Паспортнинг яхши-ёмони ёки Ўзбекистон паспортига нима дейсиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистонлик мухолифат фаоли фуқароларининг қанчалик эркин саёҳат қилишларига имкон бериши мазмунида Ўзбекистон паспортини бемалол Афғонистонники билан ёнма-ён қўйиш мумкин, дейди

Henley&Partners ташкилоти, агар таъбир жоиз бўлса, бу йил дунёдаги "Энг зўр паспорт", деб Финландия, "Энг ёмони", деб Афғонистонникини топган.

Ташкилот ўзи тадқиқот олиб борган давлатлардаги виза чекловларининг даражасига қараб, бу каби хулосага келган.

Паспорти фуқароларига мазза қилиб дунёнинг исталган бурчагига саёҳат қилишга имкон берувчи "энг зўр" давлатлар учлигига Финландиядан ташқари, Швеция ва Буюк Британия киритилган.

Фуқаросининг ўзга давлатга сафар қилиши жуда қийин бўлган мамлакатлар рўйхатида Афғонистондан кейинги юқори икки ўринни Покистон ва Непал эгаллашган.

Ўзбекистон каби чиқиш визаси амалда бўлган дунёдаги бор-йўғи иккита давлатдан бири бўлган Шимолий Корея эса, паспорти "Энг ёмон", деб топилганлар ўнлигида тўққизинчи ўринни эгаллаган.

Аммо, бу ўнликка киритилган мамлакатлар рўйхатига қаралса, унда Ўзбекистон дохил бирор бир Марказий Осиё давлати ҳам, бошқа бир МДҲ вакили ҳам кўзга ташланмайди.

Россия эса, "Энг зўр" ва "Энг ёмон" паспортлилар ўртасида 41-ўринни эгаллаб турибди.

Бу йил дунёда паспорти "Энг зўр" иккита давлатдан биттаси, деб топилган Швециядан ўзбекистонлик мухолифат фаолларидан Ҳазратқул Худойберди Ўзбекистон назарда тутилганда, фуқароларнинг эркин саёҳат қилишга қанчалик имконли эканликлари жуда муҳим масала эканини айтади.

"Бу - жудаям долзарб мавзу. Айни кунларда Ўзбекистон фуқаролари, ҳаттоки, қўшни Қозоғистонга ўтиш ёки Россияга бориш ва ё чет элларга саёҳат қилишда жуда кўп муаммоларга дучор келиб туришган бир пайтда бу масала жудаям муҳим. Қачонгача инсонларни қийнаш керак?.." - дейди у.

Паспорт нима дегани?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Турли сабаблар билан четга чиқиш истагидаги ўзбекистонликларнинг сони ортиб бораркан, бугун чиқиш визаси тартиби улар орасида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган

"Паспорт деган нарса бир инсоннинг кимлигини тасдиқловчи ҳужжат. Бу - биринчидан. Иккинчидан, бу инсон ҳеч қандай жиноят қилмаган бўлса, бирор бир давлатга бормоқчи бўлса, марҳамат, текшириб, чегарадан ўтказиш керак. Паспорт у кирадиган давлатда текшириладиган ҳужжат ҳисобланади, чиқадиган давлатда эмас. Қайси "нормал" давлатда кўрасизки, одам ўзининг мамлакатидан чиқиш учун виза олиши керак! Бу энг орқада қолган давлатларнинг сиёсати, бу 1920 йилларнинг сиёсати. Бу 2013 йил, ахир".

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан ҳам чиқиш визаси тартибини амалда сақлаб қолган ягона мамлакатдир.

Мавжуд ҳолатнинг сабабига ўз баҳосини бераркан ўзбекистон фаол, "Улар бутун инсонлардан, ўзининг фуқароларидан шубҳаланади. Ҳар бир инсонни жиноятчи сифатида кўради", - дейди.

"Нормал инсон, бу - менинг фуқаром-ку, уларга ёрдам беришимиз керак, деган инсоний, демократик талаблар, инсонларга муносабат, деган нарса давлат сиёсатида йўқ-да. Бошдан-бош ўрганиш бўлган. Ўша Совет давридан қолган тартиб, фуқароларни қаттиқ назорат остида ушлаб туриш ҳалигача қолиб кетган".

Фаол бу масалада Ўзбекистоннинг жўғрофий жойлашуви ҳам таъсир қилишини айтади.

"Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис", дейди. Атрофида Афғонистон, Тожикистон, уёғда Туркманистонга ўхшаган давлатлар турибди. Ҳаммаси диктатор давлатлар, бир-биридан ранг олади. Бир-биридан ўрганади. Давлат раҳбарлари дунёга чиқиб туришса, кўриб туришса, ўрганишса, ўрганган нарсасини тадбиқ қилишнинг ҳаракатини қилишса, унда аҳвол ўзгариши мумкин", - дейди ўзбекистонлик фаол.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, рисоладагидек иш топиш имкониятларининг ҳаминқадарлиги ва глобализация жараёни сабаб, сўнгги йилларда ўзга юртларни ихтиёр этаётган инсонлар сони кескин ортаркан, чиқиш визаси тартиби фуқаролар орасида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган.

Дейлик, агар норасмий рақамларга таянилса, бугунги кунда биргина Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони беш миллионга етиб қолган.

Улар ортга юбораётган миллиардлаб доллар маблағлар эса, ҳозир Ўзбекистон иқтисодини тутиб турган асосий даромад манбаига айланган.

Чиқиш визаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳозир Ўзбекистон билан, ҳаттоки, аксарият минтақа давлатлари орасида ҳам қатъий виза тартиби амал қилади

Аммо, Ҳазратқул Худойбердининг айтишича, ҳатто, ана шу вазият ҳам Ўзбекистонда бу яқин орада чиқиш визаси тартибининг бекор қилинишига олиб келмайди.

"Афсуски, ҳозирги олиб борилаётган сиёсат давом этади ҳали. Чунки кадрлар ўзгармаса, аҳвол ўзгариши қийин-да. Истаган бир кичкина ташкилотни олсангиз ҳам, агар раҳбарларини ўзгартирмаса, бир олиб бораётган сиёсатини ўзгартирмаса, аҳвол ўзгармайди-да. Бу раҳбарият ўзгармас экан, давлат ички сиёсати ҳам ўзгармайди. А паспорт масаласи катта сиёсатнинг ичидаги битта бўлаги буям".

Фаол, ўз ўрнида, агар Ўзбекистонда чиқиш визаси тартиби бекор қилинса, инсонлар бемалолроқ ҳаракат қилиш ҳуқуқини қўлга киритишлари, эркинроқ чиққандан кейин, бемалол ўзининг ишини қилиб, давлатига қайтиб келиб, даромад келтириб, бунинг икки томонга ҳам: давлатгаям, инсонларгаям фойдаси бўларди", дейди.

"Конституцияда ёзилган, "Ҳар бир инсон истаган давлатга чиқиш эркинлигига эга", деб. Афсуски, конституциядаги бу модда ҳам, бошқа моддалар ҳам бузилаяпти-да".

Ҳозир Ўзбекистон билан, ҳаттоки, аксарият минтақа давлатлари орасида ҳам қатъий виза тартиби амал қилади.

Henley&Partners ўз тадқиқотларини олиб борган давлатларнинг бутун дунё бўйлаб саралаб олингани айтилади.

Ўз ўрнида, ушбу ташкилотнинг билдиришича, бу йил илк бор халқаро алоқалар ва бир давлатнинг бошқасига бўлган муносабатини ҳам тадқиқ қилишган.