Сергей Наумов: 'Мени ташқи дунёдан узиб қўйишмоқчи бўлишди'

Image caption Наумов қамоқда 12 кун ўтирди

Ўзбекистонда 12 кунлик қамоқдан озод этилган журналист Сергей Наумов ўзига қарши атайин провокация уюштирилгани ва бу уни "узоқ муддат ташқи дунёдан узиб қўйиш учун" қилинганини айтди.

Пахта мавсуми қандай кечаётгани борасида изланишлар олиб борган хоразмлик журналист сентябр охирларида майда безорилик айблови билан ҳибсга олинган ва 12 суткага озодликдан маҳрум қилинганди.

Бунинг ортидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Халқаро Амнести" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Сергей Наумовни зудлик билан озод этишга чақирди.

Ҳуқуқ фаоллари, журналистлар, хусусан Россия Журналистлар уюшмаси Наумов билан содир бўлган воқеани халқаро ташкилотлар назорати остида ўрганиш ва уни озод қилишни талаб қилишди.

Журналист 21 сентябрда олиб кетилгани ҳисобга олинса, у белгиланган жазони ўтагач, озодликка чиқарилган. Биз Сергей Наумовдан ҳаммаси нимадан бошланди, деб сўрадик:

Сергей Наумов: Уйим кетаётиб тўсатдан орқамга биров келиб урилганини сездим. Қарасам, қанақадир кўримсизгина аёл. У сўкинишни бошлади. Мен уни шунчаки эс - ҳуши жойида эмас, деб ўйладим ва тезда бу ердан кетиш керак деган хаёлга бордим. Ярим дақиқа ўтар-ўтмас 3 милиция ходими пайдо бўлди. Улар, афтидан, жуда яқин орада туришган эди. Аёл милиция ходимларига қараб бақира кетди: "Мана сизлар уни биласизлар, уни ҳимоя қиласизлар, мен бечора аёлни муҳофаза қилмайсизлар..." хуллас, спектакл қўйиб берди. Кейин бизни хизмат пунктига олиб кетишди. Мен у ерда тушунтириш хати ва шикоят аризаси ёздим, яъни ўзимни "русский алкаш" деб ҳақорат қилганлари ҳақида. Сўнг, 3 нафар қўшним мени ёқлаб гувоҳлик бериш учун чиқишди. Маҳалла назоратчиси эса, қўшниларимни эшитишни ҳам истамади. "Жабрланувчи" деб номланган аёл ўз шикоят аризасини 4 марта қайта ёзди. Аввалига мен гўё унинг бўйнидаги занжирини узмоқчи бўлганим, кейин ҳақорат қилганимни айтди. Бу провокация эди.

Би-би-си: Бундай ишдан нима мақсад кўзланган бўлиши мумкин, сизнингча?

Сергей Наумов: Провокациядан мақсад мени узоқ муддат ташқи дунёдан ажратиб қўйиш бўлган. Шунинг учун, суд мени 12 кун изоляторга ташлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Майда безориликда айблашди. Гўё, мен аёлга шилқимлик қилиб, уни таҳқирлаганман.

Би-би-си: Сизга изоляторда қандай муносабат қилишди?

Сергей Наумов: Мени кунига икки марта ишлатишди. Кўча супиргани олиб чиқишди. Қолган пайтлар камерада ўтирдим.

Би-би-си: Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Сергей Наумов: Руҳан ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Журналистлар, таниш-билишларим катта дастак беришди. Жуда кўп ташкилотлар менинг ҳимоямга кенг кўламда ахборот кампанияси бошлашди. Жисмоний нуқтаи назардан гапирсам, албатта, мен дам олишда бўлганим йўқ.

Би-би-си: Эндиги режаларингиз қандай?

Сергей Наумов: Ҳали менинг паспортим йўқ. Шунинг учун, ҳеч қандай режа қилолмайман. Мен Тошкентга кетиб, бироз муолижа олишни истардим. Аммо, паспортим қўлимда эмас, милиция олиб қўйди. Хуллас, асосий режа паспортимни қайтариб олиш. "Милиция пахтада, йиғим-теримни тартибга солиш билан банд, фақат кечда келади", дейишди. Кечқурун ўша ерга бормоқчиман.

Бу мавзуда батафсилроқ