламан. Ўзбекистон президенти булардан нақадар хабардор эканига келсам, менда бу борада ҳеч қандай маълумот йўқ, чунки Ўзбекистонда кўп бўлмайман, йилига атиги 2-3 марта бораман, холос. Отам билан учрашганимда сиёсий масалаларни муҳокама қилмаймиз, ва бу мавзуга ҳам ҳеч тўхталмаганмиз.

Би-би-си: Яқинда отангизнинг саломатлиги ёмонлашгани борасида кўп миш-мишлар тарқалди. Сиз унинг соғлигини қандай баҳолайсиз?

Каримова-Тиллаева: Охирги 10 йил ичида матбуотда отамнинг саломатлиги борасида пайдо бўлаётган хабарлар мутлақо асоссиз ва мутлақо ҳақиқатдан йироқ эканини айтишни истардим. Мен ҳар бир инсонга 75 ёшга етганида менинг отамдек ўзини ҳис қилишини тилаган бўлар эдим. У спорт билан шуғулланадиган инсон, ва эсимни таниганимдан бери отам ҳар доим ўз соғлигига яхши қараган.

Каримова-Тиллаева ўзи учун устивор масала оиласи эканини айтади

Би-би-си: Хайрия фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берасизми? Бу сизнинг ташаббусингиз бўлганми ё ҳукуматники?

Каримова-Тиллаева: Мен ҳали талабалик давримданоқ меҳрибонлик уйларидаги болалар ва имкониятлари чекланган болаларга ёрдам бериш соҳасида хайрия фаолияти билан шуғулланишни бошлаганман. Мен бу ҳақида гапиришни унча ёқтирмайман, чунки хайрия бировлар учун эмас, инсоннинг ўзи учун қилинадиган иш. Бир нарсани сездимки, бу ҳақида қанча кўп гапирсанг, ундан шунча кам ҳузур олар экансан. Охирги 11 йил ичида нималарга ўзимни бағишлаганим ва нима билан шуғулланганим ҳақида қисқача айтиб берадиган бўлсам, менимча, аввалига "Сен ёлғиз эмассан" номли менинг илк хайрия ташкилотимдан сўзни бошлашим керак. У 2002 йилда мен у давргача ўзим кўриб, фикр юритиб келган зарурат асосида яратилди. Бу ташкилот ноҳукумат ташкилоти бўлиб, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ёрдам беради, ва унинг энг асосий мақсади бу болаларга имкон қадар яхши яшаш шароитини яратиб бериш ва уларни таълим-тарбия билан таъминлашдир. Биз меҳрибонлик уйларидаги болаларни уларга зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаймиз, ва бу уйлардаги турмушни яхшилаш учун таъмирлаш ва қурилиш ишларини бажарамиз. Муҳими, бу жамғарма қошида етим ва имконияти чекланган болалар чуқурлашган таълим оладиган ўқув маркази ҳам фаолият кўрсатади. Биз бу ўқув марказида уларга нафақат касб танлашга ёрдам берамиз, балки коллежлар ва университетларга киришга тайёрлаймиз. Биз ота-онаси йўқ болаларга ҳаётда ўз ўринларини топишга, махсус муассасаларни битириб чиққанларидан сўнг касб-ҳунарни эгаллашларига ёрдам берамиз, уларга яшаш учун жой топиб берамиз, ва агар зарурат бўлса, юридик ёрдам кўрсатамиз. Бир нарса борасида сиз билан ўртоқлашмоқчи эдим - мен Оврўпога 90-йиллар охирларида илк бор сафар қилганимда, имконияти чекланган инсонлар учун жамоат жойларида яратилган шарт-шароитларни кўрганман. Сиз имконияти чекланган одамларни Ўзбекистон кўчаларида кўп кўрмайсиз, лекин бунга сабаб бундай инсонларнинг йўқлиги эмас, балки улар тўлақонли ҳаёт юрғизишлари учун шароитлар чеклангани. Улар кўпгина холларда ўз уйларида ёки махсус эҳтиёжи бор инсонлар учун махсус давлат муассасаларида тўрт деворни ичига қамалиб яшайдилар. Мана шу олган таассуротларим менга ўз юртимиздаги ногирон болаларнинг ҳаётига тегишли тизимни яхшилашга туртки берган. Шу мақсадда 2004 йилда болалар ижтимой мослашуви миллий марказига асосос солинди. Ушбу марказ имконияти чекланган, хусусан болалар церебрал параличи касаллиги билан оғриган, ақлий заиф, нутқий ривожи сусайган, болалар аутизми ва Даун синдроми билан оғриган болаларга тиббий ва таълим соҳасида ёрдам кўрсатади. Марказда барча хизматлар бепул кўрсатилади ва у харакат-таянч ривожланишида муаммолари бўлган болаларни оёққа турғазиш ва реабилитация қилиш йўлидаги энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Биз ўз фаолиятимиз доирасида кўп сонли ёрдамга муҳтож болаларга жарроҳлик амалиётлари ва муолажалар билан ёрдам берамиз. Бизга жуда кўп одамлар мурожат қилишади - болаларнинг оналари, бувилари, опалари, оталари ва акалари. Бу болаларнинг кўпчилигига оғир ва даҳшатли ташхислар қўйилган. Биз ўзимизни ҳеч қандай тарғиб қилмасак-да, бизга мурожаат қилиб келаётган одамлар сони кундан-кунга ошиб бораяпти. Биз нафақат тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатамиз, балки болаларни давлат мактабларига жойлаштириш, махсус эҳтиёжи бор болаларга жамиятга қўшилишларида қўл келиши учун таълим дарсликларни ишлаб чиқарамиз.

