Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда Рауф Парфининг юбилейини кенг нишонлашга рухсат берилмаган

Image caption Рауф Парфи

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат расмийлари атоқли ўзбек шоири Рауф Парфи таваллудининг 70 йиллигини кенг нишонлаш тадбирларига изн бермаган.

Бироқ, шу кунларда Рауф Парфи шогирдлари унинг шеърий тўпламини Тошкентда нашр этишга муваффақ бўлганлар.

Ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган Рауф Парфи 2005 йилда 62 ёшида оламдан ўтганди.

Мунаққидларга кўра, Рауф Парфи замонавий ўзбек шеъриятида ўзига хос мактаб яратган ва китобхонлар эътиборини қозонган забардаст шоирлардан биридир.

Шоир Ўзбекистон ҳукумати юритган сиёсатга нисбатан ўзининг кескин танқидий қарашлари билан ҳам танилган эди.

Ўзбекистонлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли, собиқда Рауф Парфининг турмуш ўртоғи Дилорам Исҳоқова шоирни хотирлаш кечасини ўтказишга изн берилмаганидан таажжубда эканини айтади.

"Куни кеча Навоий миллий кутубхонасида Рауф Парфининг кейинги пайтда чиққан учта китоби тақдимоти ўтказилиши керак эди. Рауф Парфининг шогирдлари, шеъриятини яхши кўрадиган ёшлар таклиф қилинган, тақдимот, балки шеърхонлик ҳам бўлар деган умидда. Лекин, тадбирда қатнашишга кетган икки қизим бироздан кейин қайтиб келишди. Улардан билдимки, Навоий кутубхонасидаги тадбир вентилация ишламаётгани баҳонасида қолдирилибди. Бу қанчалик тўғри ё нотўғри билмайман. Ман бунга жуда қаттиқ ишонган бўлардим, агар бугун бўлиб ўтиши керак бўлган Педогогика институтидаги учрашув қолдирилмаганида. Лекин, афсуски, бу учрашув ҳам қолдирилган", дейди Дилорам Исҳоқова