Марказий Осиё нега АҚШ Афғонистондан чиқиб кетишидан хавотирда?

"Толибон" номли бестселлернинг муаллифи, покистонлик ёзувчи Аҳмад Рашиднинг ёзишича, Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш санаси яқинлашар экан, дунё назаридан четда қолган Марказий Осиё Исломий жангариликнинг янги таҳдидига юз тутмоқда. Аҳмад Рашид бу ҳақида Би-би-си учун ёзган мақоласида фикр юритган.

Марказий Осиёнинг бешта республикаси келгуси йил Афғонистондан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши оқибатларидан чуқур хавотирда.

АҚШдаги 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан аввал Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) ва бошқа ал-Қоидага алоқадор гуруҳлар ҳужумларига учраган бу минтақа Афғонистон ва Покистондан чегара ошиб ўтиши мумкин бўлган экстремистларнинг янада кучайишидан қўрқадилар.

Хабарларга кўра, ЎИҲ Марказий Осиё ва Афғонистон чегарасида янги базаларини ўрнатишга уринмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясида 27 сентябрда қилган чиқишларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг қозоқ ҳамкасби Эрлан Идрисов 2014 йилдан сўнг Афғонистондан терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдоси каби жиддий минтақавий ва глобал таҳдидлар авж олишидан огоҳлантирдилар.

'Собиқ хўжайин'

Иккала вазир ҳам Ғарбни афғон можаросига сиёсий ечимни топмай туриб келаси йил Афғонистондан чиқиб кетишга шайланаётганликда айбладилар.

Бешта республика - Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон - америкаликлар ва НАТО 2014 йил ортидан Марказий Осиёдаги хавфсизликни таъминлашга ёрдам беришига ишонмайдилар, чунки уларнинг фикрида, АҚШ ва НАТО Афғонистонда ва унинг атрофида тинчликни ўрнатишга қодир бўлмадилар.

Уларнинг фикрида, АҚШ ва Кобул ҳукумати уларни менсимайди.

Айни дамда Марказий Осиёдаги давлатлар ўзаро даҳанаки жангларни олиб бориб, 2014 йилдан сўнг минтақани қандай мудофаа қилиш борасида биронта якдил сиёсий дастурга келишиб олмаганлар.

Уларнинг баъзилари собиқ хўжайин - Россияга юзланмоқдалар.

1 октябрда Тожикистон парламенти мамлакатдаги Россия базалари ва қўшинлари ҳозирлигини яна 30 йилга чўзиш бўйича Москва билан келишилган битимни тасдиқлади.

Афюн савдоси

Image caption Афғонистон шимолида ҳужумлар сони ошмоқда

Таҳдид қаршисида энг заиф мамлакатлар - Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон. Улар биргаликда шимолий Афғонистон билан 1,900 километрлик чегарага эгалар.

Тожикистон шундоқ ҳам минтақадаги энг заиф мамлакат. Унинг армияси яхши тайёргарликдан ўтмаган, иқтисод эса чуқур инқироз ичида. Унинг порахўрликка ботган давлат идоралари Афғонистондан келувчи афюн савдосига аралашган.

Бир неча йилдирки, ЎИҲ ва бошқа гуруҳлар Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳри ва чегарадаги Имом Соҳиб туманида база ўрнатишга уриниб келишмоқда.

Бу ҳудудда ЎИҲ АҚШ ва олмон қўшинлари билан бир неча бор жанг қилган. Бироқ, бу қўшинлар ҳозирда ҳудудни тарк этиб, назоратни афғон армияси қўлига топширганлар.

Ваҳобийлик

Минтақадан олинаётган охирги хабарларга кўра, Афғонистон шимоли-ғарбидаги Бадахшон вилоятидан унданда жиддийроқ таҳдид сезилмоқда.

Бадахшондаги бир неча туманлардан 500 нафарча жангарилар афғон аскарларини сиқиб чиқарганлар ва чегарадаги стратегик Искашим шаҳри устидан назоратни қўлга олишга уринаяптилар.

Искашимни Тожикистондан фақат катта бўлмаган Панж дарёси ажратиб туради. Қишда музлайдиган бу дарёдан Тожикистонга ўтиш янада осонлашади.

