Uzwebiston: Гулнора Каримова оила машмашасига онасини ҳам тортган

  • 21 Октябр 2013
Image caption Гулнора Каримова оила машмашасига онасини ҳам тортган

Гулнора Каримова интернетдаги Инстаграм ва Твиттер саҳифаларида онасининг "жодугарлик" билан шуғулланаётганидан хавотирда эканини билдирган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бу ҳақида ўтган пайшанба куни ёзган, бироқ кечга бориб Твиттер саҳифасини буткул ёпиб қўйган, Инстаграмда ёзганларини эса ўчирган.

21 октябр кечга бориб Гулнора Каримованинг Твиттер саҳифаси яна очилган ва унда айни ёзувларни ҳали ҳам кўриш мумкин.

15 октябрда Президент Каримов рафиқасининг жияни Акбар Абдуллаевга "Давлат мулкини талон-тарож қилиш" ҳамда "Солиқлардан бош тортиш" моддалари бўйича жиноят иши очилгани ва у ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Бунга муносабат билдирган Гулнора Каримова ўз холаваччасининг ёнини олган ва ўз оиласининг бир қисмини жодугарлар билан дўстлашишда айблаганди.

"Оиланинг бир қисми (ота) "таъминлаш" билан, бошқа қисми эса бу таъминотларни йўқотиш ва жодугарлар ила дўстлашиш билан овора... Баъзида эса Тошкентдаги Хлебушкина номидаги болалар уйи пештоқидаги "Бисмиллоҳу Раҳмони Раҳим" деган ёзувларни ўчириш билан", деб ёзган у Инстаграмдаги саҳифасида.

Пайшанба куни эса унинг фолловерларидан бири: "Жодугарлар ҳали ҳам бор эканми? Уларни ахир инквизиция кўп асрлар илгари ёқиб юборганди-ку?" - дея Гулнора Каримовага савол берди.

Бунга жавобан Каримова хоним шундай жавоб берган: "Афтидан, йўқ :) Гарчи онам Бисмиллоҳу Раҳмони Раҳим деган муққаддас ёзувларни олиб ташлашни буюраётган бўлса ва буни шаҳар марказида куппа-кундуз куни оломон ва мулла олдида қилишаётган бўлса..."

Бу Гулнора Каримованинг онасига қарши ижтимоий мулоқот сайтларида қилаётган илк чиқиши бўлмоқда.

Гулнора Каримова сўнгра бу мавзуни ўз Твиттер саҳифасига кўчирган.

Image caption Гулнора Каримова онасини "жодугарликда" айблаган

"Мана бундай ғалати маросим ҳақида ким нима билади: шамлар юлдуз ва учбурчак шаклида қаторга териб чиқилади ва ёқилади, ва нимадир қайта-қайта айтилади? Онам учун хавотир олаяпман, бу нима?" - дея савол қўйди.

Унга жавоб берган фолловерларидан бири: "Даҳшатли. Бу сатанизм," - дея жавоб берди.

Яна бир фолловерининг саволига Гулнора Каримова онаси ҳақида мана буларни ёзди: "Таёқчалар, тошчалар, эшикларга эса қуруқ таёқчаларни осиб чиқаяпти. Пештоқлардаги Бисмиллоҳи Раҳмони Раҳим деган ёзувни олиб ташлашни буюраяпти?"

Image caption Бу ёзувларни Гулнора Каримова кейинги куни ўчириб ташлаган

Аввалроқ AFP агентлиги ва қатор Ғарб нашрлари Гулнора Каримованинг "жодугарлар" ҳақидаги айбловлари ўз синглиси Лола Каримова-Тиллаевага қаратилган дея хабар тарқатганди, чунки айни твитида Гулнора Каримова синглиси раҳбарлик қиладиган «Сен ёлғиз эмассан» жамғармасини танқид қилган эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг оиласидаги зиддият ва бўлиниш аввалига давлат бошининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Би-би-си билан ёзишмаларидан аён бўлди.

Сентябрь охирида Би-би-си сайтида чоп чилинган ёзишмаларда Лола Каримова-Тиллаева ўз опаси билан 12 йилдирки гаплашмаслиги, ва унинг президент бўлиб сайланиш имкониятларини паст деб баҳолашини айтганди.

Президентнинг икки қизи Ўзбекистонда хайрия фаолияти билан шуғулланадилар. "Сен ёлғиз эмассан" хайрия жамғармасининг раҳбари Лола Каримова-Тиллаеванинг ўз ташкилоти тузилиши босқичида "баъзи кучлар" тўсқинлик қилгани ҳақидаги сўзларини матбуот опаси Гулнорага қаратилган дея талқин қилган.

Гулнора Каримова тепада келтирилган ёзувлар хусусида, ё-да унинг Твиттер ва Инстаграмдаги саҳифалари хакерлар тарафидан ўғирланган-ўғирланмаганлиги ҳақида қўшимча ҳеч нарса демаган ё эълон этмаган.

Айни пайт Тошкентда Гулнора Каримова бошқарган Фонд Форум ҳомийлиги остида ўтадиган "Олтин Гепард" кинофестивали бошланган.