Амал курсисига минган Ўзбек тўралари ғорга қайтмоқдаларми?

Қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ҳокими пахта териш режасини топшира олмаган фермерни дўппослаб ҳақорат қилган.

Ҳодиса жойига фермернинг кекса ота-онаси келиб, туман ҳокимидан нега фермернинг онасини ҳақорат қилгани сабабини тушунтиришни талаб қилганлар.

Ўзбекистонда пахта ёки дон топшириш режасини бажармаган инсонларни амалдорлар ҳақоратлашлари ва ҳатто калтаклашлари ҳақида кўп маротаба хабарлар тарқалган.

Ўзбек амалдорларининг бундай зўравонликлари аллақачон бир неча инсонларнинг умрига зомин бўлган, аммо ҳуқуқ-тартибот органлари бу жиноятлар юзасидан жиноий иш қўзғатмаган.

27 сентябр куни Қашқадарё вилояти ҳоким лавозимидан бўшатилган Туробжон Жўраев бундан олдин Сурхондарё вилоятига раҳбарлик қилган эди.

У Сурхондарё вилоятидан ишдан кетишидан олдин шахсан бир фермерни кўпчилик олдида таҳқирлагани ва шундан кейин фермер ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Президент Ислом Каримовнинг ўзи шу йил бошида Тошкент вилояти ҳокимини алмаштиргунча собиқ ҳокимнинг зўравонлигини танқид қилган эди.

Uzmetronom веб-сайтига кўра, ҳозирги Тошкент вилояти ҳокими Аҳмад Усмонов Андижон вилоятидан кетиши ҳақидаги хабардан суюнган андижонликлар қўй сўйиб беришга ваъда берганлар.

Айни пайтда Швецияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораев бу йилги пахта мавсуми аллақачон бир неча инсон ўлимига сабабчи бўлганига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилган, бу мақолада у ватандошларини бефарқликда айблаган.

Тўлқин Қораевга кўра, Ўзбекистон зўравонликка асосланган мамлакат ва шунинг учун ҳам инсон қадр-қимматига аҳамият бериш деган нарсалар йўқ.

"У ерда мақсад битта - ишни бажар, буйруқни бажар. Буйруқчилик одатда ҳарбийларда бўладиган нарса. Аммо Ўзбекистон шароитида оддий гражданлар тепасига ҳам буйруқ келади. Бундай шароитда нафақат ҳокимлар, оддийгина раҳбарларнинг ҳам ўзининг қўли остидаги одамларни ҳақоратлаши, уриши табиий ҳол. Жуда ҳам ташвишланарли томони шундаки, аксар ҳолларда оддий одамлар ҳам буни табиий деб қабул қилишади. "Раҳбар бўлганидан кейин сўкади-да", деб қўйишади", дейди Тўлқин Қораев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда юқори минбарлардан юксак маънавият, маданият, одоб-ахлоқ ҳақида кўп гапирилади.

Бироқ мамлакат мустақил бўлганидан кейин раҳбар кадрларнинг қанчалар маданиятли, одоб-ахлоқли инсон экани намуна сифатида кўрилмай қолган.

Республикада Шароф Рашидов ёки Ўлмас Умабековдек интеллигент-зиёли инсон фазилатларига эга, юксак маданиятли, одоб-ахлоқли мутахассислар юксак қадрланмай қўйгани кузатилади.

Аксинча, энг юқори даражадаги ва бутун республиканинг энг нуфузли, обрўли инсонлари ва вазирлари қатнашаётган мажлисларда ҳам дўқ-пўписа билан гапириш табиий ҳолга айланганига анча йиллар бўлди.

Раҳбар ўз қўли остидагини қанча ҳақоратлаб-сўкса, кулдон билан бошига урса ёки тепса, шунча ҳурматга сазовор бўлиши керак, деган феодал замонга қайтиш аломатлари устун кўрила бошлади.

Ўзбекистонда "Маънавият ва маърифат" марказлари ташкил этилган, лекин шу пайтгача маънавиятни юксалтириш ҳақидаги маърузачилар маданиятсиз "арбоб"ларнинг ахлоқсизлигини танқид қилишга журъат этмаганлар.

Ҳокимларнинг муштумзўрлиги кўпайгани ҳақидаги хабар тарқалганидан кейин ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат Фейсбукдаги саҳифасида ушбу ҳолатлардан афсусланиб қуйидагиларни ёзди:

"Ҳоким ва ҳокимчаларнинг кичик чиновникларни, гоҳида фермерлар, деҳқон ва чорвадорларни одамлар орасида сўкиши, уриши, йиқитиб олиб, тепкилаши миллатимиз учун ор бўлган, бағоят хунук одатдур. Халойиқ орасида қадру−қиймати тупроққа қориштирилаётган ҳалиги мутенинг бош эгиб, тиржайииб туриши ундан ҳам хунукдир. Эҳтимол, ана шу кичик амалга пора бериб илашгандир, ҳалиги катта итдан тил қисиқлиги бордир, балки топшириқни бажармагандир ва ҳоказо. Лекин нима бўлганда ҳам, қаршилик кўрсатмагани, жавобан катта амалдорнинг гарданига туширмагани ҳезалакликдан бошқа нарса эмас. Шўролар даврида бундай ҳолни тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Атрофимиздаги − Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда ҳам инсонни бу қадар камситиш, хўрлашга йўл қўйилмас экан. Тасаввур этинг: рус кишисини бошлиғи кўпчилик орасида сўкса ёки урса, индамай, бош эгиб туроаладими? Грузин, озарбайжон, ҳабашчи... Ҳатто (кичик ҳарф билан ёзиладиган) неандартални урсангиз ҳам чўқмори билан башарангизни бузиб қўяди. Биз эса катта ҳарф билан ёзиладиган... Наҳотки, тағин ғорларга қайтаётган бўлсак..."

Бу мавзуда батафсилроқ