Би-би-си: Сиз отангиздан тез-тез ёрдам сўраб турасизми?

Каримова-Тиллаева: Йўқ, шахсан ўзим учун ҳеч қачон ҳеч нима сўрамаганман. Мен фақат бизнинг болалар жамғармамиз фаолиятини олиб боришига рухсат берилишини сўраганман. Чунки, бошида жуда мураккаб масалалар кўп бўлди ва баъзи кучлар бизнинг жамғармамизга тўсиқлик қилганлар. Аммо, хозир ёмонликлар ёдимдан чиққан, яхшиси шуки, биз очилдик ва бизни Меҳрибонлик ва Мурувват уйларига киришимизга рухсат бера бошлашди. Бунинг барчасини ҳозир сўз билан тасвирлаб бериш қийин, лекин энг асосийси шуки, биз мана 10 йилдан ошибди ҳам, ишлаб келаяпмиз. Биз ўз кўзларимиз билан муаммоларга гувоҳ бўлдик, ва уларни ташқарига чиқаришга қўрқмасдан, қадамба-қадам ҳал қилишга харакат килдик. Энг асосий биринчи қадам бу барча болаларнинг рўйхатга олиш, уларнинг саломатлигини аниқ тафсилотини қилиш бўлди, ва бу қадамлар болалар уйларидаги болакайлар парвариши қай даражада эканини очиқлаб берди, кўп камомадлар аниқланди, қаерлардадир ёвузлик ва жиноий бепарволиклар фош қилинди... Бу менинг ҳаётимдаги ўта муҳим бурилиш нуқтаси бўлди, ва бора-бора оиласиз ва ҳимоячисиз болалар билан ишлаш менинг ҳаётий вазифамга айланди. Хайрия фаолияти мен учун энг устивор вазифадир.

Би-би-си: Сиз хайрия фаолиятингиз учун молияни қаердан оласиз?

Каримова-Тиллаева: Мен бунинг учун ўз хусусий маблағимдан фойдаланаман. Қўшимча ҳомийлар дастагини биз жалб қилмаймиз. Оллоҳга эътиқоди кучли бўлган шахс сифатида, мен ўз маблағимнинг бир қисмини закот сифатида ночор одамларга беришни ўз бурчим деб ҳисоблайман.

