"7 миллион ўзбекистонлик "Одноклассники"дан фойдаланади"

Хабарларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бир қисми Россиянинг "Одноклассники.ру" ижтимоий тармоғидан фойдаланади.

Podrobno.uz ахборот агентлигининг "Одноклассники.ру" вакиласи Олга Андрега таяниб хабар қилишича, 7 миллион ўзбекистонлик тармоқ рўйхатидан ўтган, улардан ярим миллиони ҳар куни ушбу вебсаҳифага ташриф буюради.

Айтилишича, 92 фоиз киши вебсаҳифанинг мобил телефон версиясидан фойдаланади.

Хабарга кўра, "Одноклассники" ижтимоий тармоғига қарийб тенг сондаги эркак ва аёллар киришади.

Уларнинг аксари эса, 18-26 ёшлиларни ташкил қилади.

Мамлакатдаги уяли телефон ширкатлари ўз мижозларига ижтимоий тармоқлардан чекланмаган муддатда фойдаланиш хизматларини таклиф қилишади.

Айни пайтда Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларга қарши кампания ҳам олиб борилади.

Яқинда Тошкентда намойиш этилган "Одноклассники.ру" деб номланган филм ижтимоий тармоқлардан беэътибор фойдаланишнинг зарарларидан огоҳлантирганди.

Ўзбекистон давлат телевидениеси орқали ёшларни интернет ва ижтимоий тармоқларга муккасидан кетмасликка ундовчи дастурлар ва рекламалар намойиш этилади.