Россиянинг ниятларига расмий Тошкент нима дейди?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда яна ўттиз йилча қолишига Ўзбек ҳукуматининг муносабати илиқ бўлмайди.

Таҳлилчининг наздида ҳозир Марказий Осиёда бир томондан Россия, бошқа тарафдан Ғарб ўртасидаги гео-сиёсий рақобат ҳолати шаклланмоқда.

“Ўзбекистон бугунги кунда яна мутлақ Ғарб гео-сиёсатига ориентир олган давлатга айланди. Россия Федерацияси эса, Марказий Осиёда мавқеини мустаҳкамлаш учун иккита заиф давлатга ўзининг асосий ставкаларини қилаяпти. Бу – Қирғизистон ва Тожикистон”, - дейди у.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, “Тожикистон ҳам Россия гео-сиёсати ва ҳарбий, сиёсий инфраструктурасига мустаҳкам боғланаяпти. Ҳамда шу орқали, расмий Москва Ғарбнинг Марказий Осиёдаги таъсир доирасини камайтиришга ҳаракат қилаяпти”.

Аммо, унга кўра, сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиё давлатлари шу каби “маятник” ҳолатида бўлиб келишган эса-да, бу – уруш ёки жиддий бир можарога сабаб бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмайди.

“Марказий Осиёдаги бешта республика, айниқса, кичикроқлари учта қудратли давлат, яъни, Россия, АҚШ ва Хитой ўртасида ўзларининг манфаатлари ва гео-сиёсий жойлашувини маълум бир “чайқовчилик” орқали эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилиб келишаяпти”, - дейди у.

Камолиддин Раббимов мазкур ҳолатни кичик давлатларга хос ўзига яраша характер экани билан изоҳлайди.

Ғарб базаси?...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption АҚШ 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан ўзаро муносабатлари совуқлашиши оқибатида Ўзбекистондаги ҳарбий базасини тарк этишга мажбур бўлганди

Таҳлилчи Россиянинг интилишлари манзарасида Американинг ҳар доим мана шундай ҳарбий базалар очишга эҳтиёжи бўлса-да, бугун Марказий Осиёда бунга рухсат берадиган давлат йўқ, деган ҳам фикрда.

Аммо, Камолиддин Раббимовга кўра, бу – минтақада Россия таъсирининг жудаям кучайиб кетишини англатмайди.

“Ўша ресурсларининг қисқариб бораётгани ҳисобига ва бу ердаги рақобатнинг кучайиши, яъни Хитойнинг кириб келаётгани, Американинг ҳам маълум бир иқтисодий қийинчиликлар сабабли ўзининг минтақадаги ҳозирлигини тўлақонли “парваришлаш” имкониятидан маҳрум экани боис, Россиянинг бугунги стратегияси фақат маълум шаклланган таъсирини йўқотмасликка қаратилган", - дейди у.

Таҳлилчига кўра, "Россия Марказий Осиёга ўзининг тарихий гео-сиёсий ҳудуди сифатида қарайди. Лекин Россия кейинги пайтларда Марказий Осиёга ўзининг муносабатини босқичма-босқич қайтаттан кўриб чиқаяпти. Шунинг учун ҳам Россиянинг асосий стратегиси бу - иттифоқни қайта тиклаш ёки минтақани бутунлай ўз таъсирига олишни кўзда тутмайди".

Кеча чоршанба куни эса, Тожикистон парламенти қуйи палатаси Россия ҳарбий базасининг ўз ҳудудларида 2042 йилгача қолишини кўзда тутувчи ўзаро шартномани ратификация қилди.

Россия ҳарбий базаси Марказий Осиё минтақасида энг қудратли ҳарбий бўлинмалардан бири саналади.

Айнан ана шу ҳарбий база доирасида Тожикистон пойтахти Душанбе, президент Имомали Раҳмоннинг она шаҳри Кулоб ва Афғонистон чегарасига яқин энг йирик шаҳри Қўрғон-Тепада ўн мингга яқин россиялик ҳарбий хизмат қилади.

Тожикистон нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Американинг минтақадаги ягона ҳарбий ҳозирлигини таъминлаб турган "Манас" транзит марказини расмий Бишкек келаси йил июлда ёпмоқчи

Тожикистон томонига кўра, Россия ҳарбий базасининг ҳозирлиги ўзларини ташқи таҳдиддан ҳимоя этиш учун муҳим.

Айрим маҳаллий сиёсатшуносларнинг сўзларига қаралса, Россиянинг ҳарбий иштирокисиз айрим қўшни давлатлар билан муаммолари бундан-да ёмон бўлиши мумкин бўлган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғўн ГЭСи юзасидан расмий Тошкент ва Душанбе орасидаги муносабатлар сўнгги йилларда жиддий совуқлашган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, ўтган йил сентябр ойида Қозоғистонга қилган сўнгги сафари чоғидаТожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб, "вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли" мавжудлиги билан огоҳлантирганди.

Унинг бу чиқиши минтақадаги айрим давлатлар томонидан хавотир билан ҳам қарши олинганди.

Американинг Марказий Осиё минтақасидаги илк ҳарбий ҳозирлиги эса, 2001 йилга тўғри келади.

Афғонистондаги Толибон ва "Ал-Қоида" жангариларига қарши амалиётларининг дастлабки босқичида Ўзбекистон АҚШга Қарши шаҳри яқинидаги "Хонобод" базасини таклиф қилган, аммо 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан ўзаро муносабатларнинг кескин совуқлашиши уларнинг базани тарк этишлари билан якунланганди.

АҚШ томони Бишкек аэропортида жойлашган базадан эса, 2001 йилдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транзит маркази сифатида фойдаланиб келади.

Қирғизистон томони марказни 2009 йилда ёпишга қарор қилган, аммо сўнгроқ АҚШ билан бу хусусдаги шартномасини яна беш йилга узайтиришга қарор қилганди.

Шу йил июн ойида эса, расмий Бишкек "Манас"даги транзит марказини 2014 йилнинг 11 июлида ёпишга қарор қилган ва бу хусусдаги фармон президент Алмазбек Атамбаев томонидан ҳам расман имзоланган.