Ўзбекистондан Ҳажга борувчилар сони қисқартирилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

2013 йил Ҳаж сафарига борувчи зиёратчилар сони қисқартирилмайди, деб хабар беради Ўзбекистон Диний ишлар бўйича қўмита матбуот хизмати.

Олдинроқ Макка ва Мадинадаги муқаддас жойларда кўпроқ қулайликлар яратиш учун кенгайтириш ишлари боис, зиёратчилар сони 20 фоизга қисқартирилиши ҳақидаги хабарлар чиққанди.

"Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида мамлакатга келаётган зиёратчилар Ҳаж ва Умра амалларини мукаммал, ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо этишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки харам ҳудудини кенгайтириш ишлари бошлаганлиги ҳамда икки муқаддас шаҳарлар инфраструктурасини тубдан ўзгартириш ишлари кенг кўламда давом этаётганлиги сабабли “Ҳаж-2013” мавсумида зиёратчилари сонини қисқартириш бўйича дунёнинг барча давлатларига, хусусан, Ўзбекистон Республикасига ҳам расмий маълумот юборди", дея хабар тарқатган эди Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси.

"Қисқартириш масалалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ҳайъатлар томонидан адолат ва инсонийлик тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда", дейилади қўмита хабарида.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси шунингдек, бу йил муқаддас зиёратга бора олмаганлар учун 2014 йилги Ҳаж мавсумида ўрин кафолатланади, дея хабар қилганди.

Ҳаж сафарини адо этиши режалаштирилган зиёратчиларнинг тайёргарлик ишлари 15 июнгача тугатилгани боис Саудия Арабистони қироллиги билан уларнинг сони ўзгартирилмаслигига келишилди, дейилади Диний қўмитанинг янги хабарида. Икки мамлакат диний масалалар бўйича расмийлар, шу билан бирга Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси билан Саудия Маданият вазири ва Ҳаж ишлари бўйича вазир учрашиб ушбу масала муҳокама этилгани айтилмоқда.

Учрашув натижасига кўра, Саудия Арабистони ҳукумати Ўзбекистоннинг бу йилги барча 5200 зиёратчисига Ҳаж зиёратини адо қилишига рухсат берган.

Би-би-си бу масалада Ўзбекистон Диний Ишлар қўмитаси билан боғланганда, қўмита вакиллари ўзларига ёзма мурожаат қилинса, бу ҳақда жавоб беришларини айтишди.

30 миллион аҳолига 5200 зиёратчи

Саудия Арабистони ҳар йили жаҳондаги мамлакатларга мусулмон аҳолисининг сонига қараб жой ажратади.

Бу рақам ҳар 1 миллион мусулмон учун 1000 киши этиб белгилангани айтилган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистондан ҳажга борадиган зиёратчилар сони бир неча баравар кўп бўлиши керак.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати 5200 киши ҳажга боришини белгилаб қўйган.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати Ҳажга борадиган ўз фуқаролари сонини сунъий қисқартираяпти, дея танқидларга тутилган.

Хабарларда айтилишича, айни пайтда ҳажга борувчиларнинг визаларини расмийлаштириш ишлари давом этмоқда.

Бундан олдин Саудия Арабистонида юқумли вирус тарқалганига оид хабарлар чиққан.

25 сентябрда Женевада бўлиб ўтган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг учинчи йиғилиши ана шу коронавирус хасталигига бағишланган.

Сессияда Саудия Арабистони ва Қатар вакиллари ўз мамлакатларидаги юқумли касалликлар билан боғлиқ вазият борасида ҳисоб берган.

Йиғилишда зиёратчилар кўп борадиган мамлакатларда эпидназоратни кучайтириш ва юқумли касалликлар тадқиқотини кучайтиришга келишилган.

Роспотребнадзор эса огоҳлантирмоқда

Россия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон эсон-омонлигини муҳофаза қилиш бўйича назорат идораси оддий тилда коронавирус (Яқин Шарқ Респиратор Синдроми) деб аталаётган хасталик билан зарарланиш хавфи сақланиб қолаётгани боис, бу йилги Ҳаж сафарига отланган россияликларни огоҳлантирган.

"Ҳар йили Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига олти миллион атрофида инсон боради. Бундан ташқари, у ерда 7,5 миллион меҳнат муҳожири рўйхатга олинган. Бир неча минг ноқонуний муҳожир ва антисанитар шароитда яшаб юриб келган тўлиб кетган қочқинлар жамлоқларидан борадиган қочқинларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. Имкон бўлса, ушбу минтақаларга сафардан тийилиб туриш тавсия этилади", дейилади идора эълон қилган хабарда.

Маълумотларга кўра, август ойида коронавирус хасталиги билан Саудия Арабистонида тўрт киши вафот этган.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, Коронавирус хасталиги ҳали унча яхши ўрганилмаган.