Президент Ислом Каримовнинг бошқаруви Ғарб матбуотида тез-тез танқид қилинади

Би-би-си: Сиз болалар ҳақида қайғураман деяпсиз. Лекин Ўзбекистон пахта далаларидаги болалар меҳнатига қандай қарайсиз?

Каримова-Тиллаева: Мен ҳар қандай эксплуатация, айниқса болаларнинг эксплуатация қилинишига қаршиман. Мен ўзим уч фарзанднинг онасиман, ва бола ҳақиқий болаликни бошидан кечириши нақадар муҳим эканини тушунаман... Болаларнинг ҳар қандай йўлда эксплуатация қилинишини мен мутлақо қабул қила олмайман. Мен учун бу вазиятни баҳолаш қийин, лекин агар шундай ҳолатлар мавжуд бўлса, бу ачинарлидир. Бу ҳол жаҳоннинг ҳеч қайси мамлакатида юз бермаслиги керак. Мен тушунаман, балки мен қилаётган ишлар етарли эмасдир... ва ҳатто бир бола ўз хоҳишига қарши қандайдир ишга мажбур қилинаётган бўлса ва ҳуқуқлари поймол этилаетган бўлса, мен буни ўзимнинг шахсий фожиам деб ҳис қиламан. Демак, бу ишга жалб бўлган одамлар ўз масъулиятларини англаб етмайдилар ва ҳамдардлик ё ачинишга қодир эмаслар. Мен ҳар қандай инсон, айниқса болаларга қарши ҳар қандай куч ишлатилиши ё улар мажбуран мехнатга жалб этилишларига мутлақо қаршиман. Мен вазиятнинг нақадар мураккаб эканини тушунаман, ва сизнинг саволингиз ҳозирги вактда мавжуд шароитда янада мураккаб туюлади. Лекин, менинг хоҳиш-истакларим, кучим ё таъсирим ҳар доим ҳам етарли эмас. Мен, она сифатида, болалар таълим олиши, китоб ўқиши керак деб ҳисоблайман... Уларга яхши таълим бериш керак, ва шундагина улар жамиятнинг муносиб аъзолари бўлиб етишадалар ва албатта ўз юрти учун фойда келтирадилар. Яна такрорласам ҳам, айтмоқчиманки, боланинг бола бўлиб қолиши жуда муҳим.

Би-би-си: Сиз аввалги суҳбатларимизда Оллоҳга ишонаман деб айтгандингиз. Лекин, отангиз танқидчилари ўзбек ҳукуматини Исломий экстремизм баҳонаси билан ҳар қандай ҳур фикрни бостириш ва аҳоли устидан қаттиққўл назоратни ўрнатишда айблашади. Сизнингча, ана шу Исломий экстремизм Ўзбекистон ё Марказий Осиё учун қанчалар реал ва жиддий таҳдид?