ЎИҲнинг асосий истеҳкоми Бадахшон марказидаги Вардуж туманидир. У ерда маҳаллий аҳоли мажбуран Исломнинг қаттиққўл оқими бўлмиш Ваҳобийликка киритилмоқда.

Бадахшоннинг Помир ва Ҳинди Қуш тоғларидаги жўғрофий жойлашуви жангариларга жуда қўл келади.

Улар Тожикистон жануби, Покистон шимоли-ғарбидаги чегара ва Афғонистон шарқига осонгина қўл узатиш мумкин бўладиган йирик ҳудудни эгаллаб олиш истагидалар.

Ҳудуднинг шимоли-шарқида эса Вахан даҳлизи ва Хитой билан чегара ўтади. Бу ерда ЎИҲ маҳаллий уйғур ва Хитойдаги мусулмон аҳоли орасидан ўз сафларини янада бойитишни режалаган.

Бу жойларга афғон қўшинларининг кириши қийин, чунки унда самарали ҳаво кучлари йўқ.

Покистон жангарилар учун ўта муҳим таъминот манбаи бўлиб қолмоқда - ЎИҲни Покистондаги жангари гуруҳлар қўллаб-қувватлайди. ЎИҲ, ўз навбатида, гиёҳванд моддалар савдосидан оладиган маблағидан покистонлик ҳамкорлари хизматига пул тўлайди.

Ал-Қоида назорати

Image caption Ғарб қўшинлари назоратни афғон аскарларига қолдиришган

Покистонда жойлашган жангарилар турли гуруҳларга мансублар ва ҳар бири Марказий Осиёнинг келажаги билан қизиқади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Покистон Толибон, Афғонистон Толибони, Пунжоб гуруҳи, Лашкари Тойиба, Исломий Жиҳод Иттифоқи каби гуруҳлар туркийлар, Оврўполик мусулмонлар ва Марказий осиёликларни ўз сафларига ёллайдилар. Бу гуруҳларнинг барчасини бевосита ал-Қоида бошқаради.

Стратегик хавф шундаки, жангарилар келгуси йилгача Афғонистон шимоли-шарқидаги бутун бир бошли даҳлиз - Кунар, Нуристон ва Бадахшон вилоятларини қўлга олиш ва бу ердан Кобул ҳукуматига қарши амалиётлар учун йирик базани ўрнатиш истагидалар.

ЎИҲ ўзининг жозибадор раҳбари Жума Намангоний қўли остида 11 сентябрдан аввал учта Марказий Осиё давлатида ҳужумларни амалга оширди, бироқ сўнгра ортга чекиниб Толибон ва ал-Қоида билан тил бириктирди.

Намангоний 2001 йил АҚШ ишғолига қарши курашда ҳалок бўлар экан, ЎИҲ қолдиқлари Покистоннинг қабила ҳудудларига чекинди ва қайта шаклланди.

Ўзбек ҳукумати 2005 йилда Андижон ва Фарғона водийсида 1,000дан ошиқ одамни қириб ташлаши ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати янада кўпроқ янги жангчиларни ёллашга муваффақ бўлди.

Ундан бери ЎИҲ жангчилари Покистон Толибони ва ал-Қоида билан биргаликда Покистон, Афғонистон ва АҚШ армияларига қарши жанг қилиб келмоқдалар.

Нефть ва газ

ЎИҲ жангчиларининг этник келиб чиқиши турли-туман - улар орасида Марказий Осиёликлардан ташқари уйғурлар, покистонликлар, чеченлар ва бошқа қофқозликлар бор.

Бадахшондаги жангчилар орасида биринчи марта туркман ва қозоқ жангчилар борлиги борасида хабарлар олинган. Бу икки этник гуруҳ одатда жангариликдан йироқ бўлиб келган.

Нефть ва газ мўл эканига қарамай, Марказий Осиё жаҳондаги энг назардан четда қолган ҳудудлардан бири бўлиб қолаётир. Ундаги мамлакатлар эса ҳар қандай келгиндининг ниятидан шубҳа қилади.

Марказий Осиё ҳукуматлари Американи ёқтиришмайди, Россияга ишонишмайди, ва таъсири ошиб бораётган Хитойдан қўрқадилар.

Энди улар қўрқадиган яна бир хавф - Исломий жангарилик.

Бу мавзуда батафсилроқ