Ўзбекистон: яна бир неча аэропортга халқаро мақом берилди

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги яна бир неча вилоят марказларидаги ҳаво қўналғаларига хорижий мамлакатлардан учоқларни қабул қилиш ва четга парвоз қилишга рухсат берган.

Шу пайтгача Тошкент, Самарқанд ва Нукус ҳаво бандаргоҳларига халқаро аэропорт мақоми берилган эди.

Бундан кейин Андижон, Наманган, Фарғона, Қарши ва Термиз аэропортлари ҳам чет мамлакатдан парвозларни қабул қила олади, ташқарига йўловчиларни жўната олади.

Ўзбекистон вилоят марказларидаги аэропортлар Шўролар замонида қурилган.

Бундан ташқари СССР пайтида Қорақалпоғистонда Тўрткўл ва Сурхондарё вилоятида Сариосиё аэропортлари фаолият юритган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ҳам бу икки аэропортдан пойтахт Тошкентга парвозлар амалга оширилган.

Лекин Тўрткўл аэропортида йўловчи учоғи ҳалокатга учраганидан кейин Тўрткўл ва Сариосиё аэропортларини ёпишга қарор қилинган.

Охирги йилларда ўзбекистонликларнинг чет элга чиқишлари кўпайган, бу эса халқаро мақомга эга аэропортлар ишини қийинлаштирган.

Тошкент аэропортида йўловчиларга хизмат ўта қониқарсиз экани тобора кўп норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