Каримова-Тиллаева: Шубҳасиз, Марказий Осиёда ва унинг атрофидаги минтақаларда радикал-гуруҳлар ва унсурлар мавжуд, лекин, шунга қарамай, менинг назаримда, жиҳодий ҳаракатларнинг жиддий ўйинчилари ўтган 10 йил давомида кўп жиҳатдан бартараф қилинганлар ё заифлашганлар. Марказий Осиёнинг Афғонистонга яқинлиги, ҳамда Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги заиф ва яхши ҳимоя қилинмайдиган чегаралар туфайли, албатта, келажакда минтақадаги давлатларда вазият беқарорлашишининг катта хавфи бор. Минтақадаги ҳукуматларни Покистон-Афғонистон чегара ҳудудларида тайёргарликдан ўтган асли Марказий осиёлик Исломий жангарилар айниқса хавотирга солади. Америка ва халқаро коалицион қўшинларининг чиқиб кетиши ортидан юзага келадиган хавфсизлик бўшлиғи ҳам Афғонистон ва қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг беқарорлашишига етаклаши мумкин. Ва турли ички кучлар, шубҳасиз, пайдо бўлган ички бўшлиқни тўлдириш йўлида чоралар кўрадилар. Аммо, айни дамда, шуни таъкидлаш керакки, Ислом ўзбек халқининг муҳим ва ажралмас қисмидир. Ўзбек халқи асрлар оша мўътадил Ислом тарафдори бўлиб келган, ва бу, ўз навбатида, бизнинг ўлкамизда турли дин вакилларининг тинч ва аҳил яшаб келишига замин яратган. Мен аҳолининг радикаллашиши сабаблари асосан ишсизлик ва имкониятларнинг йўқлигига бориб тақалади деган қарашга қўшиламан. Бу икки омил аҳоли орасидаги норозиликнинг энг катта манбасидир, ва, ўз навбатида, экстремизм муаммоси билан чамбарчас боғлиқдир. Мен бу масалани куч билан ҳал қилиш мутлақо мумкин эмаслигига қаттиқ ишонаман. Бу муаммонинг осон ечими йўқ. Минтақавий ҳукуматлар айниқса Фарғона водийсидаги радикал кайфиятларни келтириб чиқараётган ижтимоий муаммоларни ечиш йўлида маҳаллий халқ билан фаол ҳамкорлик қилишлари керак. Мактаблар қурилиши, таълим тизими ва касбга тайёргарлик тизимининг сифатини яхшилаш учун кўпроқ маблағ ажратилиши керак, ҳамда иш ўринларини яратиш учун кўпроқ ҳаракат қилиниши керак. Водийдаги сармоя иқлимини яхшилашга жуда катта зарурат бор, ҳукумат янги иш ўринлари яратилиши учун маҳаллий корхоналар ва хорижий ширкатларга йирик дастак бериши лозим. Бу, ўз навбатида, оддий халқни арзирли иш ҳақи билан таъминлайди.

Би-би-си: Швейцария матбуотида сиз Швейцариядаги энг бадавлат шахслардан бири эканингиз хабар қилинган. Британия матбуотида, масалан, сиз 46 миллион долларга уй сотиб олганингиз чоп қилинган. Ўз бойлигингизни сиз қандай баҳолайсиз?

Каримова-Тиллаева хоним пахта далаларидаги болалар меҳнатига қарши эканини айтган

Каримова-Тиллаева: Мен бу борада бошиданоқ муҳим нарсаларни таъкидлаб ўтишни истардим. Сиз жуда яхши хабардорсиз, на мен, ё на менинг турмуш ўртоғим бошқарув идораларида ишлаганмиз. Менинг эрим - тадбиркор, у ҳеч қачон Ўзбекистон сиёсий ҳаётида қатнашмаган. Шунингдек, у ҳеч қачон қандайдир давлат тендерлари ёки давлат таъминоти ишларида иштирок этмаган. Унинг бизнеси пахта, газ, нефть ёки бошқа милиий табиий заҳиралар билан боғлиқ эмас. Унинг бизнеси солиқлар ёки қандайдир божхона тўловларидан соқит қилинувчи давлат имтиёзларига эга эмас, ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа ширкатлардан фарқли ўлароқ, монополия эмасдир. Менинг турмуш ўртоғимнинг бизнеси тўлалигича хусусий маблағ ва сармояларга қурилган, ва бошиданоқ унинг ўзи шу ширкатга асос солган. Унинг бизнесининг ҳеч қачон менинг қариндошларим билан боғлиғлик жойи бўлмаган. Мен оммавий баёнотларни унча ёқтирмайман, лекин бу одамлар билиши керак бўлган муҳим маълумотдир деб хисоблайман. Биз қилган харидларимиз ва харажатларимизга келсак, улар шахсий деб аталишига сабаб шуки, улар шахсан бизга тегишли, холос. Ва табиийки, мен бу маълумотнинг шахсан ўзимда қолиши тарафдориман. Лекин, сиз шундай савол берган экансиз, албатта, бунга жавоб олишни истайсиз. Сиз учун, истисно тариқасида, бу саволга жавоб бераман. Бизнинг бойлигимиз қандай ҳисоб-китобларга асосланиб баҳоланганини мен билмайман. Айни масалада бизнинг Женевадаги адвокатимиз "Билан" нашрига мактуб йўллаб, бу кўрсаткичлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтган. Биз ўзимиз ҳам бизни Швейцариядаги бойларнинг қайси қаторига қўшишаётганларини кўриб ҳайрон қолганмиз ва бугунгача турмуш ўртоғим билан бу борада ҳазиллашиб келамиз. Ишончим комилки, бизга бошқаларнинг даромадини қўшиб ёзишаяпти. Женевадаги оилавий уйимиз масаласига келсак, бу уй - биз яшайдиган асосий жой, биз Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкларимизни сотганмиз. Фақат фарзандларимиз билан Ўзбекистонга сафар қилганда яшаш учун Тошкентда битта квартирамиз бор. Женевадаги уйимиз нархининг 18 фоизини ўз хусусий маблағларимиз билан қоплаганмиз, қолгани эса банк кредити билан қопланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уйимиз "mortgage", яъни ипотека остида. Менимча, бу катта сир эмас, чунки Оврўпонинг деярли бутун аҳолиси кўчмас мулк сотиб олишда банк кредити хизматларидан фойдаланишади. Бу тажриба Швейцарияда ҳам кенг қўлланилади, чунки бу соҳадаги банк кредити ставкалари паст ҳисобланади ва бу тизимдан фойдаланиш ҳақиқатдан ҳам фойдали.

