Ўзбекистонда аёл бўлишнинг нимаси яхши? - ҳолландиялик журналист нигоҳида

Линдсей Корт ҳамроҳи яна бир журналист Сёрд Клумпенар билан бирга
Image caption Шу йил ёз Линдсей Корт ҳамроҳи яна бир журналист Сёрд Клумпенар билан бирга Марказий Осиё мамлакатларига сафар қилган

Линдсей Корт (Lindsey Groot) 22 ёшда. Нидерландиялик журналист. У 2012 йилда журнализм факультетини якунлаган. Ҳозир антропологияни ўрганмоқда. Линдсей хорижий журналистикага қизиқади. Гана, Қатар, Америка Қўшма Штатлари ва Франсада хабарчилик сафарида бўлган. The New York Times интернет хабарчилиги лойиҳасида иштирок этган. Шу йил ёзида Menjatj (www.menjatj.nl ) лойиҳаси билан Марказий Осиё мамлакатларига сафар қилган. Линдсей Корт Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади.

Тошкентдаги илк меҳмонхонада рюкзагимни ерга қўяр-қўймасим, америкалик сайёҳлардан бири мен томон югуриб келди.

Илтижоли нигоҳи билан у менга ўзбек жамиятида аёллик ўрнимни билишим зарурлигини уқтирди.

"Бу ерда эркаклар сиз билан қўл бериб сўрашишмайди. Бундан ташқари, улар суҳбат давомида сиз томонга қарашмайди. Бунда ҳеч бир ғайритабиийлик йўқ, бу ерда эркакларнинг аёлларга муносабати шундай".

Ўзбекистонда ўтган икки ҳафта ичида фақат уч эркак мен билан қўл сиқиб кўришди. Ўзбек йигитларидан бири эркак ҳамроҳларимдан уларнинг нима иш қилиши, қаердан эканлари, исми-шарифлари билан қизиқди.

Менгами? У менга қайрилиб ҳам қарамади.

Бу эса, тўғриси, менга ҳам ёқиб тушди.

Аммо, эркаклар суҳбат пайти мен томонга қиё боқишмаганига бир неча бор ўзимни Ҳарри Потернинг кўзга кўринмас ўртугини кийиб олгандек ҳис қилдим.

Сайёҳ сифатида, албатта, мен буни ижобий ҳол дея қарадим. Аммо, аслида ўзбек аёллари ўзларини бироз иҳоталанган ва мунтазам эътибордан четда ҳис қилсалар керак деган фикрга бордим.

Кабобхона ташқарисидаги аёл эса, буни қатъиян рад этди. Унинг жавоби анчайин кескин эди:

"Бу - зулм эмас, асрлардан бери сақланиб келаётган анаъанамиз. Менимча, бу жуда яхши, шахсан ўзим эркаклар билан қўл бериб кўришишим шарт эмас, деб ўйлайман. Шунингдек, эркаклар гаплашаётган пайт аралашишга ҳам эҳтиёж сезмайман. Бундан ташқари, аёлларнинг ўзлари билан суҳбатлашиш анча қизиқарли".

Ўзбек ҳукумати эса, афтидан, жамиятдаги эркак ва аёл муносабатларини ўзгачароқ талқин қилмоқчидек.

Ўша ҳафта ҳукумат аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаолликларини ошириш ҳақида эълон қилди.

Ўзбек ҳукуматига кўра, фақат ошхонада ўралашадиган аёл замонадан орқадан қолган.

Кабобхона қаршисидаги гапга чечан суҳбатдошим эса: "Ҳатто, эркак ва аёл теппа-тенг дейилган Совет даврида ҳам биз ўз анъаналаримизни қандай сақлаб қолишни билганмиз. Биз бундан фахр қиламиз. Нима учун бундан воз кечишимиз керак?" дейди.

Тошкентнинг ўзида ҳам ҳукуматнинг айтганлари бўйича ҳеч қандай тадбир кўзга ташланмади - бу мавзуда на бирон бир семинар, на бирон бир оммавий баҳсу мунозара...

Бу ердан қўшни Тожикистонга йўл соларканмиз, аёллигим яна қўл келди.

Эркак ҳамроҳларим юкларини битталаб очиб, текширтиришаркан, мени божхона назоратчиларига қўл узатишимга ҳам эҳтиёж бўлмади.

Мулойим жилмайганча, ҳеч бир муаммосиз осонгина Тожикистон тарафига ўтиб олдим.

Бу мавзуда батафсилроқ