Би-би-си: Ўзбекистон ичида ва ташқарисида қандай бизнес манфаатларингиз бор? Сизнинг турмуш ўртоғингиз Тимур Тиллаевда-чи?

Каримова-Тиллаева: Менинг ҳеч қандай бизнес манфаатларим йўқ, чунки табиатдан, мен тадбиркор эмасман. Аввалроқ айтганимдек, менинг эрим тадбиркорлик билан шуғулланади. У савдо-нақлиёт ширкатининг ҳиссадори. Женевада унинг катта бўлмаган дўконлар тармоғи бор.

Би-би-си: Болалигингиз ва ўсмирлик йилларингизни қандай хотирлайсиз? Президентнинг қизи бўлиб ўсиш қандай бўлган? Ва отангизнинг маслаҳатлари ва ҳикоялари сизнинг карьерангизга қандай таъсир қилган?

Каримова-Тиллаева: Болалигим Тошкентда ўтган. Оддий болалардек, мен ҳам велосипедда учардим, йиқилиб, тиззам қонаб, яна учаверардим... Қўшнилар билан жуда дўстона муҳитда яшаганмиз. Яхши эслайман, ёши катта қўшниларимиз қаршисига югуриб, юкларини уйларигача олиб бориб қўйишга ёрдам берардик, ҳар доим биринчи бўлиб салом берардик. Ҳозир англаб етаман, ҳаётимдаги кўп муҳим ва тўғри нарсаларга ўша болалигимда асос солинган экан. Шунинг учун, бу давр менинг хотирамда энг ёрқин бир даврдек муҳрланиб қолган. У давр бизнинг халқимиз асрлар оша авлоддан авлодга меърос қолдириб келаётган анъаналар ва қадриятлар - катталарни ҳурмат қилиш, қўни-қўшнилар билан аҳил яшаш ва яқинларга ёрдам беришдек жиҳатлари билан ёдда қолган. Мен ҳеч қачон ўзимни бошқалардан ажралиб турадигандек сезмаганман. Мен тамомлаган Жаҳон Иқтисоди ва Дипломатия Университети менинг альма материм, яъни мени маънавий жиҳатдан шакллантирган маскан, ва у мен учун жуда ёқимли хотира бўлиб қолган. Энг асосийси, мен бу даврдан менга шу кунгача менга яқин бўлиб қолаётган дўстларимни бергани учун миннатдорман.

Бу мавзуда батафсилроқ